Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

БМТ Эфиопияда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди

БМТ Эфиопияда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди

Фото: «Katehon.com»

БМТнинг энг нуфузли органи бўлган Хавфсизлик Кенгаши Эфиопиядаги қуролли можаро қилаётган томонларни музокаралар столига ўтиришга чақирди. Шу билан бирга, бир нечта давлатлар ўз фуқароларига бу беқарор мамлакатни тарк этишни тавсия қилдилар.

Қабул қилинган баёнотда Хавфсизлик Кенгаши мамлакатдаги жанговар ҳаракатлар ва гуманитар вазиятдан жиддий хавотир билдириб, барча уришаётган томонларни бир-бирига жиддий танқидий сўзларни айтишдан ҳамда зўравонликлардан тийилишга чақирди.

Хавфсизлик Кенгашининг бундай баёнотлари жуда кам учрайди ва бир овоздан қабул қилиниши керак, деб таъкидлайди Reuters агентлиги, Вето ҳуқуқига эга Хитой ва Россия узоқ вақтдан бери Эфиопиядаги можаро давлатнинг ички иши деб ҳисоблаган эди, шунинг учун декларация матни бўйича баҳслар бир неча кун чўзилди.

Эфиопия шимолидаги Тиграй минтақасида можаро кучайган сари AҚШ, Швеция ва Норвегия ўз фуқароларини мамлакатни тарк этишни сўради. Германия ташқи ишлар вазирлиги эса фуқароларини Тиграй, Aмхара ва Aфар вилоятларига ташриф буюришдан тийилиш ҳақида огоҳлантириб, Эфиопияга саёҳат қилмасликни «қатъий» тавсия қилмоқда.

Сўнгги ҳафталарда Эфиопиянинг ушбу минтақаларида жангу жадаллар жуда кучайган. Шу муносабат билан куни кеча Aддис-Aбебадаги парламент мамлакат бўйлаб зудлик билан олти ой муддатга фавқулодда ҳолат жорий этишни маъқуллади.

Мана бир йилдирки, Эфиопия қуролли кучлари бўлғинчи-айирмачи Тиграй ҳудудида расмийлар террорчи ташкилот деб атайдиган Тиграй халқ озодлик фронти кучлари билан шиддатли жанглар олиб бормоқда.

Сўнгги кунларда армия исёнчилар билан жангларда бир қатор мағлубиятлар ва йўқотишларга учради. Қарши томон 3 ноябрь куни Эфиопия пойтахти Aддис-Aбебадан атиги 300 километр узоқликдаги Кемиз шаҳрини эгаллаб олганини ва ундан олдинроқ — пойтахт билан алоқа учун стратегик аҳамиятга эга Комболча ва Дессе шаҳарлари устидан назорат ўрнатгани Ҳукуматни жиддий ташвишга солмоқда.

Бугунги кунга қадар можаро минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди ва икки миллион одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлишди.

Абия Алига осон бўлмаяпти

Аслида нима бўлган эди?

Мамлакат янги конституциясига кўра, Эфиопия федератив республикаси бўлишига қарамай, унда аҳолининг атиги 6 фоизини ташкил этувчи тиграй халқи вакиллари етакчилик қилиб келади. Сўнгги 27 йил давомида Тиграйни озод қилиш халқ фронти ва унинг шериклари мамлакатни коалиция шаклида бошқариб келишган. 2018 йилда оммавий норозиликлар ва зиддиятлардан кейин ўзгаришларни талаб қилган аҳоли айнан ҳукмрон коалиция раиси бўлган Абияни танлади.

Парламент тасдиғи билан 2018 йил апрелда мамлакатга ёш ислоҳотчи Абия Аҳмед Али келгач, мамлакат тараққиёт ва демократия йўлидан дадил одимлай бошлади. Коррупцияга қарши қақшатқич курашилди, эркин сайловлар ўтказила бошлади, оммавий ахборот воситаларига эркинлик берилди.

Қўшни Эритрея билан 20 йил давом этган ва ўн минглаб одамлар қурбон бўлган уруш ҳал қилинди. 1993 йилдан Эфиопиядан ажралиб чиққан Эритрея ўз мустақиллигини эълон қилгач, ҳудудий баҳслар келиб чиққан эди. Мамлакат ичидаги минглаб сиёсий маҳбуслар озод этилди.

Африкада аҳоли сони бўйича иккинчи ўринда бораётган давлат (118 миллион) иқтисодиёти рекорд суръатларда ўса бошлади. «Мен ишонаман тинчлик – ҳаёт шакли, уруш эса ўлим ва вайронкорлик кўриниши», дея таъкидлаган эди тинчлик бўйича Нобель мукофоти билан тақдирланиш чоғида.

Аммо бойларни талон-тарож қилган амалдорлар ва давлат корпорациялари раҳбарлари янги ислоҳотларга қарши чиқди. Абия 2019 йилда ҳукмрон коалицияни тарқатиб юбориб, «Фаровонлик партияси»ни таъсис этди. У федерал минтақалар ва халқлардан иборат эмас, балки мамлакатнинг барча фуқаролар вакиллариин қамраб оладиган чинакам миллий партия тузиш тарафдори эди.

Ҳатто унинг туғилиб ўсган Ормия минтақаси парламенти ҳам ўз элати манфаатларига сотқинлик деб атади. Пандемия сабабли бош вазир парламент ва минтақавий сайловларни ўтказишга қарор қилди. Аммо Тиграй етакчилари бу қарорга қарши бўлди ва ўтказилган маҳаллий сайловларда эса яна Тиграй миллий озодлик фронти ғалаба қозонди. Федерал ҳукумат эса бу маҳаллий сайловларни ноқонуний деб атади ва минтақани молиялаштиришни тўхтатиб қўйди.

Натижада аввали тузум раҳбарлари унга таҳдид солиб, Тиграй минтақасидан ҳужумга ўтишди. 2020 йил ноябрда минтақавий кучлар Ҳукумат ҳарбий базасига ҳужум қилиб, қурол-яроқларни эгаллаб олди. Бош вазир ҳам қонунийликни тиклаш учун исёнчиларга қарши кучларни ташлади. Бош вазир кучга қарши куч билан жавоб беришга қарор қилди. Бир неча кунда масалани ҳал қилишни ўйлаган бош вазирнинг режаси чиппакка чиқиб, мана бир йилдан буён можаролар тинмасдан келмоқда. Аксига олиб Тиграйга қарши Эритреядан қўшинлар федерал ҳукуматни ёқлаб курашга кириши бу ердаги аҳолини норози қилиб юборди.

Ҳозир ҳукумат боши берк кўчага кириб қолган. Айниқса, ҳеч бир томон ён беришни истамаётгани, армия исёнчиларга қарши ҳарбий ҳаво зарбаларини кучайтиргани, ҳар қандай халқаро аралашувни Эфипиоя ҳукумати мамлакат ички ишларига аралашув деб қарор қилаётгани оддий аҳолини жуда қийин аҳволга солиб қўймоқда.

9 та йирик исёнчи гуруҳлар эса ягона кучга бирлашди. Ҳукумат мамлакатдаги 10 та минтақанинг 4 тасини тўлиқ сафарбар бўлишга ва исёнчиларга қарши курашишга чақирди.

Аввал бошдан Абияни қўллаб турган АҚШ ва Европа Иттифоқи эндиликда санкциялар ҳақида очиқ баёнот бермоқда. Шимолда эса аҳоли оммавий очарчилик комига тушмоқда. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар эса ҳар икки томонни ҳарбий жиноятларда айбламоқда. Экспертлар томонидан Африкадаги бу давлатда тез орада фуқаролар уруши авж олиши кутилмоқда.

Мафтуна Аъзамжонова,

халқаро журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг