Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Пастки қаватда яшайдиган қўшнимникига сув ўтганди. Суд менга қандай чора кўради?»

«Пастки қаватда яшайдиган қўшнимникига сув ўтганди. Суд менга қандай чора кўради?»

Кўп қаватли уйда яшайман. Ҳаммомдаги труба тешилиб, пастки қаватда яшайдиган қўшнининг ҳаммомига сув ўтганди. Сантехник чақириб тузаттирдим. Лекин қўшим моддий ва маънавий зарар учун фуқаролик судига бермоқчи. Судда менга нисбатан қанақа чора кўрилади?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига асосан ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли.

Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодексининг 3-моддасига асосан Консутитуцияга мувофиқ ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатланади.

Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.

Фуқаролик кодексининг 985-моддасига биноан ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Мазкур кодекснинг 1022-моддасига мувофиқ, маънавий зарар уни етказувчининг айби бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан қопланади, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Плеунмининг «Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги Қарорнинг 2-бандига кўра, маънавий зарар деганда жабрланувчига қарши содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракати (ҳаракатсизлик) оқибатида у бошидан кечирган (ўтказган) маънавий ва жисмоний (камситиш, жисмоний оғриқ, зарар кўриш, ноқулайлик ва бошқа) азоблар тушунилади.

Мазкур Қарорнинг 13-бандига мувофиқ, маънавий зарарнинг миқдорини белгилашда судлар жабрланувчининг унга етказилган маънавий зарарнинг оғирлигига берган субъектив баҳосини, шунингдек даъвогарга етказилган маънавий ва жисмоний азобларнинг даражасини кўрсатувчи объектив маълумотларни, тажовуз қилинган объектнинг ҳаёт учун муҳимлиги, фойдаси (ҳаёти, соғлиғи, қадр-қиммати, шахсий эркинлиги, уй-жойнинг дахлсизлиги, катта қимматликка эга бўлган мулклари ва бошқалар), ҳуқуқбузарликнинг оғирлиги ва оқибати (яқин қариндошларининг ўлдирилиши, ногиронликка олиб келган тан жароҳати етказилиши, озодликдан маҳрум қилиш, ишдан ёки турар жойдан ва бошқалардан маҳрум қилиш), уялтирадиган нотўғри маълумотларнинг характери ва уларни қанчалик даражада (доирада) тарқатилганлиги, жабрланувчининг яшаш шароитлари, шахсий хусусиятлари (хизмати, оилавий, маиший, моддий томонлари, соғлиғининг ҳолати, ёши ва бошқалар), зарар етказувчининг ва жабрланувчининг айб даражалари, зарар етказувчи шахснинг моддий аҳволи ва бошқа эътиборга молик ҳолатларни ҳисобга олишлари лозим.

Зарарни қоплаш миқдорини белгилашда адолатлилик ва оқилоналик талаблари инобатга олиниши лозим (ФКнинг 1022-моддаси).

Шу билан бирга, «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасига биноан жой мулкдори:

  • жойга, санитария-техника ускуналарига ва бошқа ускуналарга (водопровод, канализация, марказий иситиш, иссиқ сув таъминоти, газ жиҳозлари ва ҳоказо) нисбатан эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиши;
  • жойда, санитария-техника ускуналарида ва бошқа ускуналарда носозликлар аниқланган тақдирда, шикастланишларни бартараф этиш юзасидан дарҳол мумкин бўлган чораларни кўриши ҳамда зарур бўлган ҳолларда тегишли хизматга хабар қилиши;
  • авария вазиятлари юзага келган тақдирда ўзи эгаллаб турган жойга авария-тиклаш хизматлари вакилларининг киришини таъминлаши шарт.

Қуйидагиларга:

  • умумий мол-мулкнинг, шунингдек ҳар қандай бошқа мулкдор мол-мулкининг бузилишига ёки хавфга дучор этилишига;
  • Агар мулкдор ёки у билан бирга яшовчи шахслар бошқа мулкдорларнинг мол-мулкига ёхуд умумий мол-мулкка зарар етказган бўлса, улар етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши шарт.

Бундан ташқари, судга зарарни ундириш мақсадида мурожаат қилинганда,етказилган зарар миқдори манфатдор шахсларнинг аризасига кўра, баҳоловчи ташкилотлар томонидан «Баҳолаш фолияти тўғрисида»ги қонунга мувофиқ баҳоланади.

Судларга мазкур масалага оид келиб тушган даъво аризалар, судлар томонидантарафлар тақдим этган далилларга асосан кўриб чиқилади ва юқоридаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларидан келиб чиқиб қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилинади.

Мавлуда Бобораимова,
Фуқаролик ишлари бўйича 
Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг