Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Солиқ сиёсатидаги ислоҳотлардан нималарга эришилди? Зафар Ҳошимов шарҳи

Солиқ сиёсатидаги ислоҳотлардан нималарга эришилди? Зафар Ҳошимов шарҳи

Зафар Ҳошимов.

Фото: «imperiya.by»

Тадбиркор, «Korzinka.uz» тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов телеграмдаги каналида солиқ ва божхона ислоҳотларига муносабат билдирди:

Қатор ўзгаришлар сифатида амалдаги қонунчилигимизда қайд этилган солиқ ва божхона тизимидаги янгиликлар ватанимизда ҳамон иқтисодий ислоҳотлар жадал давом этаётганлиги далили, деб айтишимиз мумкин.

Қабул қилинган қадамлар ҳақида ўзаро тафовутли шарҳлар, баъзи ҳолларда эса ҳатто бир-бирига зид келаётган фикрлар янграса-да, булар орасида, иқтисодий ислоҳотларни янада тезроқ ва қатъийроқ олиб бориш тарафдорлари билан бир қаторда, эски тизимни сақлаб қолиш керак эди, деб ўйлайдиганлар бор эканлигига эътибор бериш лозим. Ҳар иккала тоифа вакиллари томонидан бўлган кўплаб танқидларни инобатга олганда ҳам, қабул қилинган қарорларни умумий қилиб — ижобий, деб баҳолаш керак.

Солиқ ва божхона сиёсатига йўналтирилган ислоҳотлар кетидан алалоқибат нималарга эришилди:

  • Меҳнат солиғи ҳам иш берувчилар, ҳам ишчилар учун мақбулроқ шаклга келди;
  • Компаниялар ўсиши учун салбий таъсир кўрсатиб келган айланма маблағлардан олинадиган солиқлар бекор қилинди;
  • Иқтисодиётимизни заифлаб, норақотбатбардош қилувчи, саноат ишлаб чиқаришини сезиларли парчалаб келган, ишлаб чикаришни ниҳоятда ривожланмаган, унинг маҳсулотларини эса қиммат қилган солиқ тури – ЯСТ (ягона солиқ тўлови) кўплаб корхоналар учун энди ўтмишда қолди;
  • Даромад ва дивидендлардан олинадиган солиқлар камайтирилди;
  • Кенг турдаги товарлар ассортиментига акциз солиқлар камайтирилди ёки буткул бекор қилинди, шунингдек, кенг турдаги маҳсулотларга божлар камайтирилди ёки буткул олиб ташланди;
  • Божхонада юкларни расмийлаштириш жараёнида бир қатор йирик енгилликлар, соддалаштиришлар ҳамда мукаммаллаштиришлар кучга кириш арафасида;
  • Бир қатор фаолият турларига лицензиялар бекор қилинди, жумладан, асосийлари қаторида улгуржи савдо лицензиялаш тартиби бекор қилинди. Бошқа бир қатор фаолият турларига эса лицензия олиш бошланғич талаблар ҳамда лицензия бериш учун кетадиган вақт камайтирилди, лицензиялар яроқлик муддати узайтирилди;
  • Давлатнинг иқтисодий сиёсати анча шаффоф кўриниш олди: биз эндиликда турли ОАВлар орқали бундан икки йил аввал ҳатто орзу қилиб ҳам бўлмайдиган давлатнинг макро-иқтисодий ва монетар сиёсати ҳақида ахборот ва маълумотларни мунтазам равишда олиб турибмиз.

Қабул қилинган чора-тадбирлар рўйхатини шу йўсинда узоқ давом эттириш мумкин.

Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, ҳеч бир ислоҳот, нафақат барчани бирдек қониқтира олмайди, балки, устига-устак, бирор кимса йуқки, унга барча ўтказилаётган амаллар бир ҳилда ёқса. Шахсан ўзим ҳам қабул қилинган қадам ва чоралардан тўлиқ қониқдим, дея олмайман.

Аммо шу билан биргаликда шахсий қараш, қизиқиш ва афзалликларимни четга суриб, ёндашув ва майда жиҳатлардаги турфаликларга муккасидан кетмай фикр қилсам, иқтисодиётимизда ўтган ўн йиллар давомида бир жойда депсиниб турган турғунликдаги ҳолатдан кўра, ўзгаришлар анча ижобий йўналишда эканлиги яққол кўриниб турибди.

Яна бир жиҳатни таъкидлаб ўтмоқчиманки, дунё тарихидан бизга маълум бўлган барча муваффақиятли ислоҳотларнинг асосий негизи шу мамлакат халқининг ёрқин келажакка бўлган ишончи, ислоҳотлар муваффақиятига бўлган ишончи, уларни татбиқ этишдаги қатъият ва тинмас ҳаракати, қолаверса, татбиқ этилаётган ўзгаришларнинг маҳсули, натижасини кутишда намоён қилаётган сабр-тоқати каби ҳислатларидан иборатдир.

Ислоҳотлар — бу, албатта, келажак сари чорловчи катта йўл. Бу — шижоат, бутун бир халқнинг оммавий меҳнати саналади. Мукаммаллик фақат Ўзига хос бўлган бу дунёда, ривожланишнинг асл маъноси мунтазам равишда оз-оздан бўлса-да, тўғри йўналишда ишонч йўқотмасдан, ҳафсалани пир қилмасдан, қийинчиликларга бош эгмасдан катъий кадам босиб боришнинг ўзидир.

Йил охири, унинг натижалари, кутилган ва амалга оширилган амаллар ҳақида хулосаларим ва ўйларим шулардан иборат.

«Оптимизмни, келажакка бўлган ишончни сақлаб қолдингизми?» деб сўрасангиз, «Ҳа. Шак-шубҳасиз», деб жавоб бераман.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг