Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Балиқларни нобуд қилган корхонага 90 млн сўмдан ортиқ компенсация ҳисобланди

Балиқларни нобуд қилган корхонага 90 млн сўмдан ортиқ компенсация ҳисобланди

Ижтимоий тармоқларда Зангиота тумани Аччисой каналида балиқлар нобуд бўлаётгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) томонидан ўрганилди.

Ўрганишлар давомида Зангиота тумани «Иттифоқчи» маҳалласида фаолият юритиб келаётган “Дамачи балиқ” МЧЖга қарашли балиқчилик кўлида сув сатҳи пасайтирилгани сабабли балиқларда кислород етишмаслиги юзага келиб, 200-300 граммли балиқлар нобуд бўлганлиги аниқланди. Нобуд бўлган балиқлар жамият ишчиси томонидан тозаланиб, туман ҳудудидан оқиб ўтган Аччисой каналига оқизиб юборилган.

Жамият фаолияти натижасида ҳосил бўлаётган оқова сувлардан белгиланган тартибда лаборатория таҳлиллари учун намуналар олиниб, атроф-муҳитга таъсирини аниқлаш мақсадида чуқур ўрганилди. Таҳлил натижаларига кўра, бир қатор муҳим кўрсаткичлар бўйича меъёрий талаблардан сезиларли даражада ошиш ҳолатлари қайд этилди.

Хусусан, азот аммоний миқдори белгиланган меъёрдан 1,7 баробар, азот нитрит 1,95 баробар, қуруқ қолдиқ 1,28 баробар ҳамда умумий фосфор 1,8 баробар ортиқ эканлиги аниқланди. Мазкур ҳолатлар оқова сувлар етарли даражада тозаланмасдан ташланаётгани ҳамда сув объектларининг ифлосланиши, экологик мувозанатнинг бузилиши ва биохилма-хилликка салбий таъсир кўрсатганини кўрсатди.

Ҳолат бўйича корхонага 92 млн сўм миқдорида компенсация ҳисобланди, масъулларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳолат қайта такрорланмаслиги бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди. Шунингдек, канал нобуд бўлган балиқлардан тозаланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг