Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ҳейт»дан оилавий зўравонликкача: агрессия қандай тарқалади?

«Ҳейт»дан оилавий зўравонликкача: агрессия қандай тарқалади?

Кўпчилик атрофда тажовузкорлик кўпайгани, одамлар сабрсиз, жиззаки ва қўпол бўлиб бораётганидан нолийди. Катта эҳтимол билан, сиз ҳам шу фикрдасиз.

Эрталабки тирбандликларда, жамоат транспортида, кўча-кўйда жанжаллашаётган одамларга тез-тез кўзимиз тушади. Ижтимоий тармоқларда ҳам ўқитувчи ўқувчини, эр-хотинни, аёл эрнинг жазманини калтаклаган видеолар одатий ҳолга айланган. Нега ҳаммамиз арзимаган сабабни деб қуюшқондан чиқадиган бўлиб кетдик? Ижтимоий тармоқлардаги «чиройли ҳаёт» кайфиятимизга қандай таъсир кўрсатади? Ўзимиз ва яқинларимизни агрессиядан ҳимоялаш учун нима қилиш керак? Мақолани ўқиш жараёнида бу саволларга жавоб топасиз.

— Бугунги кунда арзимасдек туюлган сабаблар (навбатлар, тирбандлик) туфайли юзага келаётган агрессия — бу алоҳида олинган вазиятга бўлган реакция эмас, балки сурункали эмоционал толиқиш ва тўпланиб борувчи стресс оқибатидир, — дейди психолог Муштарий Абдуллаева. — Психологияда бу ҳолат «Кўчма агрессия» деб аталади. Инсон асосий стресс манбасига (иқтисодий қийинчиликлар, келажакдан хавотир, ишдаги босим) қаршилик кўрсата олмаганида, унинг ичида йиғилган негатив энергия одатда яқин-атрофдаги объектга (йўлдаги бошқа ҳайдовчига ёки навбатдаги одамга) йўналтирилади.

Америка Психология Ассоциацияси (APA) томонидан ўтказилган «Stress in America» йиллик тадқиқотининг сўнгги маълумотларига кўра, катта ёшли аҳолининг 60 фоиздан ортиғи келажакдан ноаниқлик ва доимий хавотир ҳиссини бошидан кечирмоқда. Бунинг оқибатида доимий ажраладиган кортизол гормони миянинг реал хавфни баҳоловчи қисми сустлашиб, ҳиссиётларга жавоб берувчи қисми фаоллашишига сабаб бўлади. Натижада, оддий тирбандлик мия томонидан «ҳаёт учун хавфли жараён» сифатида қабул қилиниб, «кураш ёки қоч» (fight or flight) реакцияси, оддий тил билан айтганда, кутилмаган агрессия оқимини юзага келтиради.

Тармоқдаги «ҳейт»: доимий негатив ёзувчиларнинг психологик портрети қандай?

Жамиятда тажовузкорлик кўпайишининг яна бир сабаби, шубҳасиз, интернет. Сиз яхши кайфиятда, оила даврасида тушлик қилиб ўтирибисиз дейлик. Шу пайт, ижтимоий тармоққа жойлаган суратингизга кимдир негатив изоҳ ёзганини ўқиб қолдингиз. Бу одам ким ва қандай мақсадди изоҳ ёзганидан қатъий назар, кайфиятингиз тушади. Чунки мия реал ва виртуал ҳаёт ўртасидаги фарқни ажрата олмайди.

Муштарий Абдуллаеванинг айтишича, ижтимоий тармоқларда доимий равишда негатив шарҳлар ёзувчи ва бошқаларни ҳақорат қилувчи инсонларнинг маълум бир психологик портрети мавжуд.

Реал ҳаётда ўз мавқеига эга бўлмаган, қарорлари ҳеч кимга таъсир қилмайдиган инсон виртуал оламда кимгадир озор бериш орқали «мен бошқаларнинг эмоционал ҳолатини бошқара оламан» деган сохта куч ҳиссини туяди.

Шунингдек, онлайн агрессорларда кўпинча «виртуал садизм» элементлари кузатилади — улар бошқаларнинг руҳий азоб чекишидан ҳузурланади.

Тармоқдаги мулоқотнинг ўзига хослиги шундаки, биз суҳбатдошимиз юзини, унинг эмоцияларини кўрмаймиз ва бу ўз навбатида унга нисбатан эмпатиянинг сустлашувига олиб келади. Интернетда биз оппонентни ўзимиз қандай хоҳласак, шундай кўрамиз ва тасаввур қиламиз. Анонимлик эса мияга  келганни қайтармай ёзишга ундайди. Охир-оқибат, ижтимоий тармоқлар ҳейт ва ҳақоратга тўла маконга айланди. Тўғри, сўнгги пайтларда негатив изоҳ ёзувчиларни аниқлаб, жавобгарликка тортиш ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. Бу тенденция сақланиб қолса, балки, аста-секин одамларда интернетда ҳам ўзаро ҳурматни сақлаган ҳолда мулоқот қилиш кўникмаси шаклланиб борар.

Катта шаҳар босими ва жамиятда нафратнинг «қонунийлашиши»

Психологларнинг таъкидлашича, катта шаҳарларда яшовчи одамлар қишлоқ жойлардагига қараганда стрессни бошқачароқ бошдан кечиришади. Шаҳарнинг тирбандлиги, аҳоли зичлиги ва одамларнинг ҳаддан ташқари кўплиги асабийлик даражасини оширади. Оддий мисол: ишга шошиб, гавжум йўлдан тез юриб боряпсиз ва беихтиёр кимгадир урилиб кетдингиз. Бу вазиятда кимдир узр сўраб ўтиб кетади, кимдир эса жанжал бошлайди.

Энг хавфли нуқта шу ерда бошланади: одамларни атайлаб туртиш, уларга қўполлик қилиш ёки куч ишлатиш жамиятимиз учун нормал ҳолатми?

Ҳар бир маданиятда тажовузкорликни жиловлаб турадиган тартиб-қоидалар, тақиқлар бўлади. Аммо вақт ўтиши билан бу чегаралар хиралашиб, жамиятда «легитимлашган», яъни қонунийлаштирилган агрессия пайдо бўлади. Яъни, одамда ўзининг агрессив хатти-ҳаракати асосли, деган тасаввур пайдо бўлади. 

— Бугунги кунда биз жуда хавфли тенденцияга гувоҳ бўляпмиз — жамиятда ўзбошимчалик билан самосуд қилиш, яъни қонунни четлаб ўтиб, кимдандир ўч олиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда, — дейди психолог Мушатрий Абдуллаева. — Одамлар ички стресс ва аламни жиловлай олмай, ўзларини ҳам судья, ҳам жазоловчи деб ҳис қила бошлаган. Энг ачинарлиси, бу ҳолатнинг оилалар ичида намоён бўлиши. Ҳеч қандай виждон азобисиз, хотиржамлик билан ўз фарзандини урадиган ва буни «тарбия» деб оқлайдиган оналар, афсуски, ҳалиям кўп. Оилада калтакланиб ўсган бола зўравонликка норма сифатида қарай бошлайди. Оқибатда жамиятда занжирли реакция юзага келади: ҳимоясиз болаларга кўрсатилган тажовуз кўп миқдорда ички нафратни юзага келтиради ва бу нафрат кейинчалик кўчага, атрофдагиларга йўналтирилади. Шу тариқа жамиятдаги умумий шафқатсизлик даражаси ортаверади.

Агрессия юқумлими?

Инсон атрофида зўравонликни кўрганида, унда ҳам нафратга мойиллик ортишини нейробиолог олимлар ҳам исботлашган. Жанубий университет олимлари сичқонлар устида қизиқарли тажриба ўтказган: ўз тўдасидан бўлган сичқонларнинг бир-бирига ҳужум қилаётганини кузатиб турган эркак сичқонларда урушқоқлик ва нафрат бирдан ортиб кетган. Аммо бегона сичқонлар урушганида, бундай ўзгариш кузатилмаган.

Олимларнинг айтишича, миянинг ҳиссиётлар ва зўравонликка жавоб берадиган қисмидаги махсус нейронлар фақат «таниш, яқин шериклар» агрессия кўрсатгандагина фаоллашади. Демак, биз шафқатсизликни бегоналардан кўра, кўпроқ ўзимиз таниган ва билган одамлардан, яъни оиламиз, дўстларимиз ва ҳамкасбларимиздан «юқтириб» оламиз. «Қуш уясида кўрганини қилади», деганда, ота-боболаримиз нақадар ҳақ гапни айтишган.

Ўсмирлар ўртасидаги шафқатсизлик: гап — оилада

Ёш авлоддаги тажовузкорлик тўғридан-тўғри оиладаги эмоционал муҳитнинг кўзгусидир. Болалар катталарнинг гапларига эмас, балки уларнинг хатти-ҳаракатларига қараб ривожланадилар. Ота-онадаги стресс боланинг характерига уч хил йўл билан таъсир қилиши мумкин:

  • «Эмоционал юқиш»: ишдан, моддий муаммолардан чарчаб қайтган ота-она уйда фарзандига совуқ гапиради ёки бақиради. Бола бу заҳарли муҳит ва хавотирни ўзига сингдириб олади.
  • Эътибор етишмаслигини ёмон йўл билан тўлдириш: ота-она ўз муаммолари билан банд бўлиб, болага вақт ажратмаганида, ўсмир «мен ҳам борман, менга қаранг» деган сигнални шафқатсизлик ёки безорилик орқали билдира бошлайди. Чунки бола учун ота-онасидан сўкиш эшитиш умуман эътиборсиз қолишдан кўра афзалроқ.
  • Агрессиянинг нормага айланиши: оиладаги муаммолар уруш-жанжал, ҳақорат ёки калтак билан ҳал қилинса, бола миясида «муаммони фақат куч билан ҳал қилиш мумкин» деган тушунча пайдо бўлади ва, табиийки, у тенгдошлари билан муносабатда ҳам шундай йўл тута бошлайди.

Ижтимоий тармоқлардаги «чиройли ҳаёт» ва реаллик ўртасидаги номутаносиблик

— Инстаграм ёки бошқа ижтимоий тармоқлардаги идеаллаштирилган тасвирлар (чиройли қиёфалар, қиммат машиналар, доимий саёҳатлар) ва инсоннинг оддий, муаммоларга тўла ҳаёти ўртасидаги фарқ — ички нафратни уйғотувчи энг катта яширин триггердир, — дейди Муштарий Абдуллаева.  

Инсон ўз ҳаётини бошқаларнинг «мукаммал» ҳаёти билан солиштирганда, ўзини омадсиздек ҳис қилади. «Нега менда бундай эмас? Нега улар ҳаммасига осон эришяпти?» деган саволлар унга тинчлик бермайди.

Шунингдек, блогерларнинг фаол, саргузашт ва саёҳатларга тўла ҳаётини кузатиш оқибатида одам ўзини муҳим нарсалардан қуруқ қолаётгандек ҳис қилади.

Эришиб бўлмайдиган стандартларга интилиш ва уларга ета олмаслик инсонда умидсизликни келтириб чиқаради. Умидсизлик эса вақт ўтиши билан ғазабга айланади. Бу ғазаб ўша «чиройли ҳаёт» эгаларининг саҳифасига кириб ҳақоратли изоҳлар ёзиш ёки реал ҳаётда яқинларига бақириш, улардан норози бўлиш шаклида юзага чиқади.

Агрессиядан ҳимояланиш қоидалари

Негатив ва ғазаб билан заҳарланган муҳитда руҳий соғломликни сақлаш учун ҳар куни қуйидаги оддий қоидаларга амал қилиш тавсия этилади:

Янгиликларни кузатиш учун аниқ кунлик вақт белгиланг (масалан, кунига 2 марта 20 дақиқадан). Эрталаб уйғонгандан кейинги илк соатда ухлашга бир соат қолганда телефонни қўлга олманг. Бу мияга тинчланиш учун имкон беради.

Ҳафтада камида бир кунни (масалан, якшанба) ижтимоий тармоқларсиз, фақат жонли мулоқот ва табиат қўйнида ўтказинг.

Сизни ғазаблантирадиган пост ёки шарҳни кўрганингизда, жавоб ёзишдан олдин 10 сония давомида чуқур нафас олинг. Шу вақт ичида миянгиз тинчланиб, сизга: «Бу вақт сарфлаб, асабимни бузишимга арзийдими?» деган мантиқли саволни бера олади.

Бирор кимса сизга қўполлик қилса, бу сизнинг эмас, унинг ички оғриғи ва муаммолари маҳсули эканлигини англанг. Ичингизда «Бу воқеа менга тегишли эмас, бу унинг ички инқирози» деган фикрни сақланг.

Тўпланган стресс гормонлари фақат жисмоний ҳаракат орқали парчаланади. Спорт, югуриш, пиёда юриш ёки оддий нафас машқлари танадаги босимдан халос қилади.

Хулоса шуки, бугунги жамиятдаги агрессия — бу касаллик эмас, балки ахборот тезлиги, ижтимоий босим ва сурункали чарчоқнинг акс таъсиридир. Тўғри, биз ташқи муҳитга таъсир кўрсата олмаймиз, бироқ, воқеа-ҳодисаларга бўлган муносабатимизни ўзгартира олишимиз ва ахборот истеъмолини назорат қила олишимизни англашимиз зарур. Энг муҳими — зўравонлик занжирини ўз оиламизда, фарзандларимизга бўлган муносабатда узишимиз шарт. Зеро, дунёни хавфсиз маконга айлантиришнинг ягона йўли — атрофдагиларни айблаш эмас, балки ўз уйимизда тинчлик ва меҳрга тўла муҳитни яратишдир. Бахтли ва аҳил оилада улғайган болагина атрофдагиларга яхшилик ва меҳр улаша олади.

Висола Қаршибоева, журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг