Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Huawei «Green Uzbekistan» лойиҳасини давом эттирмоқда

Huawei «Green Uzbekistan» лойиҳасини давом эттирмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги акселератор лабораторияси 2020 йилда Орол денгизи тубини кўкаламзорлаштириш бўйича краудфандинг (оммавий маблағ тўплаш) тадбирини бошлади. Ушбу тадбир доирасида мамлакатдаги ҳар бир фуқаро, ташкилот ва компания саксовул кўчатларини экишга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.

Ўтган йили Huawei Uzbekistan компанияси Green Uzbekistan ташаббусини илгари сурган ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг (БМТТД) Ўзбекистондаги Green Aral Sea номли лойиҳасига қўшилган эди. Мазкур лойиҳа Орол денгизи тубини кўкаламзорлаштириш орқали иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва Қорақалпоғистон аҳолисининг турмуш тарзини яхшилашга қаратилган.

«Лойиҳа ишга тушгани заҳоти Huawei дарҳол қўллаб-қувватлади ва деярли 20 мингга яқин кўчатни ўтқазишда ёрдам бериб, «Яшил чемпион» унвонини қўлга киритди. Биз лойиҳада фақатгина бир марта иштирок этиш билан чекланиб қолмаймиз, бу йил компаниямиз томонидан экилган кўчатлар сонини 30 мингтага етказмоқчимиз. Келгуси 10 йил ичида Орол денгизининг туби яшил тусга киришига ўз ҳиссамизни қўшишни давом эттирмоқчимиз. Яқинда БМТ Бош ассамблеяси Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш бўйича махсус қарор қабул қилди. Унда Оролбўйи минтақасининг экологик, ижтимоий ва иқтисодий ҳолатини яхшилашга қаратилган қатор чора-тадбирлар ва ташаббуслар белгилаб қўйилди. Ўйлайманки, бизнинг компаниямиз қўшган арзимас ҳисса ҳам минтақанинг барқарор ривожланишини таъминлаш бўйича умумий ишга катта фойда келтириши мумкин», – дея таъкидлади Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги директори Лю Цзясин.

Huawei Uzbekistan жамоаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги вакиллари билан биргаликда Мўйноқдан 85 км узоқликда жойлашган 100 гектарлик алоҳида ер участкасига ташриф буюрди. Бу ерда лойиҳа бўйича тажрибалар амалга оширилмоқда.

«Биз Орол денгизига, аниқроғи қачонлардир денгиз бўлган жойга етиб келдик. Ўша ерда турибгина ўзгаришларнинг бутун кўламини ва экологик фожеа оқибатларини тўлиқ англаб етар экансиз. Aйнан шу туфайли ҳам биз минтақага кўпроқ эътибор қаратишга қарор қилдик. Орол денгизи тубини кўкаламзорлаштириш – биз ўз ҳиссамизни қўшишни истаган йўналишлардан бири холос. Бундан ташқари биз ушбу минтақада рақамли технологияларни жорий этиш бўйича катта лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, Қорақалпоғистоннинг AКТ соҳасидаги салоҳиятини аниқлаш, ёшларнинг IT-технологияларга бўлган қизиқишларини ошириш, ҳамда, алоқа операторлари учун «green» ечимларни тақдим етиш учун бел боғладик», – деди корпоратив алоқалар департаменти раҳбари Даврон Aзизов.

Green Uzbekistan лойиҳаси Huawei компанияси томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ягона лойиҳа эмас. Май ойининг бошида Huawei ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ) 5G технологиялари, ақлли датчиклар ва катта маълумотларга интеллектуал ишлов бериш платформалари асосида маълумотларни бошқариш, мониторинг қилиш ва қайта ишлаш тизимларидан фойдаланган ҳолда «ақлли қишлоқ хўжалиги» лойиҳасини ишга туширди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистондаги табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг