Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Соч нега барвақт оқаради?

Соч нега барвақт оқаради?

Фото: «АИФ»

Ёш ўтган сайин бошимиздаги оқ сочлар кўпайиб боради. Лекин баъзан 20-25 ёшдаги йигит-қизлар сочига ҳам оқ тушиши мумкин. Бу одатда қандай рўй беради?

Соч ранги организмдаги меланин пигменти билан боғлиқ. Организмда меланин ишлаб чиқарилиши камайганда соч толалари оқара бошлайди. Аслида сочлар ўрта ҳисобда 35-40 ёшдан бошлаб оқаради. Аммо илк оқ соч толалари 20 ёшдан олдин ҳам пайдо бўлиши мумкин. Бундай пайтда дарров хавотирга тушмаслик керак. Аввал соч оқаришининг сабабини аниқлаш лозим. Чунки бу ички органлардан бирининг фаолияти бузилганидан дарак беради. Сочнинг эрта оқаришига наслий омиллар, организмда оқсил етишмовчилиги, айниқса, оқсил таркибидаги тирозин моддасининг танқислиги, асаб тизими ёки қалқонсимон без касалликлари, камқонлик, «В» гуруҳи витаминларига эҳтиёжи, ортиқча даражада қаҳва ва туз истеъмол қилиш, чекиш сабаб бўлади.

Соч оқаришининг олдини олиш мумкин. Бунинг учун авваламбор соғлом ҳаёт тарзига риоя қилиш керак. Меъёрида ухлаш, иммунитет ва асаб тизимини мустаҳкамлаш организмда меланин моддаси етишмовчилигининг олдини олади. Агар сочнинг эрта оқаришига қалқонсимон без касалликлари сабаб бўлса, энг аввал ушбу касалликни даволаш керак. Шунда соч оқариши ҳам ўз-ўзидан бартараф бўлиши мумкин. Чекишга ружу қўйган одамлар бу зарарли одатдан воз кечиши лозим. Кашандалик оқибатида тўқималар кислородга тўйина олмайди ва бу меланин ишлаб чиқаришнинг пасайишига олиб келади.

Тўғри овқатланиш ҳам соч оқаришининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. В гуруҳ витаминлари билан бирга рух ва мис минералларига бой озиқ-овқатларни истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Бундай моддалар сут маҳсулотлари, гўшт, гуруч, гречка, сабзи, апельсин, помидор, жигар, ёнғоқ ва карам таркибида кўп учрайди.

Баъзилар пайдо бўлган илк оқ соч толасини юлиб ташлайди. Бу умуман нотўғри. “Биттасини юлсанг баттар кўпаяди”, деган гапда жон бор. Қолаверса, оқ толалар яна ўсиб чиқади. Оқарган сочларнинг кўпайиб кетишининг олдини олиш учун эса шифокорлар тавсияси билан В гуруҳи витаминларини қабул қилиш зарур.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг