Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

  2050 йил авлоди: Ўзбекистоннинг эртанги фаровонлиги бугунги сармояларга боғлиқ

  2050 йил авлоди: Ўзбекистоннинг эртанги фаровонлиги бугунги сармояларга боғлиқ

фото: ЮНИСЕФ

Иқтисодчилар орасида «Хекман графиги» деган тушунча бор. Унинг мазмуни оддий: инсон ҳаётининг энг эрта босқичида киритилган 1 доллар сармоя, кейинчалик олий таълим ёки малака оширишга тикилган 100 доллардан кўпроқ фойда келтиради. Болаликка сармоя киритиш оддий ижтимоий харажат эмас, бу дунёдаги энг юқори дивиденд берадиган стратегик лойиҳадир.

Бу назарий қарашлар Тошкентда бўлиб ўтган ЮНИСЕФ, Жаҳон банки ва ривожланиш бўйича асосий ҳамкорларнинг  мулоқотида ўзининг амалий тасдиғини топди. Тадбирда тақдим этилган «Марказий Осиёда 2050 йил авлоди» ҳисоботи Ўзбекистон учун нақадар муҳим демографик палла келганини кўрсатмоқда.

Ҳисоботда таъкидланишича, мамлакатимиз аҳолиси 36 миллиондан ошди, 2050 йилга бориб эса бу рақам 50 миллиондан ўтиши кутилмоқда. Мутахассисларнинг фикрига кўра, Ўзбекистонда туғилган болалар ўзларининг тўлиқ салоҳиятининг атиги 60 фоизини рўёбга чиқариш имкониятига эгалар. Қолган 40 фоизлик бой берилган имконият — бу соғлиқни сақлаш, овқатланиш ва эрта таълим тизимидаги бўшлиқлардир.

Ҳисоб-китобларига кўра, эрта ёшдаги таълимга тикилган ҳар бир доллар келгусида мамлакат иқтисодиётига 13 доллар бўлиб қайтади. Бу дегани, бугун 3 ёшгача бўлган болаларга қаратилган эътибор 2050 йилда Ўзбекистон Ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) қўшимча 6 фоизга ўсишини таъминлайдиган асосий омилдир.

Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасин бугунги болалар мамлакатнинг бўлажак меҳнат ресурслари эканини алоҳида таъкидлади: «Болаларнинг ёшлигидан қандай шароитда вояга етгани кейинги ҳаётидаги имкониятларини белгилайди. Ўзбекистон инсон капиталини ривожлантириш учун зарур бўлган барча шарт-шароитларга эга: ўсиб бораётган аҳоли сони, ҳукуматнинг кучли сиёсий иродаси ва зарур ресурслар, ҳамда халқаро ҳамкорларнинг қўллаб-қувватлови билан мустаҳкамланмоқда. Ушбу соҳадаги келгусидаги ютуқлар соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий ҳимоя ва молия секторларида давлатнинг мувофиқлаштирилиган ёндошувига боғлиқ бўлади. Жаҳон банки гуруҳи бошқа халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ҳукуматни болаларнинг эрта ривожланиши бўйича келажакдаги Миллий стратегияни амалга оширишда қўллаб қувватловга тайёр».

Бундай стратегик кўмак ва инвестицияларнинг самарадорлиги эса, энг аввало, вақт омилига бориб тақалади. Зеро, иқтисодий ресурслар ва сиёсий иродани айнан инсон ҳаётининг қайси босқичида сафарбар этиш керак деган савол энг муҳим нуқта ҳисобланади. ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Кастижио бу борада вазиятнинг нақадар кечиктириб бўлмас эканини алоҳида таъкидлаб, асосий эътиборни тиббий ва биологик заруратга қаратади: «Беш ёшгача бўлган даврда инсон миясининг 90 фоизи шаклланиб бўлишини ҳисобга олсак, кейинги 10-20 йил ичида қабул қилинадиган қарорлар мамлакат фаровонлигини ё тезлаштирувчи, ёки бой берилган имконият сифатида тарихда қоладиган омил бўлади».

Шу билан бирга, тадбир давомида фақат келажакдаги мақсадлар эмас, балки бугунги кунда тўсиқ бўлиб турган жиддий муаммолар ҳам очиқ муҳокама қилинди. ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги консултанти  Кристиан Морабито ўз тақдимотида Ўзбекистонда болалар ривожланиши йўлида зудлик билан ислоҳ қилиниши лозим бўлган тизимли муаммоларга тўхталди:

«Биз келгусида такомиллаштиришимиз лозим бўлган бир нечта стратегик соҳалар мавжуд. Биринчи навбатда, бу — саломатлик ва озиқланиш. Бугунги кунда 5 ёшгача бўлган болалар ўлимининг 57 фоизи айнан перинатал даврга тўғри келаётгани бизни сергак торттириши керак. Шунингдек, оналар саломатлигидаги камчиликлар, хусусан, туғруқлар орасидаги вақтнинг икки йилдан камлиги боланинг илк ривожланишига жиддий хавф туғдирмоқда.

Иккинчи муҳим йўналиш — мактабгача таълим сифати. Биз нафақат қамровни кенгайтиришимиз, балки таълим мазмунига ҳам эътибор қаратишимиз шарт. Ҳозирда малакали педагогларнинг етишмовчилиги ва инклюзив ёндашувларнинг чеклангани энг заиф қатламдаги болаларнинг жамиятдан узилиб қолишига сабаб бўлмоқда.

Энг асосий вазифамиз — болалар ҳимояси ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш. 2024 йилги ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, 2,7 миллиондан ортиқ бола кўп ўлчамли камбағаллик шароитида яшамоқда. Бундан ташқари, 3-4 ёшдаги болаларнинг 60 фоизидан ортиғи оилада психологик зўравонликка дуч келаётгани афсусланарли ҳолдир. Биз ижтимоий иш ходимларининг салоҳиятини оширишимиз ва 3 ёшгача бўлган болалар учун хизматларни мувофиқлаштирилган ҳолда кенгайтиришимиз лозим».

Тадбир якунида Ўзбекистон ҳукумати ва халқаро ҳамкорлар инвестицияларни аниқ натижаларга айлантириш учун бир қатор стратегик вазифаларни белгилаб олдилар. Бунда асосий эътибор соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий ҳимоя тизимларини уч ёшгача бўлган болалар манфаати йўлида мувофиқлаштириш ҳамда оилаларга йўналтирилган кенг қамровли хизматлар пакетига ўтишга қаратилади. Шунингдек, ажратилаётган маблағларнинг инсон капиталида акс этадиган реал даромад келтиришини таъминлаш ва бу жараёнда ҳукумат, халқаро институтлар ҳамда хусусий сектор ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш чоралари кўрилади.

Б.Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг