Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мол сўйиш, калла-поча тозалашдан юқадиган хавфли касаллик

Мол сўйиш, калла-поча тозалашдан юқадиган хавфли касаллик

Фото: «Dibi.ru»

Дунёнинг кўпгина давлатларида, жумладан, Марказий Осиё давлатлари қатори Ўзбекистонимизда ҳам ҳар йили ёз-куз ойларида куйдирги касаллиги қайд этилиб туради.

Куйдирги ҳайвонлардан одамларга юқадиган, асосан ўзига хос яра (карбункул), камдан-кам ҳолларда эса ўпка ва ичак шаклларида намоён бўладиган ҳайвонлар ва одамларда учрайдиган ўта хавфли юқумли касалликдир. Ушбу касалликнинг тери, ўпка ва ичак шакллари учрайди, оғир ҳолларда септик турига ҳам айланиши мумкин. Энг кўп учрайдиган тери шакли  ўз вақтида даволаш чоралари кўрилса, тузалиб кетади.

Касалликни «куйдирги таёқчалари» деб номланадиган бактериялар келтириб чиқаради. Куйдирги касаллиги ҳайвонлардан ҳайвонларга, ҳайвонлардан одамларга юқади, бироқ касаллик одамдан одамга ва одамдан ҳайвонларга юқиши аниқланмаган.

Куйдирги касаллиги одамларга шу касалликка чалинган ҳайвонларни сўйиш, терисини шилиш, гўштини майдалаш, ошқозон-ичаклари ва калла-почасини тозалашда, шунингдек, касалланган ҳайвонларни парваришлаш жараёнларида, етарли термик ишлов берилмаган гўшт маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида юқади. Чорвачилик билан шуғулланувчилар, гўшт маҳсулотларини қайта ишловчилар ва овчилар кўпроқ касалланадилар.

Касалликнинг яширин даври бир неча соатдан 14 кунгача, ўртача 2-3 кун давом этади.

Касаллик белгилари:

Терига тушган куйдирги таёқчаси дастлаб терида қичишиш ва қизил доғ ҳосил қилади. Доғ тугунчага айланиб, бир неча соат ичида пуфакча ҳосил бўлади. Доимий қичишиш оқибатида пуфакча ёрилиб, ичидан суюқлик ажралади (сачраган суюқлик янги пуфакчаларни ҳосил қилади). Ёрилган пуфакча ўрнида қора рангли ўзидан зардобли суюқлик ажратиб турувчи, атрофи шишиб кўтарилган яра ҳосил бўлади. Шу вақтга келиб, ярага яқин жойлашган лимфа тугунлари ҳам катталашади. Унинг энг характерли белгиси яралар оғриқсиз бўлади. Яра ҳосил бўлиши билан тана ҳарорати кўтарилади. Беморнинг эти увушади, боши айланади, кўнгли айнийди, ҳолсизланади. Ўпка шаклида қон қусади, ичак шаклида эса ич кетиши қон билан кузатилиб, бу ҳолат 5 — 7 кун давом этади.

Юқоридаги белгилар кузатилганда тезда шифокорга мурожаат қилиш лозим!

Куйдирги касаллигининг олдини олишда қуйидаги чора-тадбирларга амал қилиш керак:

— қишлоқ хўжалик ҳайвонларини даврий ветеринария кўригидан ўтказиб туриш;

— молхоналарда ветеринария-санитария қоидаларига қаттиқ риоя этиш;

— ҳайвонларни ветеринария назоратисиз сўймаслик ва гўштини аҳолига тарқатмаслик;

— куйдирги билан касалланган ҳайвон гўштини дезинфекция қилиш ва зарарсизлантириш;

— касал ҳайвонлар ётган жойларни 2 фоиз формалин, 20 фоиз хлорли оҳак эритмаси ва бошқа воситалар билан дезинфекция қилиш, ўлганларни эса 2-2,5 метр чуқур қилиб, устига 10 см қалинликда оҳак солиб кўмиш ёки ёқиб юбориш;

— куйдирги ярасига ишлатилган воситаларни дезинфекция қилиш, ўрин-кўрпаларни дезкамерадан ўтказиш;

— чорвачилик, гўшт комбинати, тери ва қоракўл заводи ишчилари, ветеринарлар, лаборатория ходимларини куйдирги касаллигига қарши эмлатиш;

— гўшт сут маҳсулотлари билан ишлашда эътиборли бўлиш, пичоқлар ва тахтайчаларни алоҳида бўлишига қатъий риоя этиш талаб этилади.

Куйдирги хасталигини олдини олишда санитария-профилактика ишларини кучайтириш муҳим вазифадир. Яъни қишлоқлар, мактаблар, чорвачилик корхоналари, овқатланиш шохобчалари, сув ҳавзаларида касаллик келиб чиқишининг олдини олиш чора-тадбирларини, шахсий ва умумий гигиена қоидаларига амал қилишнинг аҳамиятини аҳолига тушунтириш ўта муҳимдир.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон билан чегарадош қўшни давлатларда ҳам куйдирги бўйича вазият яхши эмас. Аммо чегара ҳудудларимизнинг эпизоотик-эпидемик хавфсизлигини таъминлашда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва унинг жойлардаги мутасадди ташкилотлари мутахассислари қатъий чора-тадбирларини амалга оширишмоқда.

Азизбек Нишонов,

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими мутахассиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг