Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Филиппин суди собиқ президентнинг 89 ёшли бевасига қамоқ ҳукмини ўқиди

Филиппин суди собиқ президентнинг 89 ёшли бевасига қамоқ ҳукмини ўқиди

Фото: «Inquirer»

Филиппин суди мамлакатнинг собиқ президенти Фердинанд Маркоснинг беваси — Имельда Маркосни узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилди. У коррупцияда айбланди.

Собиқ диктаторнинг 89 яшар беваси, парламент депутати Имельда Маркосни 1975—1986 йилларда, пойтахт Манила ҳудуди губернатори бўлиб ишлаб юрган чоғида чет элга катта миқдорда пул олиб чиқиб кетганликда айблашди. Маркос хоним Швейцария банкларида очилган фондларга етти марта 200 миллион долларлик ўтказмаларни амалга оширган.

Суд ҳукмига кўра, Имельда Маркос ўзига қўйилган еттита айблов банди бўйича 6 йилдан 11 йилгача қамоқда «ўтириши» керак.

Суд Имельда Маркоснинг дарҳол ҳибсга олинишини талаб қилди. Аммо прокурор судья билан мубоҳасага киришди: депутатни дарҳол қўлга олиб бўлмайди. Адвокатлар ҳам қараб туришмади: улар ишнинг Олий судда қайта кўрилишига ёки Маркос хонимнинг гаров эвазига озод этилишига эришмоқчилар.

Дарвоқе, суд сиртдан ҳукм чиқарди — собиқ «биринчи хоним» ва унинг адвокатлари қатнашган эмас.

Фердинанд Маркос ким эди?

Фото: «YouTube»

Фердинанд Маркос 1965 йили Филиппин президенти бўлишга муяссар бўлди, етти йил давомида «улғайиб», 1972 йилдан диктаторга айланди. Пичоқ суякка етиб боргач, 1986 йили халқ исён кўтарди, ҳарбийларнинг бир қисми ҳам кўпчилик томонига ўтгач, Маркос тузуми ағдариб ташланди. Талотўпда жон сақлаб қолган диктатор тўғри АҚШ га қочди, орадан уч йил ўтиб, Гавайи оролларида вафот этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг