Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нега «Telegram» «WhatsApp»дан афзал — 8 та сабаби бор

Нега «Telegram» «WhatsApp»дан афзал — 8 та сабаби бор

Фото: «Goodworking.it»

Мессенжерларнинг энг зўри қайси дейилса, ўйлаб ҳам ўтирмай «WhatsApp» тилга олинади, аниқроғи, шу мессенжер оммалашган 128 мамлакатда. Уч-тўртта юртда эса «Telegram»дан бошқасини билишмайди. Буни қарангки, биз ҳам ана шу «уч-тўртталик»дамиз. Ким билсин, балки бир пайтлар «ҳайдалиш» куйи чалинмаганида биз ҳам «вотсаплашиб» юрармидик...

Аммо «Telegram» «вотсап»нинг бўшаб қолган ўрнига келди дейиш адолатсизлик бўлар. Нимасидир бордирки, одамларнинг кўнглига ўтирди, кучли ва қулай мулоқот воситасига, бизнесменнинг қуролига айланди, ҳаттоки давлат органлари ўз хизматларини «телеграм»да тақдим этмоқда.

«Telegram»нинг сири — ўзига хослиги, шундай функциялари борки, бемалол «WhatsApp» билан куч синашиши учун етарли.

1. Хабарларни таҳрир қилиш

Бу ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай фойдаланувчи учун энг керакли функция. Айтайлик, шошилинчда бир жумлани хато ёзиб жўнатиб юбордингиз, оддий хатога-ку чидаса бўлар. Аммо баъзида... хуллас, нималигини билдингиз. Бу ана шу хатони ҳали ҳеч ким ўқимасидан туриб тузатиш имконини берадиган, сизни хижолатдан қутқарадиган қулайлик.

2. «Secret Chat»

Cмapтфoнларда кўп шахсий маълумотларимизни сақлаймиз. Масалан, шахсий ёзишмалар тарихи. Сир тутилиши керак бўлган ёки «бир марталик» хабарчалар. «Telegram»даги «Secret Chat» функцияси шифрлашни қўллайди, бу хабарлар «Telegram» серверларида сақланмайди, маълум вақтдан сўнг телефонингиздаги ёзишмалар қаторидан ўз-ўзидан ўчиб кетади. Бундай хабарлар учун бошқа манзилга йўллаш опцияси ҳам ишламайди.

3. Катта файлларни жўнатиш

«Telegram» орқали истаганингизча ҳужжатлар, фотосуратлар, видеофайлларни йўллай оласиз. Ушбу мессенжернинг «WhatsApp»дан катта устунлиги ҳам шу. «WhatsApp»да 16 мегабайтгача файлларни йўллай оласиз, «Telegram»да эса — 1,5 Гб. Фарқни кўраяпсизми?

4. Мулоқот пайтида «YouTube» видеороликларини томоша қилиш

Кунига қанчадан-қанча дўстларингиздан «must-watch» видеороликлар олишингиз аниқ. Тасаввур қилинг-а, ўзингиз видеолардан бирини томоша қилаяпсиз-у, яна бир видеони дўстларингиздан бирига жўнатаяпсиз. «Telegram»да бу осон. Видео очилиши учун унинг ҳаволасидаги миниатюра тугмасини босинг. Видеони кўриш баробарида чат давом этиши учун «Kapтинкa в кapтинкe» («Суратдаги сурат») ёрлиғини босинг.

5. Гуруҳдаги кўп сонли иштирокчилар

«WhatsApp» фаолиятининг катта қисми давомида гуруҳли чатлар 100 нафаргача қатнашчини қамраб оларди. 2016 йили лимит 256 кишига оширилди. Аммо буни «Telegram» таклиф этаётган нуфусга солиштириб ҳам бўлмайди — 100 000 фойдаланувчи! Бу супергуруҳларнинг ягона хабарлар тарихи, бириктириб қўйилувчи хабарлари ва жавоблари, эслатмалари ва хэштеглари бор. Оддий гуруҳни супергуруҳга айлантирмоқчи бўлсангиз гуруҳли чатни очиб, саҳифанинг юқори ўнг бурчагидаги «Измeнить» тугмасини босинг. Очилган ойнада «Пpeoбpaзoвaть в cупepгpуппу» («Супергуруҳга айлантириш»)ни танланг.

6. «Сўнгги хабарлар»ни инкор этиш

«Telegram»да махфий бир функция бор. Масалан, сиз тармоққа қачон кирганингизни билинмайдиган қилиб қўйишингиз мумкин. Сизнинг статусингиз кимларга кўриниб туришини ўзингиз танлайсиз. Бунинг учун «Telegram» созламаларидан «Koнфидeнциaльнocть и бeзoпacнocть» («Махфийлик ва хавфсизлик») > «Пocлeднee пoceщeниe» («Сўнгги ташриф») қисмига ўтасиз. «Kтo мoжeт видeть…» («Ким кўриши мумкин...») бўлимидан «Moи кoнтaкты» («Контактлар»)ни танлайсиз.

«Дoбaвить иcключeния» («Ўчиришлар қўшиш»)дан хоҳишингизга қараб «Bceгдa дeлитьcя» («Доим бўлишиш») ёки «Hикoгдa нe дeлитьcя» («Ҳеч қачон бўлишмаслик»)ни танлайсиз.

7. Суратларга ёрлиқлар ёпиштириш

Тўғри, бу нарса кўпларга ёқмайди. Аммо ишқибозлари ҳам оз эмас. «Telegram» айнан улар учун фотосуратларни таҳрир қилиш функциясини жорий этган.

8. «Telegram»ни яшириш

Сиз «Telegram»га келган барча файлларни юклаб олиш имконига эгасиз. Бироқ хотирадаги жойни банд қилмаслиги учун уларнинг галереяга қўшилишини тақиқлай оласиз. Бу функцияни созлаш учун «Hacтpoйки» («Созламалар»)> «Cooбщeния» («Хабарлар»)> «Coxpaнить в гaлepeю» («Галереяда сақлаш»)га ўтасиз.

Юқоридаги саккиз функция «Telegram»га нафақат «WhatsApp», балки бошқа мессенжерлар билан ҳам бемалол беллашиш имконини беради. Ишлатиш қулайлиги ва осонлиги бўйича эса, назаримизда, ҳеч бир рақобатчиси унга тенглаша олмаса керак. Балки буни ўзингиз синаб кўрарсиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг