Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Телефон туфайли бўйинингизга 30 килолик юк тушяпти

Телефон туфайли бўйинингизга 30 килолик юк тушяпти

Бугунги рақамли ҳаётда энг кўп азият чекувчи аъзо — бу бўйин. У жимгина азоб чекиб юради. Компьютер олдида соатлаб ишлаш, телефонга тикилиб ўтириш — булар оддий кундалик одатдек туюлади. Аммо аслида буларнинг бари секин-аста соғлиқни емирувчи жараёндир.

Бўйин — бошни ушлаб турувчи нозик ва жуда муҳим тизим. У 7 та умуртқадан иборат бўлиб, улар орасида дисклар, асаб толалари ва қон томирлари жойлашган. Шунинг учун ҳар қандай босим ёки нотўғри ҳолат унга дарҳол таъсир қилади.

Оғриқнинг асосий сабаблари:

  • Цервикал остеохондроз — умуртқаларнинг секин-аста емирилиши;
  • Миозит — шамоллашдан кейин мушак яллиғланиши;
  • Диск чурраси (грыжа) — асабларни сиқиб, кучли оғриқ келтиради;
  • Стресс ва асабийлик — таранг мушаклар ва “қаттиқ” бўйин.

Олимларнинг таъкидлашича, инсон телефонга қараб 45° эгилганда бўйинга 25–30 кг юк тушади. Бу — деярли бир қоп цементни елкада кўтариб юриш билан баробар!

Ташвишланманг, оддий, лекин кучли таъсир қилувчи даволаш усулларни ҳар куни қилсангиз, тез кунда ўзингизни яхши ҳис қила бошлайсиз:

1. 20 дақиқа ишладингизми? Дарҳол 20 сония бошни орқага ташлаб, елкаларни бўшатинг. Бу кичик танаффус қон айланишни қайта тиклайди.

2. Телефонни кўтар қоидасига амал қилинг. Кўпчилик энг кўп йўл қўядиган хато — телефонга пастга қараб ўтириш. Телефонга кўзларингиз қарама-қаршилигида қарашга одатланинг. Бу оддий ҳаракат оғриқни сезиларли даражада камайтиради.

3. Ёстиқ — яширин душман ёки дўстингиз эканлигини билармидингиз? Яхшиси, бўйин шаклига мос ортопедик ёстиқ танланг. Сиз ухлаб ётганингизда ҳам бўйнингиз дам олади.

4. Кун давомида 3 марта қуйидагиларни бажаринг:

Бошни секин олдинга эгинг, кейин орқага ташланг, чап ва ўнгга буринг. Ҳар бир ҳаракатни 5–6 марта такрорланг. 1 дақиқадаёқ енгилликни сезасиз.

5. Сув — дисклар учун “ёқилғи” эканлигини билармидингиз? Кунига камида 1.5–2 литр сув ичинг, бу умуртқаларингизни “мойлаб” туради.

6. Кечқурун иссиқ душ қабул қилинг. Шунда мушакларингиз бўшашади, қон айланиши яхшиланади, стресс камаяди.

7. Анти-стресс нафас техникасини бажаришга одатланинг:

  • 4 сония нафас олинг;
  • 4 сония ушланг;
  • 6 сония чиқаринг.

3 дақиқада танангиз енгиллашганини сезасиз.

Бўйин — кичик, аммо ҳал қилувчи аъзо. Унга бефарқ бўлиш эртага катта муаммоларга олиб келиши мумкин. Жумладан, бош оғриғи, қўл увишиши, ҳатто ҳаракат чекланиши.

Кунига саломатлигингиз учун атиги 1–2 дақиқа вақт ажратсангиз, оддий кундалик одатларни ўзгартирсангиз бу муаммолардан осонгина қутуласиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг