Қариндошга қиз берманг
Мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий ривожланган авлодни шакллантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 декабрдаги катта йиғилишда мамлакатимизда тиббиёт соҳасидаги камчиликларни бартараф этиш борасидаги маърузасини тинглаб, ўйланиб қолдим. Минглаб гўдаклар ўлими қайд этилмоқда, минглаб болалар ногирон бўлиб туғилмоқда. Демак, тиббиёт соҳасини ҳам, одамлар онгини ҳам ўзгартириш керак деб ўйлайман.
Аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаяпти. Аммо...
Бир дугонам мактабда ўқийдиган жиянига уни келин қилмоқчи эканини билдирса, жияни: «Аммажон, биз ўғлингиз билан қондошмиз-ку, келажак авлодни ўйламайсизми? Мактабимизда “Қариндошлар орасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари ва улардан келиб чиқадиган ирсий касалликлар” мавзусида давра суҳбати бўлди. Шундан англадимки, яқин қариндошлар турмуш қурса, оқибати яхши бўлмайди», – деб жавоб берибди. Афсуски, орамизда юқоридаги қизчалик фикрлай олмайдиган кишилар борлигидан ранжийсан. Кўпинча бегонадан кўра нима бўлса ҳам ўзимизники деб қариндош-уруғлар ўзаро қуда бўлишади.
Республика миқёсида ўтказилган бир тадбирда самарқандлик тиббиёт ходими билан гаплашиб колдим. У шифокор сифатида қариндош-уруғлар орасидаги никоҳларнинг олдини олиш борасида қилинаётган ишлар тўғрисида сўзлаб: «Биласизми, бир оиланинг тақдири мени жуда қийнайди-да, уларнинг хонадонига кирсам, чувалчанглар чангалига тушиб қолгандек бўламан. Опа-укаларнинг фарзандлари турмуш қурган, улардан дунёга келган болаларнинг учови ҳам фалаж. Шифокор бўлатуриб, чувалчанг каби ўрмалаётган болаларга ҳеч қандай ёрдам бера олмаётганимдан қийналиб кетаман», – деди. Суҳбатдошимни тинглаяпману, этларим жунжикиб кетаяпти. Энди не-не умидлар билан бир ёстиққа бош қўйган эр-хотиннинг ҳаётини тасаввур қилаверинг.
Бир аёлни танийман. Мактабда ҳам, институтда ҳам аъло баҳоларга ўқиган. Ўзининг соҳаси бўйича ажойиб мутахассис эди. Ҳамқишлоқларидан совчиси кўп эди. Аммасининг қистови, ота-онасининг кўнгилчанлиги боис аммасига келин бўлган. Афсуски, қариндошлар тузган битим туфайли уларнинг муқаддас қўрғони мустаҳкам бўлмади. Пойдевор дарз кетган эди. Бирин-кетин уч ҳомиласи туғилмай нобуд бўлди. Тўртинчи фарзанди эса ногирон бўлиб туғилди.
Зукко ўқувчи албатта масаланинг чигалини топган бўлса керак. Қиз дардини ҳеч кимга айта олмайди. Унинг отаси туғишган синглисининг раъйини қайтара олмаганидан хуноб, юрак хуружи қийнайди. Ёлғизгина қизининг бахтсизлигидан онасининг дили вайрон, куйиб адо бўлди. Қайнота ва қайнонасининг ҳам дарди ичида. Яна ҳам қариндошлик риштасини узмаслик учун ҳаракат қилишади. Энг ёмони, у ёлғиз қиз бўлишига қарамай ака-укаларининг тўйларида эмин-эркин иштирок эта олмайди. Ўйнаб-кулиб юра олмайди. Бир томони аммаси ҳам жигарларининг тўйида қатнашиши керак. Яна бир томони ундан ўтиб, ногирон болани ташлаб кета олмайди.
– Овсиним ҳам хўжайинимнинг амакисининг қизи, бегона эмас. Афсуски, унинг ҳам қалбига чироқ ёқса ёришмайди. Икки фарзанди ҳам туғма ногирон. Болаларининг оғриқли азоби бечорани кемириб тугатди. Устига-устак қайноғам ичкиликка ружу қўйган. Хонадонимизда ҳар куни жанжал. Менинг турмуш ўртоғим эса уйимиздаги муҳит сабаблими, сабрсизлиги ва барча кўргиликларни енгишга бардоши етмадими, кўнгли бошқа ёр истаб, «ўтлаб кетган». Баъзан овсиним билан азобларимиз ҳақида сирлашиб қоламиз. Ўқиб, етук мутахассис бўлибмизу, турмушга чиқишда адашибмиз деб афсусланамиз, – дейди у мунгли кўзларини ердан узмай. Унга қараб, раҳмим келди. На илож.
Эҳ одамлар, одамлар! Келинг, бир чуқур ўйлаб, бу дунёда кўнгли ярим, дили вайрон кишилар бўлмаслиги учун курашайлик!
Муқаддас Алиева,
журналист


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter