Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Калий заводидаги йирик можаро: ким айбдор — рус компаниясими, МИБми ёки 3 йилдан бери маош олмаётган оддий ишчилар?

Калий заводидаги йирик можаро: ким айбдор — рус компаниясими, МИБми ёки 3 йилдан бери маош олмаётган оддий ишчилар?

Фото: «Xabar.uz»

...Россия ёки бошқа давлатларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз маошини вақтида олмаган ё умуман ололмагани, қайсидир иш берувчи ҳақсиз-ҳуқуқсиз мигрантларни чув туширгани ҳақидаги гапларни тез-тез эшитиб қоламиз. Шунақа пайтларда «ҳа энди бегона юрт, одамлари бегона бўлса, нима қила олардик, додимизни ким ҳам эшитарди» дея қўл силтаб, тақдирга тан бериб кетганлар кўп. Ойлаб, баъзан йиллаб меҳнат қилиб маошини ололмаганлар ё бошқа иш топиб кетади, ё уйига, оиласининг бағрига қайтгач, кўнгли таскин топиб, унутиб юборади. Аммо ўз юртида меҳнати йўққа чиқса, ҳақини ололмаса, кишига қаттиқ алам қилади. Буни унутиш, кечиб кетиш, қўл силтаб юбориш жуда қийин. Россиянинг «ЗУМК инжиниринг» компаниясига ёлланиб ишлаган беш юздан ортиқ ишчи ҳам ҳозир айни шу ҳолатда.

Деҳқонобод калийли заводи
Фото: «Uz-potash.uz»

Воқеанинг умумий баёни мана бундай: 500 дан зиёд ишчи маълум муддат Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи шахтасида, пудратчи — Россиянинг «ЗУМК инжиниринг» компанияси билан тузилган шартнома асосида меҳнат қилган. Аввалига ҳеч қандай муаммо бўлмаган — ойликлар вақтида берилган, иш берувчи ва ишчилар ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик бўлмаган. Аммо 2013 йилдан ишчиларга иш ҳақи тўлашда узилишлар бошланган ва бу 2016 йилга қадар давом этган. Ташкилотнинг ана шу уч йил мобайнида ишчилар олдидаги қарзи бир неча миллиард сўмдан ошади.


Мавзуга доир: 

«Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи пудратчисининг 500 нафар ишчиси Президентга мурожаат ёзди»


«ЗУМК инжиниринг» бизга тегишли компания эмас»

Ишчиларнинг айтишича, маош берилиши тўхтатилгач, ишчилар бир неча марта иш ташлаган, компания раҳбарларини қистовга олган, аммо бундан бирон иш чиқмаган. Баъзида компания раҳбари, баъзида эса завод раҳбарларининг ваъдалари уларни яна ишга қайтарган, кўнглида умид уйғотган. Аммо охир-оқибат бу ваъдалар ваъдалигича қолаверган.

Иш ҳақини ололмаган ишчилар
Фото: «Xabar.uz»

2016 йилга келиб, шахтада иш бутунлай тўхтайди. Компания раҳбарлари Россияга кетиб қолганини эшитган ишчилар энди пулларини кимдан сўрашни ҳам билмай қолишади. Улар муаммо юзасидан Ўзбекистондаги мутасадди вазирлигу юқори турувчи органлардан тортиб, Олий Мажлис, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи миллий ва халқаро ташкилотларгача мурожаат қилади. «Юқори»дан келган жавобларнинг айримларида рус компанияси тўлов қобилиятига эга эмаслиги айтилган бўлса, баъзиларида «бу борада амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани» таъкидланган. Соҳага масъул «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти эса: «Сиз меҳнат қилган «ЗУМК инжиниринг» компанияси «Ўзкимёсаноат» ёки «Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи» таркибига кирмайди. Бу масалада бизга эмас, рус компаниясига мурожаат қилинг», — дея жавоб беради...

Суд қарори ва «ижроси»

Мазкур масала фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Ғузор туманлараро судида кўрилган ва ишчиларнинг маошини ундириш ҳақида қарор чиқарилган. Аммо бу қарор шундай ижро этилганки, на кулишни, на йиғлашни биласан киши.

2016 йилнинг 12 март куни Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техник жиҳатдан ва молиявий таъминлаш департаменти(ҳозирги МИБ)нинг Деҳқонобод туман бўлими бошлиғи С.Бадриддинов имзоси билан тасдиқланган далолатномада ёзилишича, «ЗУМК инжиниринг» компаниясига тегишли бўлган 12 дона кондиционер, 2 комплект «Артел» музлаткичи, 2 комплект «LG» музлаткичи, 1 дона «Haier» музлаткичи, 4 дона «Atlant» музлаткичи, 1 дона «Nord» газ плитаси, 1 дона «Feretti» печи, 1 дона «LG» телевизори каби мол-мулклар хатлаб олиб кетилган. Ишчиларнинг айтишича, шундан сўнг анча муддат ижрочилардан дарак бўлмаган. Орадан роппа-роса ярим йил ўтиб, 2016 йилнинг 7 сентябрида Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техник жиҳатдан ва молиявий таъминлаш департаменти директори ўринбосари Т.Орзиев имзолаган хатда айтилишича, «Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор мол-мулки сотувидан тушган 531 минг сўм (!) пул маблағи «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 80-моддасига асосан тақсимланган». Буни қарангки, 12 кондиционер, 9 музлаткич, 1 дона газ плитаси, 1 дона печ ва 1 дона телевизор атиги 531 минг сўм(!)га сотилибди! Энг қизиғи, «тақсимланган» бу пуллар қаерга кетгани, кимлар ўртасида тақсимланганидан пулдан умидвор ишчиларнинг хабари йўқ...

Ким айбдор?

Савол туғилади: нима учун ишчилар уч йил давомида маош бермаган ташкилотда ишлашда давом этган? Беш-олти ой, борингки, бир йил ишласин, аммо қандай қилиб ойлик бермаётган жойда уч йил ишлаш мумкин?

Гап шундаки, ишчиларга ҳамиша ваъда қуюқ қилинган, ҳеч ким уларни алдаб кетмаслиги, пуллар албатта берилишига ишонтирилган. Орада маошдан бутунлай умид узиб, ишни ташлаб кетганлар ҳам кўп, аммо охиригача ишлаган одамлар «худо инсоф бериб, бир куни ойлигимизни бериб қолишар, бу ердан бўшасам, барибир бекор юраман-ку» деган фикр билан меҳнат қилишда давом этганлар.

Сергей Вечурин «Зумк инжиниринг» компанияси участка бошлиғи
Фото: «Xabar.uz»

Ушбу масалада «ЗУМК инжиниринг» вакиллари ила боғланганимизда улар завод билан ўрталарида аллақандай келишмовчилик борлиги (айнан қандай муаммо эканини айтишни исташмади), ана шу муаммо ҳал бўлгач, маошлар тўлиқ берилишини айтишди. Аммо Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи бу иддаони бутунлай рад этмоқда.

— Ўзбекистон Президентининг 2011 йил 17 ноябрдаги ПҚ-1642-қарорига асосан, корхонанинг тоғ-кон муажмуаси қурилиши бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш «ЗУМК инжиниринг»га берилган, — дейди завод директори Ҳамидулло Шерматов. — Қарор ижроси доирасида 2011 йилнинг 26 июнида Россия компанияси билан умумий қиймати 122,3 миллион долларлик шартнома имзоланган. Бугунги кунга қадар ушбу шартноманинг деярли 80 фоизи бажарилган. Бажарилган иш учун эса 96 миллион доллардан кўпроқ пул уларнинг ҳисобига ўтказиб берилган. Бугунги кунда заводнинг пудратчи олдида ҳеч қандай қарзи йўқ. Аксинча, улар шартнома бўйича лойиҳани якунига етказиб қўйишлари зарур.

Муаммонинг ечими борми?

Бу муаммо аслида ҳал қилиб бўлмас даражада чигал эмас. Негаки, «ЗУМК инжиниринг» ҳали Ўзбекистонда ва айни пайтда Самарқандда йирик лойиҳа бўйича ишламоқда. Суд қарори ижросини қатъий назоратга олиб, уларнинг мол-мулки ёки ҳисоб рақами орқали ишчиларнинг маоши олиб берилиши мумкин. Маълум бўлишича, рус компанияси бугунги кунда лойиҳани охирига етказиб қўйиш мақсадида заводга қайтган ва лойиҳа ичида бўлган, қурилиши маълум муддат тўхтаб қолган, дунёда ягона бўлиши тахмин қилинаётган осма канатли йўл қурилиши қайта бошланган. Бажариладиган иш учун компаниянинг ҳисобига ўтказиладиган пул — 24 миллион доллардан ишчиларнинг маоши тўланишидан умид қилиш мумкин.

Ҳамидулла Шерматов, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи директори
Фото: «Xabar.uz»

Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи раҳбари Ҳамидулло Шерматов муаммонинг яна бир ечимини таклиф этди.

— Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи — йилига 2,1 миллион тонна силвинит рудасини қайта ишлаш ва 600 минг тонна калий ўғити ишлаб чиқариш қувватига эга республикадаги ягона корхона. Завод ўтган йилнинг ўзида хорижга 245 минг тонна калий ўғитини 30 миллион долларга экспорт қилди ва бугунги кунда соф даромад олишга ўтди.

Завод раҳбарлари ва ишчилар ўртасида низо туғилган пайтда мен орага тушиб, ишчиларни тинчлантириш учун ҳам «маошни мендан оласизлар» дея ваъда берганим рост. Мен раҳбар сифатида бу муаммони жойида ҳал этмасам, иш жуда чигаллашиб кетиши турган гап эди. Аммо ўша ваъдамда ҳамон собитман: завод пудратчининг ишчилар олдидаги қарзини тўлаб беришга тайёр. Аммо бунинг учун юридик томондан ваколатга эга эмасмиз — шартнома бўйича маошни биз эмас, рус компанияси тўлаши лозим. Мабодо бизга шундай ҳуқуқ ва ваколат берилгудек бўлса, ишчилар маошини тўлашга бемалол қурбимиз етади, — деди Ҳамидулло Шерматов.

Хулоса ўрнида

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад оддий халқнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, орзу-истакларини рўёбга чиқариш, муаммоларини ҳал этиш бўлган бир паллада бу каби масалалар ҳамон ўз ечимини топмаётгани кишини ранжитади. Ташкилотлар ўртасидаги келишмовчиликдан (агар у ҳақиқатан ҳам бор бўлса!) оддий одамлар жабр кўрмаслиги керак. Айниқса, рўзғор тебратаман деб бир неча километр чуқурликда оғир меҳнат қилган юртдошларимизнинг ҳақи берилмай қолиши мумкин эмас. Бугунги ўзгаришлар уларнинг кўнглида катта умидлар уйғотган. Агар бу каби долзарб муаммолар ечим топмаса, ҳар қандай ҳаракат ҳам уларни давлат раҳбари айтган порлоқ келажакка ишонтира олмайди. Адолат қарор топиб, ҳалол меҳнатининг роҳатини кўрсагина, уларда давлатга, эртанги кунга ишонч пайдо бўлади.

Аҳмад Юсупов,
«Xabar.uz» мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг