Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Пул билан ўқишга киритиш ваъдаси авж олди

Пул билан ўқишга киритиш ваъдаси авж олди

Фото: Прокуратура департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Х.Ж. бошқа бир фуқарони Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия университетига юқори лавозимда ишловчи таниши орқали ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департамент ва ДХХнинг Тошкент вилоят бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Ф.Ё. бошқа бир фуқарони ўзининг ваколатли ташкилотларда ишловчи танишлари орқали Қозоғистон Республикасидаги олий таълим муассасига ўқишга киритиб, 2-курсдан Ўзбекистон Республикасидаги олийгоҳга кўчириб бериши эвазига фуқаро Ш.Х.дан фирибгарлик йўли билан 5 800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий даллиллар билан ушланган.

Шу каби, Департамент ва ДХХнинг Фарғона вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Фарғона Давлат университети талабалари Х.М. ва Ш.Т. олдиндан тил бириктириб, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали фуқаро М.Б.ни ўқишини хориж университетидан Фарғона Давлат университетига кўчириб бериш ҳамда икки нафар фуқарони Фарғона Давлат университетининг сиртқи бўлимига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига 10 000 АҚШ долларини олган вақтларида қўлга олинганлар.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, Фарғона шаҳридаги «S» ўқув маркази ўқитувчиси Э.А. фуқаро М.Б.ни ўқишини хориж университетидан кўчириб бериш ҳамда икки нафар фуқарони ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига талаб қилган 8000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168–моддаси (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

«Ҳурматли ота-оналар ва абитуриентлар!

Бугунги кунда, Республикамизда мавжуд 141 та олий таълим муассасаларининг барчасига онлайн ҳужжат топшириш ва ўқишга кириш борасида кенг имкониятлар яратилган бўлиб, яъни ҳар бир абитуриент бир вақтнинг ўзида мос таълим йўналиши бўйича 5 тагача ОТМ ларга ҳужжат топшириши, шу билан бирга кириш имтихонларидан етарлича балл тўплолмаган тақдирда контракт ёки оширилган контракт тўловларини амалга ошириш орқали ҳам талаба бўлиш мумкин.

Шундай экан, олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишда, ўқишга киришда очиқлик ва шаффолик тамойиллари асосида ҳаракат қилишингизни, фирибгарлар тузоғидан эҳтиёт бўлишингизни сўраб қоламиз», дейилади департамент хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг