Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон мерганлари яна олтин медални қўлга киритди

Ўзбекистон мерганлари яна олтин медални қўлга киритди

Фото: Мудофаа вазирлиги

Туркия Республикасида 10–21 май кунлари ўтказилган VI Халқаро «Энг илғор мерганлар жамоаси» мусобақасида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, беллашув Туркиянинг Испарта шаҳридаги «Коммандос» тоғ-ўқув машқлари марказида ташкил этилди. Унда 13 давлатдан 24 та жамоа иштирок этди. Ўзбекистон, Туркия, Туркманистон, Покистон, Косово, Озарбайжон, Италия ва бошқа давлатлар ҳарбийлари турли шартлар бўйича куч синашди.

Мусобақа давомида иштирокчилар юқори мураккабликдаги саккизта йўналишда баҳс олиб борди. Жумладан, «Жанговар отиш», «Юқори аниқликда отиш», «Тунда номаълум масофага ўқ отиш» ва «Ҳаводаги вертолётдан отиш» каби шартлар асосий синовлардан бири бўлди.

Ўзбекистонлик мерганлар ҳал қилувчи босқичда вазифаларни юқори аниқлик ва тезкорлик билан бажариб, рекорд натижаларни қайд этди. Мусобақа натижалари жамоаларнинг еттита шарт бўйича тўплаган баллари асосида сараланди. Энг кучли ўнта жамоа финалга йўлланма олди.

Ҳал қилувчи баҳсда Ўзбекистон жамоаси мураккаб вазифаларни белгиланган вақтдан олдин бажарди. Бу эса ҳарбийларнинг профессионал тайёргарлиги ва жанговар маҳорати юқори даражада эканини намоён қилди.

Қарийб ўн кун давом этган беллашувлар якунида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси хорижий давлатлар армиялари орасида биринчи ўринни қўлга киритиб, олтин медаль билан тақдирланди.

Таъкидланишича, мусобақа халқаро ҳарбий тажриба алмашиш ва жанговар кўникмаларни ошириш учун муҳим майдон ҳисобланади.

Ўзбекистон жамоаси мазкур мусобақада бешинчи маротаба иштирок этмоқда. Хусусан, 2022–2023 йилларда жамоа иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, 2024, 2025 ва 2026 йилларда кетма-кет чемпионликни қўлга киритди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг