Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Истасангиз, ўқишга киритамиз, хоҳласангиз, диплом олиб берамиз»

«Истасангиз, ўқишга киритамиз, хоҳласангиз, диплом олиб берамиз»

Фото: Телеграм / @raisbuva_uz

Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди ўзганинг ишончига кириб, фирибгарлик жиноятини содир этган фуқаро И.Л.нинг устидан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га суд раиси Р.Орзиқулов хабар берди.

Суд ҳужжатларида қайд этилишича, Шароф Рашидов туманида яшовчи судланувчи И.Л. фуқаро О.О.дан қизи З.О.ни Жиззах тиббиёт коллежига ўқишга киритиб қўйиш учун 2,5 млн. сўм олади. Режасига кўра қиз ўз билими билан ўқишга кириб кетиши, белни оғритмай топилган миллионлар эса ёнига қолиши керак эди.

Бироқ у кутган иш рўй бермади. Қиз ўқишга киролмади. Табиийки, келишилган суммани қуртдай санаб берган ота ваъдасини бажара олмаган «даллол»дан пулни қайтаришни талаб қилди. Шу онда И.Л.нинг миясига бошқа найранг келиб қолди: «Қизингизга ўқишга бормасдан диплом олиб берсам, нима дейсиз?».

Фарзандини ўқишга пул бериб киритмоқчи бўлган ота бу таклифга йўқ дермиди?! Жон дейди албатта. Фуқаро О.О. ҳам бу таклифга кўнади ва бунинг учун 1,5 млн. сўм «санайди».

Ўқишга олиб кира олмаган одам тиббиёт коллежининг дипломини олиб бера олмармиди? Афсуски, фуқаро О.О. буни англаб етганида кеч бўлган эди. Шундан сўнг у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилди.

Иш терговдан судга ошди. Маълум бўлишича, фуқаро И.Л. аёл боши билан илгари фирибгарлиги учун 7 марта судланган, аммо тўғри йўлга қайтмаган. Яъни ўтган йиллар мобайнида унга нисбатан қўлланган жазо-ю амнистия актлари кутилган натижани бермаган. Мана, у яна панжара ортида.

Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг 2018 йил 7 июндаги ҳукми билан И.Л.га қилмишига яраша жазо тайинланди.

Кези келганда, фуқароларимизга пулларини фарзандларини лицей ва коллежлар, олий таълим муассасаларига қинғир йўллар билан киритишга эмас, балки уларнинг билим олиши учун сарфлашларини тавсия этиб қоламиз. Зеро, сотиб олинган диплом билан ҳеч ким зўр мутахассис бўлиб қолмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг