Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Инспекторларни калтаклаган «Captiva» ҳайдовчиси ва унинг қариндошлари озодликдан маҳрум этилди

Инспекторларни калтаклаган «Captiva» ҳайдовчиси ва унинг қариндошлари озодликдан маҳрум этилди

Фото: «Xabar.uz»

Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида 2018 йил 12 октябрь куни «Captiva» ҳайдовчисини тўхтатган инспекторлар сержант Р.Доллиев ва унга ёрдамга келган лейтенант Н.Ҳамидовлар ҳайдовчи ҳамда унинг яқин қариндошлари томонидан калтаклангани ҳақида хабар берилган эди.

Ушбу ишни жорий йил 25 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман суди кўриб чиқди. Бу ҳақда «Дарё» хабар бермоқда.

Суд ҳукмида келтирилишича, 1991 йилда туғилган «Captiva» ҳайдовчиси Мурод Иралиев 2018 йил 12 октябрь куни туманнинг «Ўзбекистон» кўчасида ҳаракатланиб кетаётган вақтида йўл ҳаракати хафсизлиги инспектори сержант Р.Доллиев томонидан тўхтатилган. Ҳайдовчи инспекторнинг хавфсизлик камари тақмаганлиги ва автомашинанинг ён ойналарига қора парда таққанлиги учун маъмурий баённома тузиб, автомобилни жарима майдончасига олиб бориши тўғрисидаги қонуний талабини бажармай, ЙПХ инспекторига қаршилик кўрсатган. Телефон орқали яқин қариндошлари — опаси Шарофат Иралиева, поччаси Ҳусниддин Тўхтаров ва қариндоши Фахриддин Эшназаровларни ёрдамга чақирган.

Вазият ёмонлашавергач, сержант Р.Доллиев ҳам 3-сафарбарлик гуруҳи командири, лейтенант Н.Ҳамидовни ёрдамга чақиради. Аммо «Captiva» ҳайдовчиси Мурод Иралиев ва унинг яқин қариндошлари йўл инспекторларига қаттиқ қаршилик кўрсатиб, уларга тегишли маъмурий баённомаларни олиб қўяди. Кийимларини йиртиб, пагонини ҳам юлиб олади. Ўзларига эса тан жароҳати етказади.

Судья Ф.Қамбарова раислигида ўтган суд мажлисида йўл инспекторларини калтаклаб, хизмат вазифасини ўташга халал берган қариндошлар айбдор деб топилди.

Ҳайдовчи Мурод Иралиев Жиноят кодексининг 219-модданинг (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми, 227-модданинг (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга 4 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилган. Воқеа иштирокчилари Ҳусниддин Тўхтаровга 3 йил, Фахриддин Эшназаровга эса 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Судланувчи Шарофат Иралиевага эса 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси берилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг