Арманистон Евроиттифоққа аъзолик учун ариза бериш жараёнини бошлайди
Арманистон яқин вақтда Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун расмий ариза бериш жараёнини бошлайди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Никол Пашинян парламентда ҳукуматнинг 2026–2031 йилларга мўлжалланган дастурини тақдим этиш чоғида маълум қилди.
Пашиняннинг айтишича, ЕИга аъзолик масаласида референдум ўтказиш муҳокамалар муайян босқичга етган ва интеграция бўйича «йўл харитаси»ни тайёрлаш имкони пайдо бўлган тақдирдагина мақсадга мувофиқ бўлади.
«Бу саволларга жавоб бериш учун Арманистон, аввало, Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича расмий мурожаат тақдим этиши керак. Бу катта ҳажмдаги ишни талаб қиладиган жараён ва биз яқин вақтда уни бошлаймиз», – деди Пашинян.
У бу жараённи бошлашда Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги ҳамкор давлатларнинг чақириқлари ҳам инобатга олинишини қайд этди.
Арманистон парламенти 2025 йил 26 март куни мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш жараёнини бошлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилган эди.
Шундан сўнг Ереван ва Брюссель ўртасидаги муносабатлар янада фаоллашди. Томонлар хавфсизлик ва мудофаа, энергетика, транспорт, рақамли технологиялар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилиб келмоқда.
Бироқ Арманистон ҳозирча ЕИга аъзо бўлиш учун расмий ариза бермаган.
ЕОИИ давлатлари референдум ўтказишни таклиф қилган
29 май куни Астанада ўтказилган Евроосиё иқтисодий иттифоқи саммитида Россия, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон раҳбарлари қўшма баёнот қабул қилган.
Унда Арманистон Европа Иттифоқига аъзо бўлиш ёки ЕОИИ таркибида қолиш масаласини умумхалқ референдуми орқали ҳал қилиши зарурлиги ҳақидаги позиция қўллаб-қувватланган.
Россия президенти Владимир Путин ҳам Арманистоннинг ЕИ билан интеграцияси ЕОИИ доирасидаги ҳамкорлик ва мавжуд имтиёзлардан воз кечишни англатиши мумкинлигини айтган.
11 август куни Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин ҳам Арманистон ЕИга қўшилиш ёки ЕОИИда қолиш масаласи бўйича қарор қабул қилиши кераклигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, бу масала декабр ойида ЕОИИ давлат раҳбарлари учрашувида муҳокама қилиниши мумкин.
Пашинян эса аввалроқ референдум фақат Арманистон ЕИга аъзолик учун расмий мурожаат қилиб, интеграциянинг аниқ шартлари ва «йўл харитаси» маълум бўлганидан кейин ўтказилиши мумкинлигини таъкидлаган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter