Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Наманганда иш бермаган «камбағалликни тугатиш» усули Андижонда давом этади

Наманганда иш бермаган «камбағалликни тугатиш» усули Андижонда давом этади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари эълон қилинадиган порталда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тайёрлаган Андижонда «Хитой тажрибаси асосида» иссиқхоналар ташкил қилиш ва уларни камбағал оилаларга текин фойдаланиш учун ижарага беришга доир Ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Унга кўра, Хитой тажрибаси асосида ҳар бир туман (Олтинкўл, Шаҳрихон, Балиқчи ва Булоқбоши туманлари)да 5 гектарда 10 сотихли бўлган иссиқхона хўжаликлари (битта майдонда камида 40 та иссиқхона бўлиши керак) ташкил қилинади.

Ташкил қилинган иссиқхоналар эса камбағал оилаларга текин фойдаланиш учун 2 йил муддатга ижарага берилади.

Иссиқхона қуриб бериш, уруғ, кўчат ва ўғитлар етказиб бериш ҳамда тўлиқ агросервис хизматларини кўрсатиш хизматлари ҳокимлик ва тегишли идоралар томонидан кўрсатилади. Ушбулар учун йўналтириладиган маблағлар эса Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.

Ўз навбатида, камбағал оила, иссиқхона хўжаликларида ўзини ўзи банд қилган ҳолда фаолият олиб боради ҳамда уларда маҳсулотлар етиштириш билан шуғулланади.

Шунингдек, Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан белгиланган туманларда камбағал оилаларни даромад топишга ўргатадиган 6 нафар ходими бўлган «Бошқарув офислари» ташкил этилади.

4 йил муқаддам эса…

Бундан 4 йил муқаддам, аниқроғи 2020 йилнинг 26 июнида Наманган вилоятининг Чортоқ тумани Баланд адир ҳудудида тумандаги камбағал оилалар учун 2 сотихли жами 1000 та иссиқхона лойиҳаси Президент Мирзиёевга тақдимот қилинган эди.

Мазкур иссиқхоналар ҳам вилоят ҳокимлиги ҳамда собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (ҳозирги Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги) ҳамкорлигида «Бир жойда - минг оила иссиқхонаси» шиори остида амалга оширилган.

Умумий қиймати 13 миллиард сўм бўлган ўша лойиҳага Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан 6,7 миллиард сўм субсидия маблағлари ва тижорат банкларининг 6,3 миллард сўмлик имтиёзли кредити йўналтирилган. 

Иссиқхонада ишлаган камбағал оилаларнинг ҳар бирига эса 13,5 млн сўмдан имтиёзли кредит берилган ва бу қарзнинг 50 фоизи давлат томонидан қопланган. 

Бироқ…

Бироқ бир йил ўтар-ўтмас, ижтимоий тармоқларда Баланд адир ҳудудидаги иссиқхоналарнинг хароб ҳолга келиб қолгани акс этган видеотасвир тарқалгач, туман ҳокимлиги ҳолатни қаттиқ эсган шамол билан боғлаган эди.

2023 йилнинг июнига келиб эса Ҳисоб палатасининг «оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурига ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш юзасидан ўтказган назорат тадбирлари»да Чортоқ тумани Баланд адир ҳудудида 2020 йилда ташкил этилган 1 000 та 2 сотихлик иссиқхоналарнинг 95 фоизи яроқсиз ҳолга келиб, улардан фойдаланилмаётгани аниқланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг