Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ДХА авторақамлар беришнинг содда ва коррупциясиз механизмини таклиф қилди

ДХА авторақамлар беришнинг содда ва коррупциясиз механизмини таклиф қилди

Адлия вазирлиги ҳузуридаги давлат хизматлари агентлиги авторақамлар беришнинг мутлақо соддалаштирилган ва коррупциясиз механизмини таклиф қилмоқда, деб хабар берди «Ҳуқуқий ахборот» канали.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси муҳокамаси – regulation.uz сайтига автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг янги механизмини белгилаб берувчи ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Лойиҳага кўра, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва авторақам бериш хизмати тажриба тариқасида 2019 йил 1 майдан бошлаб, Тошкент шаҳрида Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилади.

Бунда, марказлар орқали қуйидаги тоифадаги автотранспорт воситалари рўйхатдан ўтказилиши режалаштирилмоқда:

– Ўзбекистонда ишлаб чиқилган ва хориждан келтирилган янги автомототранспорт воситалари;

– нотариал олди-сотди шартномаси асосида мулкдори ўзгарган иккиламчи автотранспорт воситалари.

Автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш учун фуқаролардан фақатгина паспорт ва мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳужжати (автосалонлардан бериладиган ҳисоб-маълумотнома, божхона декларацияси ёки олди-сотди шартномаларидан бири) тақдим этилади холос.

Хизмат кўрсатиш вақти – атиги 1 соат.

Лойиҳа аҳолини қийнаётган асосий икки муаммо – бюрократия ва коррупцияни истисно этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Агентликнинг таклифига кўра: эндиликда автотранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказишда автотранспорт воситаларини кўздан кечириш, техник кўрикдан ўтказиш ТАЛАБ ЭТИЛМАЙДИ.

Кўрикдан ўтказмасдан, яъни, автотранспорт воситасининг двигатели, шасси рақамларини кўриб солиштирмасдан туриб автотранспорт мулкдорини белгилашнинг хавфлилик даражаси баланд эмасми деган савол туғилиши табиий.

Жавоб битта – бунда ҳеч қандай риск йўқ. Қандай қилиб..?

Сабаби, Ўзбекистонда ишлаб чиқилган автотранспорт воситаси сотиб олинганда, автосалонлар мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳужжатларини (счёт-справкаларни) шундоқ ҳам автомототранспорт воситаларининг тури, маркаси, модели, рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси, идентификацияловчи шасси (рама), кузов ва двигателлар рақамларини солиштирган ҳолда беради.

Шундай экан, буни яна қайта техник ёки бошқа кўрикдан ўтказишга эҳтиёж мавжуд эмас.

Худди шундай, хориждан келтирилган янги автотранспорт воситалари ҳақидаги маълумотлар (декларация ҳужжатлари) ҳам божхона органлари томонидан электрон тизимга киритиб борилади, уларни тизим орқали текшириш имконияти яратилган.

Шунга кўра, эндиликда Давлат хизматлари марказлари автотранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишда махсус электрон тизим орқали автосалонлар томонидан берилган счёт–справкалар ҳамда божхона органлари томонидан берилган божхона декларацияси маълумотларига асосланган ҳолдаавтотранспорт воситасини кўздан кечирмасдан рўйхатдан ўтказади.

Соддароқ ифодалайдиган бўлсак, фуқаролар автомашинасини рўйхатдан ўтказиш ва авторақам олиш учун Марказларга автотранспорт воситаси билан келиши ҳам шарт эмас.

ИККИЛАМЧИ БОЗОРДАГИ АВТОТРАНСПОРТЛАРЧИ?

Уларни ҳам қайта расмийлаштиришда – техник ёки бошқа тарздаги кўриклардан ўтказиш талаб этилмайди.

Сабаби – эски автотранспортлар нотариуслар томонидан бошқа шахс номига олди-сотди шартномалари асосида ўтказилгунга қадар шундоқ ҳам ички ишлар органлари томонидан агрегатлар рақамлари рўйхатдан ўтказиш рақамларига мувофиқлиги юзасидан кўздан кечирилади.

Нотариус ички ишлар органинининг ушбу маълумотномасига асосланган ҳолда олди-сотди шартномаларини тасдиқлайди.

Шундай экан, олди-сотди қилинган автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтказишда уни яна қайта кўрикдан ўтказишга эҳтиёж мавжуд эмас.

Яъни, Давлат хизматлари марказлари иккиламчи бозордаги автотранспортни –  нотариал шартномани электрон тизимдан текширган ҳолда ҳеч қандай кўрикдан ўтказмасдан амалга оширади.

АВТОРАҚАМЛАР – КОРРУПЦИЯСИЗ!

Эндиликда авторақамлар коррупциянинг олдини олиш мақсадида махсус электрон тизим орқали инсон омилининг аралашувисиз тўлиқ автоматик тарзда танлаш орқали тақдим этилади.

Ҳар бир рўйхатдан ўтказилган рақамлар Марказ биносидаги йирик интерактив экранда очиқ кўринишда акс эттирилади ва реал вақт режимида янгиланиб борилади.

Худди шунингдек, аукцион орқали бериладиган авторақамлар тоифасига кирмайдиган айрим харидоргир рақамларни (жумладан, «кўзгу» шаклидаги, масалан 212, 343, 717  ва ҳоказо) орттирилган ставкада тақдим этиш назарда тутилмоқда.

Эътиборли жиҳати, бунда ҳам коррупцион хавфни ноль даражагача камайтириш мақсадида ушбу тоифадаги рақамлар ҳам қўшимча тўлов эвазига автоматик тарзда электрон тизим орқали танлаш йўли билан амалга оширилади.

Яъни, фуқаро харидоргир рақам учун энг кам ойлик иш ҳақининг 1 баравари миқдоридаги қўшимча тўлов амалга оширса, унга 1Х1 – 9Х9 тоифадаги кўзгусимон рақамлардан (жами 72 та) бири инсон омилининг аралашувисиз электрон тизим орқали танлаб берилади.

Давлат хизматлари агентлиги фуқароларни ушбу лойиҳа муҳокамасига ўз таклиф-мулоҳазалари билан фаол иштирок этишга чорлайди.

Зеро, лойиҳа юзасидан ҳар бир асосли таклиф, хизмат кўрсатиш жараёнини янада соддалаштиришга доир таклифлар – эртанги фаровон давлат хизматларини жорий этиш учун аҳамиятлидир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг