Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда нотариал идоралар ходимлари сони кескин оширилди

Ўзбекистонда нотариал идоралар ходимлари сони кескин оширилди

Фото: «Xabar.uz»

Аҳолининг нотариал хизматларга эҳтиёжининг ошганлиги нотариал идораларда навбатларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Ушбу муаммони ечиш мақсадида Адлия вазирлиги республика бўйича нотариал идоралар ходимлари сонини 665 нафарга кўпайтирди.

Вазирлик матбуот хизматининг «Xabar.uz»га хабар беришича, Адлия вазирининг буйруғи билан қўшимча 146 та нотариус (кўпайиш – 20 фоиз), 383 та нотариус ёрдамчиси (кўпайиш – 74 фоиз) ва 137 та нотариус котиби (кўпайиш –15 фоиз) штат бирликлари таъсис этилди. Шунингдек, 69 та янги давлат нотариал идоралари очилиши кўзда тутилмоқда.

Мазкур қўшимча штатларни сезиларли равишда оширишга вазирлик ташаббуси асосида Ҳукумат қарори билан белгиланган нотариал идораларида ходимлар сонини белгилаш мезонлари мақбуллаштирилгандан кейин имкон яратилди.

Янги таъсис этилган нотариус лавозимларига танлов ўтказиш ҳақидаги эълонлар «Инсон ва қонун» газетаси, Адлия вазирлигининг расмий сайти ва «Huquqiy axborot» телеграмм канали орқали бериб борилади.

Мазкур танловларда 25 ёшга тўлган, олий юридик маълумотга эга, юридик мутахассислик бўйича уч йиллик иш стажига эга, нотариал идорада 1 йил стажировка ўтаган ва малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қатнашиши мумкин.

2019 йил 1 январдан кучга кирадиган қонунчиликка киритилган ўзгаришга кўра, судья лавозимида беш йил ёки нотариус ёрдамчиси лавозимида уч йил ишлаган шахсларга нотариал идорада стажировка ўташ талаб қилинмайди.

Юқоридаги талабларга жавоб берадиган барча олий маълумотли ҳуқушуносларни нотариус лавозимлари учун бўладиган танловларда иштирок этишга таклиф этамиз. Бугунги кунда нотариуслар ойлик лавозим маошлари (барча устамалар ва пуллик хизматлардан келиб тушадиган даромадлар билан ҳисоблаганда, солиқлар тўлангандан сўнг) 4 млн. сўмни ташкил этмоқда. Бу кўрсатгич Тошкент шаҳрида 6 млн. сўмни, Самарқанд вилоятида 4 млн. сўмни, Фарғона вилоятида 4,5 млн. сўмни ташкил этмоқда. Ушбу маош миқдори нотариал идора томонидан кўсатилган хизматлар ҳажмида келиб чиқиб янада кўпроқ бўлиши ҳам мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг