Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Беларусь: 37 ёшли аёл президент Лукашенконинг чорак асрлик бошқарувига чек қўймоқчи. Хўш, қандай қилиб?

Беларусь: 37 ёшли аёл президент Лукашенконинг чорак асрлик бошқарувига чек қўймоқчи. Хўш, қандай қилиб?

37 ёшли Светлана Тихановская турмуш ўртоғи, блогер Сергей Тихановский ҳибсга олингач, президентлик пойгасида қатнашишга қарор қилди.

Фото: РИА Новости

Жорий йил 9 август куни Беларусь Республикасида президентлик сайлови бўлиб ўтади. Айни кунларда давом этаётган сайлов кампанияси мамлакат тарихидаги энг можароли жараён дея баҳоланмоқда.  Беларусни 26 йилдан бери идора этиб келаётган президент Александр Лукашенконинг асосий рақиблари – банкир Виктор Бабарико ва блогер Сергей Тихановский ҳибсга олингач, мамлакат бўйлаб оммавий намойишлар бошланди. Мухолифатнинг яна бир вакили Валерий Цепкало таъқибдан қўрқиб Россияга жуфтакни ростлади. Асосий кучлар ўйиндан чиқарилгач, Лукашенконинг ҳарифлари Светлана Тихановскаяни ягона номзод сифатида кўрсатишга қарор қилишди. 37 ёшли Светлана бунга қадар таржимон сифатида фаолият юритган, катта сиёсатга аралашмаган. Дарвоқе, у «Батька»га (русийзабон ўлкаларда Александр Лукашенко шундай аталишидан хабарингиз бўлса керак) муносиб рақиб бўлиши кутилган, аммо қамоққа ташланган блогер Сергей Тихановскийнинг рафиқаси саналади.

Яқингача камтарин тилмоч бўлган Светлана Тихановская қисқа фурсатда танилиб, минглаб тарафдор тўплашга муваффақ бўлди. Мамлакат бўйлаб минглаб аҳоли уни қўллаб-қувватлаб намойишларга чиқмоқда. Масалан, жорий йил 30 июль куни пойтахт Минскда ташкил этилган митингда 63 минг киши қатнашгани хабар қилинди. Бу «Европанинг сўнгги диктатураси» деб таърифланадиган мамлакатда чорак аср давомида кузатилмаган ҳолатдир.

Мухолифат ташкил этаётган намойишларда минглаб одам қатнашмоқда. Бу замонавий Беларусь учун камёб ҳодиса саналади. Фото: Наша Нiва

Тихановская давлат телеканалларида ташкил этилган номзодлар мунозарасида қатнашишдан бош тортиб, амалдаги президентни халқ шоҳидлигида юзма-юз баҳсга таклиф этди. 

«Lenta.ru» cайти Светлана Тихановская билан суҳбат қурди. «Xabar.uz» муштарийлари эътиборига ушбу интервьюнинг энг муҳим бандлари таржимаси ҳавола этилмоқда.

– Беларусь сайловчилари нега сизга овоз бериши керак? Cиз президент лавозимида Лукашенкодан дурустроқ фаолият олиб бораман деб ҳисоблайсизми?

– Мен жиллақурса лавозимдан (вақтида) кетишим билан Лукашенкодан афзалроқман. (Президентлик курсини) узоқ вақт банд этиб ўтириш ниятим йўқ. Ўтмишдаги Конституцияга (1994 йилги таҳрирдаги) қайтишимиз билан мен юртдошларимга конституциявий ҳуқуқларини қайтараман. Беларусь халқи сўз эркинлиги, танлаш ҳуқуқига эга бўлади, президентнинг лавозимда бўлиш муддати қисқаради. Сирасини айтганда, мамлакатимизда одамлар кўпдан, жуда кўпдан буён интиқиб кутаётган ўзгаришлар рўй беради.

– Сиёсат жабҳасида тажрибангиз йўқ, катта жамоага ҳам эга эмассиз. Беларусь сайловчиси хийла пассив экани маълум. Сукутга ўрганган оммани қандай қилиб амалий ҳаракатларга ундамоқчисиз?

– Cиз Беларусдаги сўнгги эврилишдан бехабарсиз чоғи. Ҳа, биз итоатгўй эдик, лом-мим дея эътироз билдира олмасдик, лекин бу йил барчаси ўзгарди, менга ишонаверинг. Вазиятга шунга олиб келди. Сўнгги вақтда одамлар баайни уйқудан уйғонди. Одамларда ўз-ўзини англаш ва ҳурмат қилиш туйғуси қайта уйғонишига кўплаб омиллар туртки бўлди. Биз бир-бирининг дардига бефарқ бўлмаган халқ эканимизни қайта англадик. Коронавирус пандемияси авжига чиққан кунларда оддий халқ шифокорларга тиббий ниқоб олиб бериш учун пул йиғди. Ҳибсга олишлар бошланганда, биз жарималарни тўлаш бўйича ёрдам таклиф этдик. Боқувчисини йўқотган – отаси ёки эри ҳибсга олинган оилаларга ҳам кўмак берилди. Яъни уларни давлат эмас, инсонлар ҳимоя қилишини ҳис етишди. Одамлар бир-бирига кўмак беришга ошиқа бошлади. Илгари бундай ҳол кузатилмаган эди.

– Хўш, бундай кайфият қаердан пайдо бўлди?

– Биз ўзгаришларга чанқоқ эдик. Ўз халқини ҳимоя қилиш ўрнига беорлик йўлини тутган масъуллар бошқарувида яшашдан чарчагандик. Амалдаги президентимиз одамга ўхшаб, иқтисодиётимиз беқарор, шу важдан COVID-19га қарши туришга кучимиз етмайди деб айтса бўларди. Йўқ, бунинг ўрнига бизга кўзини лўқ қилиб коронавирус йўқ деди: «Сизлар уни кўряпсизларми? Мен кўрмаяпман, демак, у йўқ». Масъуллар тиббий ниқобни «тумшуқбоғ» деб атамоқда. Бир қария (коронавирусдан) вафот этганда, телеэкран орқали марҳумнинг ўзини айблашди: шунча касалликлари бор экан, нега сайрга чиқади...

Экран орқали орсизликларни кўп ва хўб эшитдик. Ўз халқига бундай муносабатни асло қабул қилиб бўлмайди! Ўз халқини яхши кўрадиган президент ҳеч қачон бу йўсинда гапирмайди. Бир оғиз далда беришга ярамади. Бунинг ўрнига «трактор ёрдамида даволаниш»ни тавсия қилди...

Кўчаларда норозилик намойишида иштирок этасизми? Мамлакатда инқилоб рўй бериши мумкинми?

– Инқилоб деганда нимани назарда тутилиши муҳим. Инқилоб нима? Одамлар қўлига қурол олиб, давлат муассасаларини босиб олиши – инқилоб. Мана шу революция. Аммо бизнинг халқимиз тинчликсевар. Боз устига, бизда қурол-яроғ ҳам, қон тўкиш нияти ҳам йўқ. Биз барини тинч ва ҳалол йўл билан амалга оширмоқчимиз. Амалдаги президент томонидан қўшин кучи намойиши этилиши, оммавий чиқишларни тарқатиб юбориш бўйича машқларнинг кўрсатилиши шунчаки одамларни қўрқитишга уриниш, холос.

Такрор бўлса-да, айтаманки, биз қон тўкилишини истамаймиз, бизга «майдон» керак эмас. Биз бирор марта «уруш» ёки «майдон» сўзларини тилга олганимиз йўқ. Бари унинг (Лукашенконинг) хаёли маҳсули.

66 ёшли Александр Лукашенко Беларусни 1994 йилдан буён танаффуссиз идора этиб келмоқда. Фото: Reuters

Ишончим комилки, қўшин ҳам ўз халқига қарши бормайди. Улар (аскарлар) оналар, аёллар, болалар, оталарни ўққа тутмайди. Тинч аҳолига қарши чиқишга мажбурлов уларга ёқади деб ўйлайсизми? Қўшин бир шахсга эмас, мамлакатга хизмат қилиши керак. Бу йил биз бирлашдик, бир муштга дўндик,  кўпчилик эканимизни биламиз. Жойлардаги милиционерлар, «омон»чилар, аскарлар ҳам буни яхши англайди. Агар уларга жиноий буйруқ берилса ҳам, ўз қўрқувларини енгиб (улар қай ақида-низомга таяниши менга қоронғи), унга бўйсунмайди деб ўйлайман. 

– Шундай аҳволда ҳам сайловни бойкот қилмасликни маъқул кўрдингиз. Овоз бериш якунида ғалаба қозонишингизга кўзингиз етадими?

– Йўқ, сайлов барибир сохталаштирилади. Лекин, бахтимизга, биз амалдаги президент тарафдорларидан кўпроқ эканимиз ва натижалар сохталаштирилганини исботлаб берувчи методлар талайгина. Ҳалол, қонуний йўл билан исботлаш мумкин. Бу борада кўплаб лойиҳаларимиз бор.

– Агар Марказий сайлов комиссияси (МСК) Лукашенкони ғолиб деб эълон қилса қандай йўл тутасиз?

– Бюллетенларни қайта текширамиз ва овозимиз кўплигини исботлаймиз. Қонун бузилишлари фото ва видео орқали қайд этилади. Шу тариқа МСК ёлғон гапираётгани, сайлов сохталаштирилганини исботлаймиз...

Қай ҳолатда Лукашенконинг ғалабасини тан оласиз?

– Воқеаларнинг бундай ривожини ўйлаб ҳам кўрганим йўқ. Мамлакатда нималар рўй бераётганини кузатаётган бўлсангиз керак. Президентликка номзод сифатида рейтинг натижаларини эълон қила олмайман. Лекин бари кундек равшан. Намойишларга қанча одам келаётганига боқинг. Одамлар биз кўпчилик эканимизга ишонмоқда. Яна қанчадан-қанча киши маълум сабабларга кўра намойишларга кела олмаётир. Алҳосил, халқ иродасига қарши бориб бўлмайди. 

Амалдаги раҳбариятни куч ишлатмай кетказиш мумкинми? Қўлида улкан маъмурий куч жамланган Лукашенко ҳокимиятни қўшқўллаб тутқазади деб ўйлаяпсизми?

– Бизда ҳокимиятнинг бошқа президентга топширилиши кузатилмади. Шу боис бари қандай кечади – ҳозирча билмайман. Ўйлайманки, одамлар мени ғалаба билан табриклашади, менга Беларусь Республикаси президенти лавозимини бажаришга киришиш учун гувоҳнома берилади. Шундан кейин бари хамирдан қил суғургандек кечади. Тўғри, бизда бундай ҳол кузатилмагани учун тасаввур қилиш қийинроқ. Аммо қачондир ўзгариш рўй бериши керак-ку! У нега энди бу йил рўй бермаслиги керак экан?

– Хавфсизлигингиз масаласида сўрамоқчи эдик... Фарзандларингизни Беларусдан чиқариб юбордингиз. Бу эҳтиёткорлик чорасими? Ёки сизга ҳали ҳам таҳдидлар давом этмоқдами?

– Йўқ, менга бир марта телефон орқали таҳдид бўлди. Эндиликда бу менга таъсир кўрсатишга уриниш бўлганини тушунмоқдаман. Чунки ўшанда бутун сайловолди кампаниясидан воз кечишимга бир бахя қолган эди. Баридан этак силкиб кетишга тайёр эдим, ахир, фарзандлар она учун қанчалик қадрли эканини изоҳлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Шундан кейин фарзандларимни четга чиқариш чораларини кўрдим. Чунки болаларим бу мамлакатда қонунан ҳам, жисмонан ҳам ҳимояланмаганини яхши биламан. Улар хавфсиз жойда бўлиши учун бор имконимни ишга солдим. Агар фарзандларим уйда бўлганида эди, улар осонликча менга таъсир кўрсата олган бўлар эди. 

Беларусь ва Россия муносабатлари қандай бўлиши керак деб ҳисоблайсиз?

– Дўстона, ўзаро манфаатли. Шахсан мен Россия билан интеграцияга қаршиман. Негаки, Беларусь – суверен давлат. Биз мустақил бўлиб қолишни истаймиз, ўзга давлатлар орасида душман эмас, дўстларимиз бўлиши тарафдоримиз.

Биз сизлар (Россия) билан умрбоқий ришталар ила боғланганмиз – сизлар биздан воз кечиб кета олмайсизлар ва биз ҳам сизлардан воз кечиб кета олмаймиз. Лекин биз алоҳида суверен мамлакатимиз. Белоруслар бўлиб қолишни истаймиз!

– Сайлов кампанияси даврида бир томондан – Россиядан, бошқа томондан – АҚШдан нимани кутмоқдасиз?

– Сиз санаган йирик давлатлардан ягона сўровим, улар Беларусь ҳукуматини тинч-аҳолига қарши қурол-яроғ, танк ва қўшинни қўлламасликка чақирсинлар. Биз асло-асло қон тўкишни истамаймиз...

Албатта, бутун бошли қўшин уларнинг изну ихтиёрида, биз эса қуролсиз кишилармиз. Биз тинч ўзгаришларни, хавфсиз мамлакатда яшашни ва ҳокимият алмашувини истаймиз. Ҳокимият алмашуви, президент ўзгариши эса нормал ҳолатдир. Дарвоқе, ҳукуматимиз, ишбошиларимизга Худодан қўрқиш лозимлиги эслатиб қўйилса нур устига нур бўларди...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг