Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Равшан Ҳайдаров Ўзбекистон терма жамоасини вақтинча бошқариши ҳақидаги хабарлар асоссиз

Равшан Ҳайдаров Ўзбекистон терма жамоасини вақтинча бошқариши ҳақидаги хабарлар асоссиз

Фото: «Getty Images»

Португалиялик мутахассис, Эрон терма жамоаси бош мураббийи Карлуш Кейруш Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатидан сўнг терма жамоамиз бошқарувини қабул қилади. Аммо Кейрушга қадар терма жамоани ўртоқлик учрашувларига ким бошлаб бориши бугун барча футбол мухлисларини қизиқтирмоқда.

Айрим футбол сайтларида олимпия терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров бошқариши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқатилган эди. Аммо маълум бўлишича, Ҳайдаров терма жамоани бошқариши ҳақидаги хабарлар асоссиз.

«Терма жамоани бошқариш? Менга бу ҳақда ҳали ҳеч ким гапиргани йўқ. Буни энди сиздан эшитиб турибман. Ҳозир бор эътиборим U-23 терма жамоамизни Осиё ўйинларига тайёрлашга қаратилган. Шу боис бошқа нарсани умуман ўйлаётганим йўқ. Биласиз, 21 ва 25 март кунлари водийда Саудия Арабистонига қарши иккита ўртоқлик учрашуви ўтказамиз. Мен қўл остимдаги жамоани шу ўйинларга тайёрлайман», — деди Равшан Ҳайдаров «Championat.asia» сайтига берган интервьюсида.

Ушбу масала юзасидан «Xabar.uz» ЎФА матбуот хизмати билан боғланди. Ассоциация расмийларининг маълум қилишича, бу борада ҳали аниқ тўхтамга келинмаган.

«Миллий терма жамоамиз Марокаш ва Эрон терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувлари ўтказади. Ана шу учрашувларга терма жамоамизни айнан ким тайёрлаши ва олиб бориши ҳақида ҳозирча аниқ бир тўхтамга келингани йўқ. Бу Равшан Ҳайдаров, Рўзиқул Бердиев ёки умуман бошқа мутахассис бўлиши ҳам мумкин», — деди ЎФА матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси 27 март кунги Марокаш ва 18 май куни Эрон терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувларида майдонга тушади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг