Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бу йилги тест синовлари қандай тартибда ўтказилиши маълум бўлди

Бу йилги тест синовлари қандай тартибда ўтказилиши маълум бўлди

Фото: ЎзА

Бугун «Ўзбекистон» телеканалида эфирга узатилувчи «Муносабат» ток-шоусининг бугунги сони олий таълим муассасаларига бўладиган тест синовларига бағишланди.

Кўрсатувда эксперт сифатида қатнашган блогер Хушнудбек Худойбердиев ўз хулосалари билан «Телеграм»даги каналида ўртоқлашди.

«Ҳозиргина тўғридан-тўғри эфирга узатилган «Муносабат» ток-шоуси якунланди. Мавзу тест синовлари ҳақида эди. Унда камина ҳам эксперт сифатида иштирок этди. Кўрсатувдан қуйидагилар англашилди:

— бу йил барча фанга 2.1 баллдан берилиши ҳақидаги гаплар - шунчаки миш-миш, ҳақиқат эмас. Аввалгидек, 1.1, 2.1 ва 3.1 баллдан берилади;

— тест синовларининг 1-куни ишлатилган саволлар кейинги кунларда тушмайди;

— 15 кун давомида SMS хабарлар ва телефон алоқаси ўчирилиб қўйилмайди, балки республика бўйлаб тест ўтувчи 57 та катта павильонларга алоқани узувчи мосламалар ўрнатилиши режалаштирилмоқда экан;

— барча ҳудудлардаги тест саволлари китоби Тошкентга махсус фельдъегерлик хизматлари орқали самолётларда олиб келинади ва Тошкентда текширилади;

— тест жавоблари эртаси куни ДТМ сайтида эълон қилинади, аввалгидек тест ўтказилган бинога жавоб варақалари илинмайди. Чунки эртаси куни у ерда бошқа тестлар ўтаётган бўлади;

— бу йилдан бошлаб бутун республикада тестга шпаргалка, телефон ва ҳ.к. олиб киришга уринган абитуриент ўша заҳоти тестдан четлатилади. Аввалгидек, кечиримли бўлиб, телефонини олиб қолиб, уни номерланган конвертга солиб, абитуриентни ўзини тестга киритиб юбориш бўлмайди. Олиб киришга уринишнинг ўзиёқ акт тузиб, четлатишга сабаб бўлади. 

— тест синовлари кундузги, махсус сиртқи ва кечки (сменали) таълим шакли учун ҳар йили 1 августдан 15 августгача бўлган муддатда, қоида тариқасида, кунига икки сменада ўтказилади. Биринчи смена соат 08:00 да, иккинчи смена соат 15:00 да бошланади;

— тест топшириқларини бажариш учун 30 та тест топшириғига 1 соат, 60 та тест топшириғига 2 соат, 90 та тест топшириғига 3 соат вақт белгиланади. Бунда эътибор бериш керакки, бу вақт жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга берилмоқда. Авваллари саволларни ишлаш учун алоҳида вақт, кейин жавоблар варақасини тўлдириш учун алоҳида вақт бериларди. Ҳозир мана шу 1 соатга белгилаш ҳам кириб кетади, шу сабабли, абитуриентлар буни эътиборга олиб қўйишлари керак;

— айтишларича, тест ўтадиган павильонлардаги камералар 31 июль куни ёқиб қўйилади ва 16 август куни ўчирилади;

— тест синовлари жараёнлари интернет орқали трансляция бўлади ва имкони бўлса республика ҳамда маҳаллий телеканаллар орқали тўғридан-тўғри намойиш этиш ҳам режалаштирилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг