Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Германия компанияси Ўзбекистонда янги завод очди (фото)

Германия компанияси Ўзбекистонда янги завод очди (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Дунёдаги энг йирик гипс асосидаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиси KNAUF компанияси Ўзбекистондаги ўзининг учинчи заводини ишга туширди.

Янги корхонада немис технологияси ва юқори экологик стандартларга мувофиқ юқори сифатли гипс қурилиш плиталари ва қуруқ гипс аралашмалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Куни кеча, 20 июль куни Фарғона водийсида KNAUFнинг Ўзбекистондаги учинчи заводи тантанали равишда очилди.

Ҳар йили 17 миллион м2 гипс қурилиш плиталари ва 40 минг тонна қуруқ қурилиш аралашмаларини ишлаб чиқаришга қодир корхона ноёб модулли технология асосида 2,5 йил давомида қурилди. Бу бозор эҳтиёжларига жавоб берган ҳолда ишлаб чиқаришни кенгайтиришни осонлаштиради.

Заводда 55 киши иш билан таъминланган. Инвестиция миқдори 18,7 миллион еврони ташкил қилади.

Янги ишлаб чиқариш корхонасининг очилиш маросимида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди. Шунингдек, Фарғонага KNAUF компаниясининг мулкдори Николаус KNAUF, KNAUF гуруҳининг бошқарувчи ҳамкори Уве Кнотсер, Ўзбекистондаги ГФР элчиси Тило Клиннер ташриф буюрди.

«Биз Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётганини, ишлаб чиқарувчилар ва инвесторлар ишини яхшилашга кўмаклашадиган энг муҳим ислоҳотлар изчил амалга оширилаётганини кўрмоқдамиз. Буларнинг барчаси бизга мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланиши ва унинг аҳолиси фаровонлигининг ошишига ишонч беради. Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият юритаётган KNAUF корхоналари қаторига замонавий халқаро стандартлар асосида қурилган юқори даражадаги самарадорлик ва экологик хавфсизликка эга юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қодир учинчи корхона қўшилмоқда. Фарғона водийсида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш вилоят аҳолисини энг яхши шароитларда жаҳон даражасидаги сифатли қурилиш учун харидоргир маҳсулотлар билан таъминлашга имкон беради», дейди KNAUF гуруҳининг бошқарувчи ҳамкори Уве Кнотсер.

KNAUFнинг Ўзбекистондаги корхоналари раҳбари Дмитрий Дерипалконинг маълум қилишича, бу завод очилгунга қадар KNAUF маҳсулотлари Фарғонага Бухородан олиб келинар , бу эса қўшимча логистика харажатларини талаб қилар эди. Янги корхона вилоят иқтисодиётига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши керак: ишлаб чиқариш учун гипс тоши маҳаллий конлардан олинади, унда маҳаллий аҳоли ишлайди, ҳозирда зарур хом ашё ва бутловчи қисмларни етказиб берадиган, транспорт, тозалаш ва бошқа хизматларни кўрсатадиган яна 20 та пудрат ташкилотлари билан шартномалар тузилган.

Фарғона водийсидаги KNAUF корхонаси KNAUF халқаро гуруҳида қабул қилинган энг замонавий стандартларга мувофиқ лойиҳалаштирилган. Бу ишлаб чиқариш циклининг барча босқичларини - ишлаб чиқариш маданияти ва экологик хавфсизликни ўз ичига олади. KNAUF халқаро гуруҳининг барча корхоналари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича миллий меъёрларга ва компаниянинг глобал стандартларига риоя қиладилар. Фарғонадаги заводда сўнгги авлод чанг йиғиш қурилмалари ҳам мавжуд, бу «чангли шлейфлар» пайдо бўлишининг олдини олади.

Ишлаб чиқариш фаолиятидан ташқари KNAUF замонавий қурилиш технологияларини оммалаштириш шунингдек қурувчи, ишчи ва муҳандис касбининг нуфузини оширишга ҳам катта эътибор қаратмоқда.

Ўзбекистонда KNAUFнинг Бухоро ва Тошкентда иккита хусусий ўқув маркази, Тошкент ва Самарқандда KNAUF маслаҳат марказлари фаолият кўрсатмоқда. Компания қурилиш профилидаги еттита ОТМ ва 8 та коллеж билан ҳамкорлик қилади.

KNAUF мамлакатнинг барча ҳудудларида таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишни режалаштирмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг