Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Руслан Давлетов келтирган маълумотлар эски экани қайд этилди

Руслан Давлетов келтирган маълумотлар эски экани қайд этилди

Фото: Xabar.uz

Бугун 15 март куни АОКАда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Ш.Ахматов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, оммавий ахборот воситаларида АКТ вазирлигининг айрим кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлар бошқача талқинда тарқатилгани сабаб ушбу маълумотларга аниқлик киритилди.

Тарқатилган маълумотлар Адлия вазири Руслан Давлетовнинг Ўзбекистон Республикаси Сенати ялпи мажлисида сўзлаган нутқидан олинган.

Жумладан, адлия вазири ўз нутқида 1 Гигабайт мобил интернет (Ҳиндистонда 950 сўм, Исроилда 1,2 минг сўм, Қирғизистонда 2,2 минг сўм, Италияда 4,5 минг сўм, Украинада 4,9 минг сўм, Қозоғистонда 5 минг сўм) Ўзбекистонда эса 16 минг сўмни ташкил этишини келтириб ўтганди.

Ушбу маълумотлар https://www.cable.co.uk/ ресурсидан олинган.

АКТ вазирлигига кўра, мазкур маълумотлар 2020 йилнинг феврал ойида шакллантирилган бўлиб (аниқроғи 2020 йил 24 феврал), ҳозирги кундаги кўрсаткичларга мос келмайди. Шу билан бирга, мазкур ресурс томонидан Ўзбекистондаги операторларнинг айнан қайси тариф режа ёки пакетлари ҳақида маълумот олинганлиги кўрсатилмаган.

Маълум қилинишича, https://www.cable.co.uk/ ресурсининг маълумотлари қуйидаги методология асосида шакллантирилади:

Ҳар бир давлатдаги барча алоқа операторларининг маълум хизмати учун нархлари, ушбу ҳолатда 1 Гигабайт мобил интернет трафик нархлари ҳақида маълумотлар олиниб, уларнинг ўртача қиймати (медиана) белгиланади ва рейтингга киритилади. Таҳлил учун асосан Интернет хизматидан фойдаланиш учун мўлжалланган тариф режалар ва хизматлар ҳақида маълумотлар олинади.

Ҳозирги кунда республикамиз ҳудудида GSM стандарти асосида 6 та мобил алоқа оператори аҳолига телекоммуникация хизматларини кўрсатиб келмоқда.

АКТ вазирининг матбуот котиби Ш.Ахматов 2021 йилнинг март ойи ҳолати бўйича Ўзбекистон Республикасида фаолият юритувчи мобил алоқа операторларининг 1 Гигабайт интернет трафик учун энг қиммат, энг арзон ва ўртача нархларига тўхталиб ўтди.

Унга кўра, бугунги кун ҳолатига республикамиз аҳолисининг ойлик ўртача интернет сарфи 4-5 Гигабайтга ташкил этади. Айнан шу асосда амалдаги мобил интернет пакетлари нархларини таҳлил қилинганда 1 Гигабайт ҳажмдаги мобил интернет хизматининг ўртача нархи 6-7 минг сўмни ташкил этмоқда.

Таъкидланишича, мобил интернет хизматлари нархларини яънада арзонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Қолаверса, 2019-2021 йилларда оператор ва провайдерларга интернет хизматлари учун тариф мавжуд техник қувватларни кескин ошириш ҳисобига оператор ва провайдерларга халқаро пакетли коммутация маркази (ХПКМ) орқали тақдим этиладиган 1 Мегабит/с тезликдаги канал нархи 2 баробарга арзонлаштирилди ва хозирги кунда ушбу хизмат нархи 40 000 сўм деб белгиланган.

Шу билан бир қаторда, «Ўзбектелеком» АК томонидан 2019-2021 йилларда:

  • мобил алоқа абонентлари учун интернет пакетлари (1 Мегабайт учун) нархлари 5 баробаргача арзонлашди ҳамда киритилган интернет трафиги ҳажми ўртача 3-5 мартагача оширилди, бир қатор тариф режаларида тақдим этиладиган интернет трафик миқдори 30 фоизгача орттирилди;
  • симли интернет хизматлари бўйича жисмоний шахсларга кўрсатиладиган интернетга кенг полосали уланиш хизматлари тарифлари нархи ўртача 4,6 баробарга пасайтирилди ва уланиш тезлиги 6-7 баробарга оширилди. Юридик шахслар учун эса интернет хизматлари нархи 3 баробардан кўпроққа пасайтирилди, интернетга уланиш тезлиги эса 4 мартагача оширилди, барча абонентлар учун Uz-IX/Tas-IX тармоқ ресурслари орқали фойдаланилган трафик учун тўлов олинмайди, ушбу тармоқлардан юқори тезликларда фойдаланиш имконияти тақдим этилди (мисол учун: ташқи интернет тезлиги 4 Мегабит/с бўлган тариф режаларда Uz-IX/Tas-IX ресурсларидан 100 Мегабит/с тезликда фойдаланиш имкони тақдим этилган).
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг