Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

IT Park АҚШда ўз ваколатхонасини очди!

IT Park АҚШда ўз ваколатхонасини очди!

2020 йилнинг 18 август куни IT Park хорижий буюртмаларни Ўзбекистон ҳудудига жалб қилиш йўлида навбатдаги қадамини ташлади — АҚШнинг Делавер штатида ўз ваколатхонасини расман рўйхатдан ўтказди.

Ваколатхона IT Park резидентлари хизмати ва маҳсулотларини халқаро бозорларда илгари суриш, стартап лойиҳаларига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, маҳаллий компаниялар ва фрилансерлар томонидан тақдим этиладиган хизматларнинг аутсорсларини кўпайтириш мақсадида очилган.

Нега айнан АҚШ?

Бугунги кунда АҚШ дунёдаги энг йирик IT бозорларидан бири ҳисобланади, CompTIA (Америка компютер технологиялари уюшмаси) берган маълумотга кўра, АҚШнинг ахборот технологиялари бозоридаги ҳажми 2019 йилда 1,7 трлн долларни ташкил этган ва бу бутунжаҳон IT бозорининг 32% демакдир. АҚШ жаҳон аутсорсинг бозорининг 68% ни ташкил этади. Ҳозирги кунда АҚШ бозорига IT хизматларини экспорт қилувчилар, асосан Ҳиндистон, Хитой, Малайзия ва Бразилия.

IT Parkнинг айнан АҚШ ҳудудида биринчи вакиллигини очилиши ҳам мазкур давлатда ривожланаётган давлатлардаги IT ташкилотларини жалб қилиш ҳисобига ўз маҳсулотларини арзонлаштиришга эҳтиёжи бор дунёнинг йирик IT компаниялари жойлашганлигида.

IT Park АҚШ ваколатхонасининг мақсадлари

Вакилликнинг асосий вазифаси миллий маҳсулот ва хизматларимизни АҚШ бозорига олиб чиқиш учун қулай шарт-шароитни яратишдан иборатдир.

Вакиллик АҚШда юртимиз компаниялари хизмат ва маҳсулотлари оммабоплигини ошириш, реклама ишларини олиб бориш, буюртмалар топиш, IT Park резидентлари ва АҚШлик буюртмачилар ўртасидаги шартномалар имзоланишини рағбатлантиришни ўзига вазифа қилиб олган.

Бундан ташқари, вакиллик икки тараф учун кафолат вазифасини ўтайди – буюртмачи учун бажарилган иш сифати, бажарувчи учун эса, тақдим этилган хизматга яраша ҳақ тўланишини таъминлайди. Бунинг учун жаҳон стандартларига мос келувчи суғурта ва кафиллик тизимлари татбиқ этилади.

Шуни таъкидлаш жоизки, бир қатор IT Park резидентлари АҚШ, Европа ва МДҲ давлатлари бозорига аллақачон мослашиб улгуришган. Шу ўринда, 2020 йил биринчи ярим йилликда резидентлар томонидан амалга оширилган экспорт ҳажми 6 млн доллардан ошган.

Ваколатхонанинг яна бир ўзига хос жиҳати, АҚШ IT бозори билан яқиндан таниш бўлган, АҚШ IT сектори ва ишга алоқадор муносабатлар борасида яхши тажрибага эга бўлган, АҚШ ҳудудида истиқомат қилувчи шахс (АҚШ фуқароси ёки ҳамюртларимиз) танлов асосида вакил этиб тайинланади.

IT Park ваколатхонаси фаолияти бир вақтнинг ўзида ҳам ваколатхона иши, хусусан, IT соҳасида фаолият юритаётганлар билан ҳам, АҚШда ҳам вакил, ҳам юртдошларимиз орқали амалга оширилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон афзалликлари

IT хизматларни экспорт қилувчи мамлакатларнинг муваффақиятли тажрибаси шуни кўрсатадики, хорижий бозорларни ўзлаштиришда асосий омиллар ишлаб чиқаришнинг арзонлиги ва мамлакатда етарли соҳа мутахассисларининг мавжудлиги ҳисобланади.

Бу борада Ўзбекистонда етарлича имкониятлар яратилган. Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган чотра-тадбирлар натижаси ўлароқ, Ўзбекистондаги IT компаниялари барча солиқ тўловларидан озод этилган, маҳсулотни четга олиб чиқишда эса, божхона имтиёзлари тақдим этилган. Буларнинг барчаси, маҳсулот таннархи тушиши ва шу орқали уни ташқи бозорда рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Инсон капиталини IT соҳасида ривожлантириш IT Park фаолиятининг устувор йўналиши ҳисобланади, зеро, малакали кадрларсиз мамлакат IT хизматлари экспортини ошириш мумкин эмас.

IT Park томонидан IT авлодини яратиш мақсадида:

  • 100 мингдан зиёд ёшни тайёрлашга мўлжалланган «One million Uzbek coders» дастури амалга оширилмоқда;
  • мамлакатимизнинг барча ҳудудларида IT-марказлар ташкил этилмоқда (2021 йилга келиб, 188 та марказ ташкил этилади). Бугунга қадар IT-марказларда 8 минг киши ўқитилди;
  • олий таълим муассасалари томонидан ҳар йили ахборот технологиялари соҳасида 5 мингдан ортиқ мутахассис тайёрланади.

IT хизматларини экспорт қилиш мутахассислар учун зарур инфратузилма ва иш шароитисиз мумкин эмас. Бунинг учун 24/7 режимида хорижий платформаларни техник қўллаб-қувватлаш учун узлуксиз электр таъминоти, юқори тезликдаги интернет ва зарур жиҳозлар талаб қилинади.

Ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида мамлакатимиз вилоят марказларида IT Park филиаллари очилмоқда (ҳозирги вақтда учта филиал тўлиқ иш бошлаган), мазкур ҳудудий бўлимлар IT мутахассислари учун барча зарур шарт-шароитлар билан жиҳозланган.

Натижа

Мазкур стратегия амалга оширилиши натижасида 2023 йил учун қуйидагилар режалаштирилган:

— 100 млн долларлик IT экспортга эришиш;

— 500 мингдан ортиқ ошириш малакали IT мутахассисларини тайёрлаш;

— IT соҳасида 15 000 дан ортиқ янги иш ўринларини яратиш.

Таъкидланишича, IT Parkнинг АҚШ даги ваколатхонаси хорижий IT буюртмаларни жалб қилиш йўлидаги биринчи қадам бўлади. Келгусида Австралия, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари ва Европа Иттифоқи давлатлари каби мамлакатларда бундай ваколатхоналар очилиши режалаштирилган.

Якунда IT Park бу соҳани ривожлантириш ва рағбатлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида жаҳон бўйлаб ватандошларимиз билан ҳамкорлик қилишга тайёргарлигини маълум қилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг