Нонушта қилиш шарт эмас, 3 маҳал овқатланиш режаси ҳам маркетинг!
Болаликдан онгимизга сингиб кетган, соғлом турмуш тарзининг «олтин қоидаси» деб билинган бир ақида бор: «Эрталаб албатта нонушта қилиш керак, кунига камида 3 маҳал овқатланиш шарт». Аммо бу қоида физиологик заруратми ёки йирик озиқ-овқат корпорациялари томонидан пухта ўйлаб чиқилган миллион долларлик маркетинг стратегиясими?
Сўнгги йилларда нейробиология, эндокринология ва эволюцион биология соҳасида ўтказилган фундаментал тадқиқотлар инсоният ўнлаб йиллар давомида ишониб келган ушбу концепцияга бутунлай бошқача назар билан қарашга мажбур қилмоқда.
Инсон эволюцияси нуқтаи назаридан қараганда, ота-боболаримиз ҳеч қачон соатга қараб кунига уч маҳал низомий равишда тановул қилмаган. Ибтидоий жамиятда овқатланиш биологик ритмга эмас, балки озуқа топилишига боғлиқ бўлган. Инсоният очлик ва тўқлик фазаларини навбатма-навбат бошдан кечириб яшашга мослашган.
Хўш, унда «нонушта, тушлик ва кечки овқат» графиги қаердан келиб қолди?
Биринчидан, бу Саноат инқилобининг маҳсулотидир. XVIII–XIX асрларда Европа ва Америкада фабрика ва заводлар кўпайгич, ишчиларнинг меҳнат куни аниқ соатларга бўлинган. Ишчиларнинг унумдорлигини ушлаб туриш ва фабрика жадвалига мослаштириш учун сунъий равишда «3 маҳаллик» овқатланиш тартиби жорий этилган.
Иккинчидан, ва энг муҳими — бу маркетинг. XX асрнинг бошларида жамоатчилик билан алоқалар (PR) отаси Эдвард Бернейс ва қандолатчилик ҳамда гўшт гигантлари томонидан «нонушта — куннинг энг муҳим таоми» деган афсона яратилган. Келлогг'с каби сули ва донли маҳсулотлар ҳамда бекон ишлаб чиқарувчи корхоналар ўз сотув ҳажмини ошириш учун тиббиёт ходимларининг хатларидан фойдаланиб, аҳоли орасида «ерталаб кўп ва тўйиб овқатланиш фойдали» деган қарашни тарғиб қилган.
2016 йилда япон олими Ёшинори Оҳсуми аутофагия — ҳужайраларнинг ўз-ўзини тозалаш ва қайта тиклаш механизмини кашф этгани учун физиология ва тиббиёт бўйича Нобел мукафотига сазовор бўлди. Олимнинг тадқиқотлари шуни кўрсатдики, инсон овқат емаганида ва ошқозон-ичак тизими маълум вақт (12–16 соат) давомида ором олганида, организм ички резервларни ҳаракатга келтиради. Бу вақтда ҳужайралар зарарланган ва қариган элементларни, токсинлар ва яллиғланиш ўчоқларини парчалаб, уларни қайта ишлайди.
Агар инсон кунига 3–5 маҳал, яъни, ҳар 3-4 соатда овқатланиб турса, ошқозонда ҳазм қилиш жараёни тўхтамайди, қонда инсулин даражаси доимо юқори бўлади ва аутофагия механизми деярли ишга тушмайди. Бу эса вақт ўтиши билан сурункали яллиғланишлар, моддалар алмашинувининг бузилиши ва ортиқча вазнга олиб келади.
Гарвард ва Окфорд университетлари томонидан ўтказилган сўнгги мета-анализлар шуни кўрсатадики, ertalabки нонуштани ўтказиб юбориш соғлом инсон организми учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Ерталаб очлик ҳисси бўлмаса, танани мажбуран овқатлантириш метаболизмни тезлаштирмайди, балки сунъий равишда калория орттирилишига олиб келади.
Бугунги кунда тиббиётда «циркад диета» ёки «вақт билан чекланган овқатланиш» тушунчаси оммалашмоқда. Яъни, неча маҳал овқатланиш эмас, балки сутканинг қайси оралиғида овқатланиш муҳим. Таомларни 8 соатлик вақт оралиғида тановул қилиб, қолган 16 соатни очликда (фақат сув ёки шакарсиз чой мумкин) ўтказиш метаболик эгилувчанликни ва инсулинга сезувчанликни оширади.
Кунига 3 маҳал овқатланиш ёки нонушта қилиш умумбашарий ва ўзгармас биологик қонуният эмас. Бу замонавий жамият ва озиқ-овқат саноати томонидан шакллантирилган ижтимоий ва маркетинг моделидир. Албатта, ўсаётган ёш болалар, ҳомиладор аёллар, оғир жисмоний меҳнат билан шуғулланувчилар ёки муайян сурункали хасталиги бор беморлар учун алоҳида режим талаб этилади. Аммо соғлом катта ёшли инсон учун энг тўғри овқатланиш қоидаси маркетинг шиорларига ёки соатга эмас, балки организмининг ҳақиқий физиологик очлик сигналига қулоқ тутишдир.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter