Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Абдулла Авлоний ҳақида бадиий фильм суратга олинади

Абдулла Авлоний ҳақида бадиий фильм суратга олинади

Буюк жадид алломаси Абдулла Авлоний таваллудининг 140 йиллиги муносабати билан «Авлоний» номли фильм суратга олинади. Бу ҳақда «Xabar.uz»га картина режиссёри ассистенти Отабек Ибрагимов маълум қилди.

Киноасар «Ўзбеккино» буюртмаси билан Тоҳир Маликнинг «Қалдирғоч» романи асосида яратилмоқда. Сценарий муаллифи — Тоҳир Малик ва Муқаддас Усмонова. 

«Авлоний» тўлиқ метражли бадиий фильми Абдулла Авлонийнинг 1919-йилдаги Афғон диёрига қилган дипломатик сафари ҳақида бўлиши айтилмоқда.

«Абдулла Авлоний  — кенг қамровли инсон. У шоир, драматург, мураббий, илк дарсликлар муаллифи, «Мактаб», «Нашриёт» ширкатларининг муассиси, ўзбек театрининг асосчиси, «Турон» театр труппаси тузувчиси, Туркистоннинг Афғонистондаги биринчи мухтор элчиси, дипломат бўлган. Тасвирга олиниши кутилаётган филмда Авлонийнинг фаолиятидаги барча соҳалар қисман бўлсада кўрсатиб берилади»,- дейди Отабек Ибрагимов.

Янги фильм ижодкорларининг асосий мақсади Абдулла Авлоний образи тимсолида ўша даврда яшаб, фаолият юритган, миллат ва юрт учун курашган зиёлиларнинг ҳаёти билан ёш авлодни таништириш, уларда Ватанга муҳаббат, миллатпарварлик, аждодларга нисбатан фахр ва ғурур туйғуларини шакллантиришдан иборат.

Фильмни тасвирга олиш жараёнлари тез кунларда ўз ишини бошлайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг