Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Суринамда ўлимлар ошмоқда

Суринамда ўлимлар ошмоқда

Фото: «News.myseldon.com»

Суринамда айни пайтда COVID-19 билан касалланишнинг янги тўлқини бошланди.

Июнь ойи Суринамда пандемия бошланганидан буён қурбонлар сони кўп ой бўлди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Шу кунга қадар салкам 450 киши оламдан ўтган. Уларнинг тўртдан бири, яъни юздан зиёди ушбу ойда қайд этилгани, айниқса, хавотирлидир.

Энг ёмони, атиги 600 минг аҳоли яшайдиган мамлакатда ўлимлар сони 17 миллион яшайдиган Нидерландия давлатидан ҳам кўпайиб кетди. Шифохоналарда ўринлар етишмаяпти, дори-дармонлар тақчил, тиббиёт ходимлари ва вакциналар сони кам.

Шу кунларда нидерландиялик шифокорлар гуруҳи касаллик билан курашиш учун Суринамга ёрдам беришмоқда. Ҳозирча аҳоли 136 минг доза вакциналар билан эмланди. Фақат 26 минг аҳоли коронавирусга қарши ҳар икки дозани қабул қилган.

Нидерландия ҳукумати шу ой охирига қадар ўзининг собиқ мустамлакасига яна 700 минг вакцина етказиб беришни режалаштирмоқда.

Суринам – Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат

Ўтган йили июлда сайланган янги президент Чандрикаперсад Сантохи асли келиб чиқиши ҳинд бўлиб, ҳиндуизм динига эътиқод қилади. Бу ерда аҳолининг учдан бир қисми ҳиндлардир.

Нидерландиянинг мустамлакаси бўлган ушбу ҳудудда 1863 йилда қуллик бекор қилингач, қора танли аҳоли плантациялардан чиқиб шаҳарларга ўрнаша бошлади. Улар ўрнини Индонезия, Ҳиндистон ва Хитойдан келтирилган ёлланма ишчилар эгаллашди.

1910 йилга келиб қишлоқ хўжалигида ишловчи аҳолининг 90 фоизи ушбу миллатлар вакиллари эди.

Асосий дини христианлик бўлишига қарамай, 1932 йилда пойтахт Парамарибода илк расмий масжид, 1936 йилда илк ҳиндуилик черкови очилди. 1945 йилда бу икки дин Суринамда давлат дини сифатида тан олинди. Шундан кейин христианлик билар биргаликда давлат молиялаштиришини ола бошлади.

Энг диққатга сазовор жиҳати ҳозирда фақат Суринам ва қўшни Гайана Ислом Ҳамкорлик ташкилотига кирган Америка қитъасидаги ягона давлатлар ҳисобланади.

Мамлакат 1975 йилда мустақилликни қўлга киритгач, кам сонли миллат бўлган оқ танли голландлар Нидерландияга қайтиб кетишди. Ҳозирда бу ерда 6 минг нафар оқ танлилар қолган ва уларнинг ҳам бир қисми бразилияликлардир.

Индонезия мустақил бўлгач, Суринамда «Индонезия фермерлари иттифоқи» партияси тузилди. Унинг мақсади бу ерда яшайдиган яваликларни ўз она ватанига қайтариш эди. Бироқ уларни нафақат Явада кутишмаётган эди, балки ҳаёт даражаси ҳам бу ерда Индонезиядан анча яхшироқ ҳам эди. Ҳиндлар билан ҳам шундай ҳолат юз берди. Улар ўз она ватанларига қайтишни исташмади.

Аксинча, Нидерландия ҳукумати оқ танлиларнигина эмас, балки бу ерда яшайдиган бошқа аҳолини ҳам ўз ватандоши деб эълон қилди ва улар кўчиб келса, паспорт беришини билдирди. Натижада жуда кўплаб аҳоли, айниқса, ёшлар у ерга кўчиб кета бошлади ва ҳозирда Нидерландияда 350 минг суринамлик истиқомат қилмоқда.

Жаҳон футбол афсоналари Гуллит, Райкард, Эдгар Давидс, Патрик Клюйверт, Кларенс Зеедорф ҳам асли келиб чиқиши суринамлик эди. Бугунги кунда бутун Европа гигант футбол жамоаларида 130 нафар суринамлик профессионал футболчилар фаолият кўрсатмоқда.

Минг афсуски, 1980 йилда ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллаб олгач, диктатура ўрнатилди. 1986-1992 йилларда креоллар, бушнегр ва ҳиндлар ўртасида келиб чиққан фуқаролар уруши кўплаб одамларнинг ёстиғини қуритди.

Эндиликда ҳукуматда доимо бир нечта этник гуруҳлардан ташкил топган коалиция ҳукмронлик қилади.

Охирги сайловларда ҳам шундай бўлди. Ҳинд ва бушнегрлар коалицияси шакллантирилди. Парламент сайлаган президент ҳинд миллатига мансубдир. Креоллар эса мухолифатга айланди.

Суринамда расмий тил нидерланд тили бўлгани билан, сўнгги йилларда инглиз тилининг таъсири тобора кучайиб бормоқда.

Бугунги кунда ҳукуматнинг асосий вазифаси – пандемиянинг ҳалокатли таъсирини енгиш ва ўсиб бораётган қашшоқликка барҳам бериш, иқтисодиётни диверсификация қилишдан (асосан олтин, нефть, ёғоч маҳсулотларини экспорт қилади) иборатдир.

Дилдора Шомуротова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг