Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Коксаки нима, қандай юқади ва ундан ҳимояланиш мумкинми?

Коксаки нима, қандай юқади ва ундан ҳимояланиш мумкинми?

Фото: Sunwaymedical

Сўнгги пайтларда болалар орасида Коксаки вируси билан боғлиқ касалликлар ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда. Санэпидқўмита Ўзбекистонда ушбу вирус билан боғлиқ эпидеомиологик ҳолат барқарор эканлиги ҳақида маълумот берди. Хўш, Коксаки вируси нима, у қандай юқади ва болаларни ундан қандай ҳимоя қилиш мумкин?

Коксаки вируси нима?

Коксаки (Coxsackievirus) — энтеровируслар оиласига мансуб бўлиб, инсонларда турли юқумли касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Айниқса, унинг айрим турлари болалар орасида кенг тарқалган қўл, оёқ ва оғиз касаллиги (HFMD) сабабчиларидан бири ҳисобланади.

Касаллик кўпроқ 5 ёшгача бўлган болаларда учрайди, бироқ катта ёшдаги болалар ва катталар ҳам уни юқтириши мумкин.

Муҳим жиҳати, Коксаки алоҳида касаллик эмас, балки вирус ҳисобланади.

Вирус қуйидаги йўллар орқали тарқалади:

  • Йўталиш ва аксириш пайтида ажраладиган томчилар орқали;
  • Касалланган инсоннинг сўлаги ва бурун ажралмалари орқали;
  • Вирус билан зарарланган ўйинчоқлар, идишлар ва бошқа буюмлар орқали;
  • Тошма пуфакчалар ичидаги суюқлик орқали;
  • Касалланган одамнинг нажаси орқали.

HFMD — қўл, оёқ ва оғиз касаллигининг асосий белгилари

Касаллик одатда иситма, томоқ оғриғи ва ҳолсизлик билан бошланади. Кейинчалик оғиз ичида оғриқли яралар ва пуфакчалар, қўл кафтлари ҳамда оёқ тагида қизил тошмалар пайдо бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, болада иштаҳанинг пасайиши, ютиш ва овқатланишда оғриқ кузатилади. Айрим ҳолларда тошмалар думба, тизза ва тирсакларда ҳам пайдо бўлиши мумкин.

Касаллик кўпинча енгил кечади ва бемор 7-10 кун ичида соғайиб кетади.

Касаллик қандай асоратларга олиб келиши мумкин?

Аксарият беморларда жиддий асоратлар кузатилмайди. Бироқ камдан-кам ҳолларда вирусли менингит, энцефалит ва миокардит — юрак мушагининг яллиғланиши каби жиддий асоратлар юзага келиши мумкин.

Шунингдек, оғиздаги яралар боланинг овқатланиши ва суюқлик ичишини қийинлаштиради. Натижада организмда сувсизланиш хавфи ортади.

Агар бола жуда ҳолсиз бўлса, суюқлик ича олмаса, сийдик ажралиши камайса ёки умумий аҳволи ёмонлашса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур.

Коксаки вирусидан қандай ҳимояланиш мумкин?

Касаллик тарқалишининг олдини олишда шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун қуйидагилар тавсия этилади:

  • Қўлларни совун билан камида 20 сония давомида ювиш;
  • Болаларнинг ўйинчоқлари ва тез-тез тегиладиган юзаларни мунтазам тозалаш ҳамда дезинфекция қилиш;
  • Касалланган инсон билан яқин алоқани чеклаш;
  • Умумий идиш-товоқ ва сочиқлардан фойдаланмаслик;
  • Йўталиш ва аксириш гигиенасига риоя қилиш;
  • Болаларга шахсий гигиена қоидаларини ўргатиш.

Касаллик қандай даволанади?

Қўл, оёқ ва оғиз касаллиги вирусли инфекция бўлгани сабабли уни даволаш асосан симптомларни енгиллаштиришга қаратилган. Бунда иситма ва оғриқни камайтириш, организмни етарли миқдорда суюқлик билан таъминлаш ҳамда сувсизланишнинг олдини олиш муҳим.

Антибиотиклар вирусларга таъсир қилмайди. Шунингдек, болаларга аспирин бериш мумкин эмас.

Ҳозирги вақтда HFMDни келтириб чиқарувчи барча вируслардан ҳимоя қиладиган универсал вакцина мавжуд эмас.

Мутахассислар болаларда иситма, оғиз ичида яралар ва қўл-оёқларда тошмалар кузатилса, ўз вақтида шифокорга мурожаат қилишни тавсия этади. Шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш эса инфекция тарқалишининг олдини олишда муҳим омил ҳисобланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг