Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида экстрадиция битими кучга кирди

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида экстрадиция битими кучга кирди

Бугун, 7 август куни Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида 2016 йил 17 октябрдаги Экстрадиция тўғрисидаги битим ва 2017 йил 5 декабрдаги Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартнома кучга кирган.

Экстрадиция тўғрисидаги битим жиноятни содир этишда гумонланаётган ёки айбланаётган шахсларни экстрадиция қилиш шартлари, ушбу шахсларни экстрадиция қилиш тўғрисида сўровни ўз ичига олган ҳужжатларга талаблар, экстрадиция тўғрисида расмий сўров юборилгунга қадар вақтинча қамоқда сақлаш шартлари ва муддатларини тартибга солади.

Ушбу ҳужжат жиноятчиликка қарши кураш соҳасида самарали ҳамкорлик қилиш учун ҳуқуқий асос бўлади ва жазонинг муқаррарлиги тамойилини таъминлашга кўмаклашади.

Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартнома бандларига мувофиқ, бир мамлакат ҳудудида яшайдиган фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар иккинчи мамлакат ҳудудида ўзларининг шахсий ва мулк ҳуқуқларига нисбатан ўша мамлакат фуқаролари билан бир хил ҳуқуқий ҳимоядан фойдаланадилар.

Ҳужжат фуқаролик, оилавий ва жиноий ишларда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, ишларнинг судга тегишлилиги масалалари ҳамда ҳужжатлар, далиллар талаб қилиш учун сўров юбориш ва суд жараёнларини ўтказиш, суд қарорларини тан олиш ва ижро этиш тартибини белгилайди.

Шартнома фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида фуқаролик ва оила ишлари бўйича ҳуқуқий ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда жиноятчиликни олдини олиш, тергов ва суд қилиш масалаларида икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари алоқаларини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг