Солиқ қарзи кўп бўлган ишлаб чиқариш корхоналари маълум қилинди
2026 йил 1 май ҳолатига кўра, солиқ қарзи 100 миллион сўмдан юқори бўлган ишлаб чиқариш корхоналари сони 955 тани ташкил қилди. Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, уларнинг умумий қарздорлиги 1 триллион 487,8 миллиард сўмга етган.
Шундан 562,2 миллиард сўми, яъни умумий қарзнинг 37,8 фоизи солиқ қарзи энг юқори бўлган 10 та корхона ҳиссасига тўғри келмоқда.
Ҳудудлар кесимида энг юқори солиқ қарзи Фарғона вилоятида қайд этилган — 328,3 миллиард сўм. Кейинги ўринларда Тошкент вилояти 295 миллиард ва Андижон вилояти 191,9 миллиард сўм билан жойлашган.
Шунингдек, Тошкент шаҳридаги ишлаб чиқариш корхоналарининг солиқ қарзи 73,7 миллиард, Наманганда 75 миллиард, Сурхондарёда 65,7 миллиард ва Самарқанд вилоятида 61,6 миллиард сўмни ташкил этган.
Йирик қарздорлар
Солиқ қарзи энг юқори бўлган ишлаб чиқариш корхоналари рўйхатида Фарғона вилоятида фаолият юритувчи «Shaffof Metan Sanoati» МЧЖ биринчи ўринни эгаллаган. Корхонанинг қарзи 187,1 миллиард сўм деб кўрсатилган.
Иккинчи ўринда Тошкент вилоятидаги «Silikon Color» МЧЖ бўлиб, унинг қарзи 74,8 миллиард сўмга етган. Учинчи ўринни эса Фарғона вилоятидаги «Granula Plast Sifat» МЧЖ эгаллаб, қарз миқдори 68,8 миллиард сўмни ташкил қилган.
Рўйхатдан шунингдек, «Metalicom Impex» МЧЖ — 56,6 миллиард, «Fargona Neftni Qayta Ishlash Zavodi» МЧЖ — 45,7 миллиард ва «Bronzepeak Enterprises» МЧЖ — 34,1 миллиард сўм қарз билан ўрин олган.
Қолган корхоналар қаторида «Sherobod Sement Zavodi» МЧЖ — 27,8 миллиард, «So‘nmas-Plast» МЧЖ — 25,1 миллиард, «Urban Lyuks» МЧЖ — 21,8 миллиард ва «Petromaruz Uzbekistan» МЧЖ — 20,4 миллиард сўм солиқ қарзи билан қайд этилган.
Статистикага кўра, айрим ҳудудларда қарздор корхоналар сони юқори бўлса-да, умумий қарз миқдори нисбатан паст қолмоқда. Масалан, Тошкент вилоятида 140 та, Андижонда 101 та, Тошкент шаҳрида 96 та шундай корхона бор. Фарғона вилоятида эса қарздор корхоналар сони 94 та бўлишига қарамай, умумий қарз ҳажми республикада энг юқори кўрсаткични қайд этган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter