Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилади
Давлатимиз раҳбари маҳалла раиси ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, тозаликни таъминлаш ва даромадни кўпайтиришга хизмат қиладиган лойиҳаларда ташаббускор бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Бундай лойиҳалар учун «маҳалла еттилиги»га 10 миллион сўмдан грант ажратилади. Агар 8 минг 992 та маҳалланинг ҳар бирида биттадан шундай лойиҳа амалга оширилса, ҳудудлардаги муҳит сезиларли ўзгаради.
Ушбу мақсадлар учун жами 240 миллиард сўм ресурс шакллантирилади.
Маҳалла раиси ўз ҳудудининг ҳақиқий бошқарувчиси бўлиши шарт. Бунинг учун у ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим, профилактика инспектори, солиқчи ва маҳалла банкирининг ҳафталик ҳамда ойлик иш режасини тасдиқлаб беради. Раис «еттилик» аъзоларига аниқ вазифа қўйиб, улардан сўров қилиб боради.
Шунингдек,«еттилик» фаолиятини методик қўллаб-қувватлаш ва ҳудуддаги муаммоларга илмий ёндашиш учун Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилади. У «еттилик» ни ўқитади, маҳаллалардаги долзарб масалаларга илмий ечимлар ишлаб чиқади.
Маҳаллалар буджетини мустаҳкамлаш бўйича ҳам янги ташаббуслар илгари сурилди. Жорий йил маҳаллалар буджетига 600 миллиард сўм маблағ қолиши режа қилинган эди.
Июнь ойидаги Президент фармони билан маҳаллада қоладиган ер ва мол-мулк солиғининг улуши 10 фоиздан 15 фоизга оширилди. Санитария қоидаларини бузганлик ва ноқонуний қурилиш учун жарималарнинг 10 фоизи маҳаллага тушадиган бўлди.
Шунингдек, 5 минг квадрат метргача бўш биноларни маҳалланинг ўзи сотувга чиқаришига рухсат берилди. Бунинг ҳисобидан маҳаллалар буджетига яна 405 миллиард сўм тушади.
Энди маҳалладаги нотурар объектлардан тушган ер ва мулк солиғининг 5 фоизи ҳам маҳалланинг ўзига берилади. Бу орқали маҳаллалар ихтиёрида йилига яна 400 миллиард сўм маблағ қолади.
Йил давомида энг кўп тадбиркорларни рўйхатга олган, энг кўп янги иш ўрни яратган, тушум даражаси энг юқори бўлган ва энг кўп қўшимча солиқ базаси топган 200 та маҳаллага 2 миллиард сўмдан мукофот берилади.
Умуман, янги ташаббуслар ҳисобига маҳаллалар буджетига тушум бу йил 1 триллион 600 миллиард сўмга, келаси йилдан эса 2 триллион сўмга етади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter