Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

«Қорасини кўрсатмаётган» кўмир

«Қорасини кўрсатмаётган» кўмир

Фото: «Vesti.Ru»

Шу йилнинг 29 октябрь куни Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» телеграм-каналида аҳолига кўмир тарқатиш ҳақида ахборот берилди.

Ахборотда жумладан шундай дейилади:

«Қонунчиликка мувофиқ газ бўлмайдиган ҳудудларда аҳоли кўмир маҳсулоти билан узлуксиз равишда таъминланади.

Бунинг учун қуйидагилар амалга оширилади:

  • қиш мавсумида газ бўлмайдиган ҳудудларга етарли миқдорда кўмир етказиб бериш бўйича тегишли ҳужжатлар тасдиқланади (Вазирлар Маҳкамаси — вилоят ҳокимликлари — туман ҳокимликлари);
  • туман ҳокимлиги томонидан тасдиқланган аҳолини кўмир билан таъминлашга оид жадвал маҳалла фуқаролар йиғинига етказилади;
  • маҳалла фуқаролар йиғини келиб тушган аризаларга мувофиқ кўмирни сотиб олиш бўйича реестрни шакллантиради ва уни кўмир омборларига етказиб беради;
  • кўмир омборлари маҳалла фуқаролар йиғини томонидан тақдим этилган реестрга ва тасдиқланган жадвалга асосан аҳолини кўмир маҳсулоти билан Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган нархлар асосида узлуксиз таъминлаш чораларини кўради.»

«Ҳуқуқий ахборот» телеграм-каналидаги бу маълумотларни ўқиб, табиий газ йўқ ҳудудларда яшовчи одамларнинг неча йиллардан бери кўмир олишда қийналаётгани эсимга тушди. Очиғи, шахсан ўзим 2017 йилгача одамлар кўмир олишда қанчалик қийналаётганини билмаганман, кўрмаганман. Тўғри, кўмирга борган одамлар қандайдир қийинчиликлар, «схемалар» ҳақида гапириб юришарди. Ўз бошимга тушмагани учун ўша одамлар айтган қийинчиликларни унчалик ҳис қилмаганман, кўмирни осонлик билан олиб келиб бўлмаслигини, берилаётган кўмирнинг катта қисми кукундан иборатлигини кўриб, билиб юрганман. Қолаверса, охирги ўн-ўн беш йилда, бир-икки мартани ҳисобга олмаса, кўмир олмаганмиз ҳисоб. Ўшанда ҳам кўмирга укам борган.

Ўтган йили кўмирни мен олиб келдим. Кўмирни уйга етказиб олиб келгунча тортган азобларимни ҳозир эсласам юрагим орқамга тортиб кетади. Энг ёмони, бу йил ҳам ўша азобларни тортишимни эсласам юрагим санчаяпти. У қандай азоблар экан, деб қизиқяпсизми? Марҳамат:

Кўмир олиш учун маҳаллага паспорт нусхалари олиб борилади. Сўнг улар сизни навбатга қўйиб қўлингизга маълумотнома беришади. Шундан сўнг неча кунлардир ўтиб туман ҳокимлигидан «Бугун маҳаллаларингга фалон тонна кўмир ажратилган, бориб навбати билан олинглар» деган қўнғироқ бўлади. Шундан сўнг маҳалла раиси, унинг котиби, хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси энг аввало ўзларига тегишли одамларга «Фалон кўмир базага боринглар, бугун маҳалламизга кўмир беришади, фақат ҳаммага ошкор қилиб юборманглар, тўполон бўлиб, кўмирсиз қолиб кетишларинг мумкин», дейишади.

Сиз эртаси куни эрталаб айтилган кўмир базага борасиз. База атрофида тумонат одам. Вилоятдаги бир неча туманнинг ўнлаб маҳаллаларидан одам келган. Сиз база идорасидан кўмирни сўрайсиз ва у «Маҳаллангиз раиси ёки котиби келсин, кейин сизларга кўмир берилади» дейди. Ноилож кечгача кутасиз ва маҳаллангиз амалдорчаларидан ҳеч ким бормайди. База мудирига маҳаллангиздан бугун ҳеч ким кела олмаслигини, шунинг учун кўмирни бераверишини сўрайсиз. Аммо у рад этади. Кун бўйи совуқда ўтириб қайтиб келасиз.

Эртаси куни маҳалла раисини машинангизда ёки ўзингизни машинангиз бўлмаса кўчадан киракаш ёллаб, кўмир базасига олиб борасиз. Аммо база мудири энди кўмир бера олмаслигини, сабаби кеча навбатингиз ўтиб кетганини, бугун навбатни бузса тўполон бўп кетишини тушунтиради. Шу билан маҳаллангиз кўмир оладиган биринчи навбат ўтиб кетади ва сиз кўмир ололмайсиз. Иккинчи навбатни эса яна ўн кун ёки икки ҳафта кутасиз.

Ниҳоят яна ҳокимликдан қўнғироқ бўлади ва базага жўнайсиз. Бу сафар борсангиз 20-30 нафар маҳалладошингиз ўша ерда. Қачон уйдан жўнашган, қачон етиб келишган зинҳор билолмайсиз. Ҳокимликдан телефон қилган мутасадди бу гал 40 тонна кўмир ажратилганини айтган эди. База мудири эса 30 тонна бераман деяпти, нечтадир вагон кўмир кам келган эмиш. Ҳақиқатан ҳам кам келганми ёки у ўйин қиляптими — буёғи қоронғу. Сизга қўшилиб борган маҳалла раиси ёки котибининг боши қотган. Нима қилиш керак? Кўмир — 30 тонна. Келган одам ҳам 30 нафар. Лекин уларнинг ҳар бирининг қўлида 2-3 тоннадан кўмирга қоғоз бор. Ўша ерда маҳалладошлар ўртасида жанжал бошланади. Бир неча соатлик жанжалдан кейин маҳалла раиси ёки котиби «Кейинги навбат аниқ сизларники, ҳозир эса уйга кетаверинглар» деб бояги 30 нафар одамдан 15 тасини амаллаб уйга жўнатиб юборади. 30 тонна кўмирни эса қолган 15 та одамга 2 тоннадан бўлиб беради. Кўмир ололмай қайтиб кетганлар орасида сиз ҳам борсиз. Иккинчи марта уйга кўмирсиз қайтдингиз.

Учинчи марта навбат келганида, кўмир базага олдингидан ҳам кўп маҳалладошингиз бостириб бориши мумкинлигини ва бунинг оқибатида учинчи навбатда ҳам кўмирсиз қолишни ўйлаб «Нима қилсам экан-а?» деб бошингиз қотади. Ўйлаб-ўйлаб чорасини топасиз. Учинчи мартада сиз кўзи ожиз, ногирон бўлган қўшнингизни ўзингиз билан бирга базага олиб борасиз. Ҳужжатларингизни унинг қўлига берасиз. Биринчи гуруҳ ногиронида навбатсиз кўмир олиш имтиёзи бор. У «Қўшним билан бирга келганман, ўзим алоҳида олиб кетсам кўмирнинг йўлкираси қиммат тушади» дейди ва қўшнингизни жўнатиб юбориш учун сизга ҳам кўмирни навбатсиз беришади. Ўшанда ҳам учинчи навбат куни совуқда ярим кечагача ўтириб, улгура олмай эртаси куни бориб кечки пайт олиб келасиз. Қоронғуда нима ортиб беришганини кўрмайсиз ҳам. Ярим кечада олиб келиб кўчангизга тўкдирасиз.

Эрталаб туриб қарасангиз, кўмирингизнинг камида 70 фоизи кукун. «Кўчада кўмирфурушлар ҳатто кўмирнинг кукунини ҳам фалон пулга сотиб юришибди. Ҳар ҳолда бу ундан арзон-ку» деб ўзингизни юпатасиз ва ўша куни куни билан уни элайсиз. Эртаси куни эса оила аъзоларингиз ҳаво совуқ бўлишига қарамай, ўзбекнинг инновацион янгиликларидан бири «қўлда кўмир кукунидан брикет тайёрлаш усули»ни қўллаб, кукунингизни «кўмир таппи» қилиб олишади. Индини эса янги йилнинг бонги чалинади. Қаранг-а, нима бўлса ҳам амаллаб кўмир олиб қолиш ваҳимаси билан декабрь ойи тугаётганини сезмай ҳам қолибсиз. Баъзи йилларда сиз кўмир олиб келгунингизча янги йилнинг феврали бўлиб, бойчечак гуллашга ҳам улгуради. Ўшандай ҳолатларда қиш охирлаётган бўлса-да, сиз кўмир кукунини, йўғе-е, кўмирни кейинги йил қиш мавсумида ёқиш учун олиб қўяверасиз.

Юқоридаги гаплар мульфильмдаги Қундуз бобонинг эртаклари эмас, балки ўтган йил ўзим гувоҳи бўлган реал воқеаларнинг баёни. Яна тағин ҳам Жомбойдаги кўмир базага маҳалла раисингизни олиб боринг, минг навбатга туринг, агар кўчадан арзонроқ нархга машина гаплашиб келсангиз, навбатингиз умуман келмаслигини, лекин база атрофида ўралашиб юрган ва база мудири билан ош-қатиқ бўлган шофёрлар арзимаган 50-60 километр масофага 600-700 минг сўм йўлкира сўраганда ўша йўлкирага рози бўлсангиз негадир навбатсиз кўмир олишингиз мумкинлигини батафсил ёзмадим.

Мени ҳайрон қолдирадиган жиҳат шуки, нега аҳолига кўмир етказиб бериши лозим бўлган ташкилотлар кўмирни август, сентябрь ойларида, кунлар узун ва иссиқ бўлган вақтда бошламай октябрнинг охиридан, ноябрнинг бошидан бошлайди? Мана, бугун 31 октябрь, 2018 йил. Бизнинг маҳалламизда ҳали кўмир ҳақида гап йўқ. Ўтган куни маҳалла раисидан бу ҳақда сўрасам «Ноябрь бошидан бизга ҳам берса керак» деди.

Ўтган йил мен кўмир олган кунимда қор аралаш ёмғир ёғаётган эди ва олиб келган кўмиримни ёмғирдан пана жойга ташиб олгунимизча, ивиб бўлди ва кейин нам тортган кўмир қиши билан тутаб чиқди ва яхши ёнмади. Бундан ҳам ёмони, кўмир базасига уч марта борган бўлсам, тумонат одам ичида ҳар хилини кўрдим: ногиронлар, қариялар, аёллар дегандай. Ҳатто улар орасида ҳомиладор аёлларни ҳам бор. Ҳаммаси изғиринда эрталабдан кечгача кўмирга навбатда турибди. Шундай экан, кўмир аҳолига август-сентябрдан бошлаб тарқатилса яхши эмасми? Қачонгача аҳоли кўмир тарқатишдаги тартибсизликларни деб совуқда сарсон бўлади.

Яна бир жиддий масала бу аҳолига тарқатилаётган кўмирнинг сифати. Ўтган йили уч марта бориб ўзим гувоҳи бўлдим, аҳолига тарқатилаётган кўмирнинг ярмидан кўпи кукундан иборат. Аҳолига арзон кўмир беряпмиз, дейилмоқда, аммо аслида бу кўмир кукуни. Ўтган йили бир қўшнимиз 4 тоннача олиб келган кўмирини элаганда ундан бир тонна ҳам кўмир чиқмади. Агар шу кўмир август-сентябрь ойларидан бошлаб тарқатилганда, одамлар кўмир кукунини ҳам «кўмир таппи» қилиб, иссиқда қуритиб оларди. Аммо ноябрь-декабрь ойларида «кўмир таппи» қилиш иложсиз...

Мен фақат ўзим гувоҳи бўлган воқеани зарбулмасал қилдим. Шу пайтгача ижтимоий тармоқларда ёинки кўча-кўйда «Мен бориб сарсон бўлмасдан кўмир олдим» деган инсонни ҳам учратганим йўқ. Зўрға юрган қариями, ҳомиладор аёлми ёки ногиронми, ҳамма-ҳаммаси кўмир олишда сарсон бўлмоқда. Эшитяпмиз, жойларда аҳолига озгина кўмир тарқатилиб, қолгани тарқатилди, деб ҳужжатлаштирилиб, кўча-кўйдаги кўмирфурушларга бериб юбориляпти.

Умуман олганда аҳолига кўмир тарқатиш ишларига масъул бўлган ташкилотлар ва шахсларга саволим бор: «Қачон биз одамга ўхшаб, сарсон бўлмасдан, тузукроқ, сифатлироқ кўмир оламиз?». Фақат «Келаётган кўмирнинг бори шу» деманг. Кўча-кўйдаги кўмирфурушларнинг кўмирида кукун умуман йўқ. Хўш, улар қаердан олаяпти сифатли кўмирни?

Неча йилдан бери тегишли ташкилотлар юқорида келтирган муаммоларни атрофлича ўрганадилар ва аҳолига кўмир тарқатишда енгилликлар жорий этилади, деб бонг урадилар. Аммо ўзгариш йўқ. Ҳамон ўша репертуар, ҳамон ўша қўшиқ.

P.S. Шу жумлаларни ёзиш жараёнида қишлоғимиз ҳудудидаги мактаблар аҳволини ўргандим. Қишлоғимиздаги олтита мактабнинг биронтасига ҳали кўмир берилмапти. Совуқда қийналсам мен ҳовлимдаги дарахтни кесиб ёқиб турарман, аммо мактабларда болалар совуқ синфхоналарда қандай ўтиришади, ўқитувчилар қандай дарс ўтишади, билмайман. Балки буни ҳанузгача мактабларга кўмир бермаган мутасаддилар билишар...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг