Ғазодаги уруш тугади – Трамп

Трамп Исроил парламенти – Кнессетдаги нутқида Ғазо секторидаги уруш расман якунланганини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, ҲАМАС ҳаракати тинчлик режасида назарда тутилган қуролсизланиш бандини бажаришга розилик билдирган.
«Бу мен учун катта шараф. Бугун буюк ва гўзал кун – янги бошланиш», – дейди Трамп Кнессетдаги нутқида.
У, шунингдек, журналистлар билан суҳбатда ўзининг Ғазо келишувидаги ролига алоҳида урғу берган.
«Ҳамма бахтиёр – яҳудийлар ҳам, мусулмонлар ҳам, араб давлатлари ҳам. Ҳамма кўчада рақсга тушмоқда», – деган у.
Ундан тинчлик узоққа чўзиладими, деб сўрашганда Трамп бунга ишонишини маълум қилган.
Бироқ Трамп келгусида Ғазода хавфсизликни таъминлаш ва бошқарув тизимини қандай йўлга қўйиш ҳақида аниқ баёнот бермади. Унинг 20 банддан иборат тинчлик режасида халқаро назорат кучларини жойлаштириш назарда тутилганди. Аммо бу масала ҳали келишилмаган.
Трампнинг сўзларига кўра, Ғазони бошқариш учун «Тинчлик кенгаши» жуда тез орада ташкил этилади. Бу масала музокараларнинг иккинчи босқичида муҳокама қилинади.
Кенессетдаги нутқидан кейин Трамп Мисрнинг Шарм-эл-Шайх шаҳрига йўл олади. У ерда «Тинчлик саммити» бўлиб ўтади. Саммитда 20 дан ортиқ давлат раҳбарлари иштирок этиб, Ғазо бўйича сиёсий ечимни муҳокама қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter