Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўқитувчилар маоши, тизимдаги коррупция ва бошқа оғриқли масалалар. Шерзод Шерматов билан эксклюзив суҳбат (видео)

Ўқитувчилар маоши, тизимдаги коррупция ва бошқа оғриқли масалалар. Шерзод Шерматов билан эксклюзив суҳбат (видео)

Фото: Ёшлар телеканали

Ёшлар телеканали мухбири халқ таълими вазири Шерзод Шерматов билан ўқитувчилар мавқеи, маоши, тизимдаги коррупция ва бошқа масалалар бўйича эксклюзив суҳбат ташкил қилди.

Ўқитувчилар мавқеи ҳақида

Олдимизда турган асосий вазифалардан бири жамиятда ўқитувчилар мавқеини ошириш ва умуман, халқ таълими тизими ходимлари обрўйини ошириш. Афсуски, бир неча йиллар давомида ушбу тизимда ишлаётган ходимларга «кўпсонли армия» сифатида қаралиб, «шунча ойлик оляптими, мана бу ишни ҳам қилишсин» қабилида муносабатда бўлиб келинган. Натижада турли ортиқча ишлар билан оввора бўлиниб, таълим эсдан чиқиб қолган. Охири шу даражадага бориб етганки, «битта шу таълим беришдан озод этишса, қолган ҳамма топшириқларни вақтида бажарамиз» қабилидаги ҳазиломуз гаплар пайдо бўлган. Энди бунга кулишниям, ҳайрон бўлишниям билмайсиз. Вазият шу даражага келиб қолганди. Буни Президентимиз ҳам танқидий руҳда ўтказилган мажлисда бир неча бор таъкидлаб ўтди. Ўқитувчиларни ҳеч қандай йиғинларга, ўз вазифасига кирмайдиган ишларга жалб қилмаслик бўйича прокуратурага қатъий топшириқ берилди. Энди жойларда шундай ҳолатлар кузатилса, прокуратура чора кўради.

Мактабнинг бошланиш вақти ҳақида

Ҳозирги ахборот технологиялари даврида миш-мишлар тез тарқаладиган бўлиб қолган. Унда тарқалган «мактаб эртароқ бошланади» деган гап-сўзлар ўринсиз. Мактаб ҳар йили қанақа бошланган бўлса, шу вақтда бошланади.

Ўқишнинг биринчи куни ўзгармайди. Таълим масканларида ўқиш 2 сентябрда бошланади.

Ўқитувчилар маоши

Ўқитувчилар маошини кўтариш масаласида Президент ўтказган йиғилишда алоҳида топшириқ берилган. Ҳозирда бизнинг мутахассисларимиз молия вазирлиги билан шу масалада ишлаяпти. Албатта, бу осон эмас. Чунки тизимда 580 минг ходим ишлайди. Молия вазирлигининг ҳам ўз ўлчовлари бор. Шунинг учун икки томон маълум бир тўхтамга келиши керак. Президент девони ходимлари ҳам бу борада катта ёрдам беряпти: якунда тўғри ечимга келиб, буни давлат раҳбарига киритишимиз керак. Қани эди, ўқитувчилар маоши бир неча бараварга оширилса, аммо давлат бюджетининг ҳам бугунги ҳолати бўйича ўзига яраша масалалари бор. Шунинг учун имкони борича кўпроқ оширтиришга ҳаракат қиламиз.

Коррупция ҳақида

Мактаблардаги энг ёмон нарса — коррупция. Узоқ йиллар давомида тизимда ойликнинг пастлиги, мажбурий меҳнат, турли йиғимлар ва бошқа-бошқа сабаблар ҳисобига, афсуски, тизимдаги кўплаб ходимлар, мен уларни оқлаш ниятим йўқ, шунақа йўлларга ўтиб қолишган. Яъни, шу тизимда ишлаб қолиш учун, жуда кўпчилик ҳолатларда шунақа йўл тутишга мажбур бўлишган. Бунинг натижасида майда коррупция ҳолатлари жуда кенг авж олиб кетган. Айнан майда коррупция жамиятнинг келажагига катта таҳдид соладиган иллат. Айниқса, таълим соҳасида бу инсонларнинг маънавиятини бузади. Афсуски, биз шунга йўл қўйиб берганмиз. Бола билан ўқитувчи, ота-она билан ўқитувчи ўртасида пулли муносабатлар бор. Биз имкони борича бу муносабатларни йўқотиш йўлларини ишлаб чиқмоқдамиз. Жумладан, бунга мактабларда корпоратив бошқарув тизимини йўлга қўйиш, бошқарув кенгаши томонидан мактаб директорларини сайлаш, шаффофликни таъминлаш орқали эришишимиз мумкин.

Суҳбат давомида халқ таълими вазири яна бир қатор масалаларга тўхталган. Жумладан, мактабларда эркак ўқитувчиларнинг камайиб кетиш сабаблари, таълим тизимида хориж тажрибаси, малакали кадрлар масалалари ҳақида сўз боради. Якунда тизим ходимларига мурожаат қилинган. Суҳбатнинг тўлиқ вариантини қуйидаги видеолавҳа орқали томоша қилишингиз мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг