Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев: «Боғча қиламан деб алдаб кетаётган «тадбиркорлар» ҳам бор»

Шавкат Мирзиёев: «Боғча қиламан деб алдаб кетаётган «тадбиркорлар» ҳам бор»

Фото: «President.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 14 февраль куни мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда жойлардаги мактабгача таълим муассасаларининг аҳволи, соҳадаги ишларни жадаллаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Шунингдек, жорий йилда давлат мактабгача таълим муассасалари қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича манзилли рўйхатни тасдиқлаш, болалар боғчаларининг моддий-техник ҳолатини ўрганиб, мебель, ошхона жиҳозлари, ўйин майдончалари ва спорт инвентарларига бўлган талабни аниқлаш ҳамда яқин 2 йилда мамлакатдаги барча боғчалар жиҳозлаш бўйича ҳужжатлар тайёрланади.

Янги қуриладиган ва реконструкция қилинадиган боғчаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини сифатсиз тайёрлаш, қурилиш ва таъмирлаш ишларини охирига етказмаслик, баъзиларини таъмирламасдан қолдириб кетиш ҳолатлари кўп учраётгани танқид остига олинди.

Масалан, ўтган йили Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 14-боғчада қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилган, муҳандислик тармоқларига тўлиқ уланмаган, жиҳозлар тўлиқ етказиб берилмаган. Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманидаги 3-, Нишон туманидаги 20-, Косон туманидаги 32-боғчада таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилмаган. Бухоро шаҳридаги 3-, Бухоро туманидаги 19-, Ромитан туманидаги 11-, Қоракўл туманидаги 7-боғчаларда пардозлаш ишлари сифатсиз бажарилган, жиҳозларнинг 50 фоизи етказиб берилмаган. Кўплаб лойиҳаларда назарда тутилмагани сабабли боғчалар ҳудудини ободонлаштириш, атрофини ўраш, ташқи коммуникация тармоқларига улаш ишлари бажарилмай қолмоқда.

Бу каби камчиликларни бартараф этиш учун ҳокимликлар, Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига тегишли топшириқлар берилди. Мактабгача таълим муассасаларининг лойиҳа-смета ҳужжатларида ёрдамчи биноларни ҳам таъмирлаш ва жиҳозлашни назарда тутиш, уларни аҳоли учун қулай ва муҳандислик-коммуникация тармоғи мавжуд ҳудудларга жойлаштириш зарурлиги қайд этилди. Намунавий лойиҳаларни қайта кўриб чиқиб, янги қуриладиган боғчалар учун сарфланадиган харажатларни арзонлаштириш вазифаси қўйилди.

— Навбатдаги муҳим масала, — деди Шавкат Мирзиёев, — давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат боғчалар тармоғини кенгайтиришдир. Ҳудудларга бириктирилган тижорат банклари ва тадбиркорлар томонидан 2018 йилда жами 222 минг нафар болага мўлжалланган 3 мингдан зиёд нодавлат болалар боғчасини ташкил этиш режалаштирилган. Шундан 1 минг 200 таси янги қуриладиган бинода, 1 минг 360 таси мавжуд биноларда ва 470 таси уй боғчаси сифатида ташкил этилади.

Жойларда бу борада қатор ишлар бошлангани, лекин Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Навоий вилоятларида суст бораётгани қайд этилди. Айрим раҳбарларнинг узоқни кўра олмаслиги ва давлат сиёсатини тушунмаслиги оқибатида ишлаб турган давлат боғчаларини хусусийлаштириш ва тадбиркорларга бериб юборишга уриниш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса аҳолининг ўринли ва жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда.

Шу боис тадбиркорларга ишламай турган боғчаларни бериш, бинони таъмирлаб ва жиҳозлаб ишлатиш вазифасини қўйиш зарурлиги таъкидланди.

— Хусусий боғча учун яхши жойдан ер, бино ва имтиёзли кредит олиб, қурилган ёки таъмирланган бинодан 1-2 йилдан кейин бошқа мақсадда фойдаланаман, деган «хомхаёл» билан юрган «қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар» ҳам бор, — деди Президент. — Шу сабабли ҳокимликлар хусусий боғчалар учун ер ва бино ажратиш, банклар эса кредит бериш тўғрисидаги ўз қарорларида бундай бинолардан камида 15-20 йил давомида боғча сифатида фойдаланиш зарурлиги тўғрисидаги шартларни назарда тутиши керак.

Давлат-хусусий шериклик асосида хусусий боғчалар ташкил этиш бўйича ҳам қатор вазифалар белгиланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг