Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода отаси 6 ой давомида яшириб келган қизалоқ топилди

Бухорода отаси 6 ой давомида яшириб келган қизалоқ топилди

Фото: МИБ Бухоро вилояти бошқармаси

Ромитан туманида юз берган бу воқеа кўпчиликни ларзага солиши шубҳасиз. Мажбурий ижро бюроси Бухоро вилояти бошқармаси ахборот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ота 2 яшар гўдакни ўз манфаати ва ўжарлиги йўлида ярим йил давомида яшириб келган.

Уйдан қувилган она ва тортиб олинган гўдак

Воқеа жорий йилнинг март ойида бошланган. Оилавий келишмовчиликлар ортидан 3 нафар фарзанднинг онаси турмуш ўртоғи томонидан ота-онасининг уйига ҳайдаб юборилади. Энг ачинарлиси, эр эндигина 2 ёшга тўлган қизалоқни онанинг қўлидан тортиб олиб, бермайди.

Она ўз ҳақ-ҳуқуқини тиклаш учун дастлаб маҳаллага, ҳуқуқий маслаҳат олгандан сўнг эса судга мурожаат қилади. У қизалоғи ҳали гўдаклигини, унга она эътибори ва меҳри зарурлигини билдириб, даъво аризаси киритади. Суд иш ҳужжатларини атрофлича ўрганиб чиқиб, даъвони тўлиқ қаноатлантиради ва болани она тарбиясига олиб бериш тўғрисида қарор чиқаради.

Отага ва унинг «Tracker-2» автомобилига тақиқ қўйилди

Суд ҳужжати МИБ Ромитан туман бўлими иш юритувига келиб тушиши билан давлат ижрочилари дарҳол ижро ҳаракатларига киришади. Қарздор ота ижро ҳужжати билан таништирилиб, суд қарорини ихтиёрий бажариш ҳақида расман огоҳлантирилади. Унга давлат ижрочиси қонуний кучда бўлган суд қарорини тўхтатиш ёки ўзгартириш ваколатига эга эмаслиги тушунтирилади.

Бироқ ота суд қароридан норозилигини рўкач қилиб, ижрони таъминлашдан қасддан бўйин товлаб келади. Узрсиз сабабларга кўра суд талабини бажармаган қарздорга нисбатан МЖТК 198¹-моддаси 2-қисми билан 2 миллион 60 минг сўм (БҲМнинг 5 баробари) жарима қўлланилади. Ота жаримани тўламай, қизалоқни олиб, қариндош-уруғларининг уйларида манзилма-манзил яшириниб юради.

«Вазият жиддий тус олгач, бюро ходимлари томонидан қатъий чоралар кўрилди. Қарздор номидаги «Tracker-2» автомашинасига тақиқ қўйилди. Қарздор ота ва 2 яшар қизалоқ қидирувга берилди. МИБ қидирув ходимларининг тезкор-қидирув ҳаракатлари ўз натижасини берди. Яшириб юрилган манзил аниқланиб, 2 яшар қизалоқ соғ-саломат ҳолда топилди ва ўз онасининг бағрига қайтарилди», — деди Ихтиёр Олимов.

Худди шундай — ўз фарзандини онасидан яшириб юриш ҳолати аввалроқ Бухоро шаҳрилик фуқаро томонидан ҳам содир этилганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг