Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Навоий вилоятида IT Парк филиали очилди

Навоий вилоятида IT Парк филиали очилди

Фото: «Mitc.uz»

Бугун 17 май куни Навоий вилоятида IT Парк филиали очилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирексияси» МЧЖ директори Ф.Ибрагимов ҳамда Навоий вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Т.Aтамуродов иштирок этди.

Шунингдек, мазкур тадбирда мактаб ўқувчилари, талаба ёшлар, ахборот коммуникация технологиялари соҳа мутахассисларидан иборат кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда IT Паркнинг резидентлари иштирок этди.

IT Парк филиалида IT-мутахассислар, фрилансерлар, START-UP жамоалар ишлаши ҳамда ёшларга сифатли таълим бериш учун барча қулайликлар яратилган.

Бинода Co-working (kovorking), резидентлар ва стартапчилар учун офис жойлари, ахборот-коммуникация технологиялари ўқув хонаси, робототехника, киберспорт, учрашувларни ўтказиш хоналари ва бошқа ёрдамчи хоналардан ташкил топган.

Навоий вилоятида ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси йўналиши бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Бугун ташкил этилган IT Парк Навоий филиали ҳам ёшларни мазкур соҳага қизиқтириш, соҳада фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларига бир қатор имтиёзларни берган ҳолда, янада кенгроқ ва самарали фаолият олиб боришлари учун кенг имкониятларни яратиб беради, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, лойиҳа ва стартапларни ҳаётга тадбиқ этиш, иқтисодиёт тармоқлари ва бошқа соҳаларга жорий этишда кўприк вазифасини бажаради.

Филиал вилоятда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида фаолият олиб бораётган юридик шахслар, олий таълим муассасалари, ҳозирда Навоий шаҳридаги 8-умумтаълим мактаби негизида ташкил этилган информатика ва ахборот технологияларига ихтисослаштирилган таянч мактаби билан ҳамкорлик олиб боради.

Шунингдек, филиал қошида вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманларида ташкил этиладиган Рақамли технологиялар ўқув марказлари фаолият олиб борадилар. Ҳозирги кунда 8 та шаҳар ва туманларда мазкур марказлар ташкил этилган. Жорий йил якунига қадар яна 3 та шаҳар ва туманларда Рақамли технологиялар ўқув марказлари очилади. Мазкур марказлар ахборот-коммуникация технологиялари, робототехника ва киберспорт йўналишлари бўйича фаолият олиб борадилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг