Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бугун Ўзбекистонда кучли магнит бўрони кузатилади. Мутахассислар қандай тавсиялар бермоқда?

Бугун Ўзбекистонда кучли магнит бўрони кузатилади. Мутахассислар қандай тавсиялар бермоқда?

Бугун кун давомида Ўзбекистонда G3 ва G4 даражага эга 5-6 баллик магнит бўронлари бўлиши прогноз қилинмоқда. Ушбу табиат ҳодисаси алоқа, электр тармоқлари, навигация тизими билан бирга, инсон саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолларда аҳоли вакиллари ўз саломатликларини асраш борасида қандай йўл тутишлари лозимлиги тўғрисида тавсияларини бермоқда.

Қайд этилишича, магнит бўрони кузатилган ҳолларда ундан сурункали хасталикларга чалинган, ўрта ва катта ёшли инсонлар, айниқса, юрак ишемик касаллиги билан оғриган ёки миокард инфаркт, инсультни бошдан ўтказган беморлар кўпроқ азият чекади.

Чунки қуёш чақнашлари туфайли ҳосил бўлган магнит майдони гипертоникларда қон босими ошиши, гипотоникларда эса аксинча, қон босими пасайишига сабаб бўлади.

Бундан ташқари, бош оғриғи, ҳолсизлик, қолаверса, турли аллергик реакциялар кузатилиши эҳтимоли мавжуд.

Шу боис аҳолидан бундай об-ҳаво шароитида сурункали касалликларга чалинганлар, кекса ёшли инсонлар ва ҳомиладор аёллардан қуйидаги тавсияларга амал қилишлари сўралади:

  • Магнит бўрони пайтида жисмоний фаоллик, жумладан зўриқтирувчи ишлар ва машғулотларни чеклаш мақсадга мувофиқ.
  • Аввало, овқатланиш рационига алоҳида эътибор қаратиш ва кўпроқ суюқлик ичиш лозим.
  • Шўр таомлар истеъмолини чеклаш керак. Чунки туз организмда сув миқдорини камайтириб, қон босими ошишига сабаб бўлади.
  • Серсув мева-сабзавотлар, калий ва С витаминига бой маҳсулотлар ҳам саломатлик учун жуда фойдали.
  • Магнит бўрони кузатиладиган кунларда спиртли ичимликлардан бутунлай воз кечиш шарт.
  • Юрак хуружи ва инсультни бошдан кечирганлар маълум муддат машина ҳайдамаганлари маъқул.
  • Бундай шароитда саёҳат қилишни кечиктириб туриш ҳам фойдадан холи бўлмайди.
  • Сурункали касалликларга чалинганлар эса ўзлари билан шифокорлар томонидан буюрилган дори-дармонларни олиб юришлари ҳамда қон босимини тез-тез назорат қилиб туришлари лозим.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг