Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ташаббусли бюджет»нинг имкониятлари кўп, аммо...

«Ташаббусли бюджет»нинг имкониятлари кўп, аммо...

Иқтисодиёт фанлари доктори Нодирбек Расуловнинг таъкидлашича жойлардаги ижтимоий муаммоларни ечишда «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси аҳолини жамоавий қарорлар қабул қилишга, жамоатчилик назоратини кучайишига, маҳаллий депутатларни фаоллашувига ҳамда давлат томонидан берилаётган имкониятлардан янада кенгроқ фойдаланишга ўргатади.

Бюджет очиқлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларни амалиётга жорий этилиши биринчидан, давлат бюджетини самарали ишлатилишини таъминласа, иккинчидан, жамоат назоратини кучайишига олиб келади, учинчидан, фуқаролар ёрдамида узоқ йиллардан бери ҳал бўлмаётган ижтимоий муаммоларни ечилишига имконият яратилади. Бюджет очиқлигини таъминлашнинг яна бир муҳим бир жиҳати айрим амалдорлар томонидан халқнинг пулини талон-тарож қилишга жиддий тўсиқ бўлиши билан бирга халқ манфаатлари учун хизмат қилинишидир. Шунинг учун аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминлаш, ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, уларга муносиб яшаш шароитларини яратиш мақсадида бюджетдан ажратиладиган маблағларни тақсимлаш жараёнида фуқароларимиз иштирокини кенгроқ таъминланиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шунинг учун «Бюджет очиқлиги» нима, «Ташаббусли бюджет» аҳолига қандай имкониятлар беради, бюджет очиқлигини таъминлашда фуқароларнинг роли ва вазифалари нималардан иборат деган саволларга қуйидагича шахсий муносабатимизни билдириб ўтамиз:

биринчидан,  «бюджет очиқлиги» бу – бюджетга оид маълумотларнинг кенг жамоатчиликка  очиқлиги ва шаффофлигини таъминлайди;

иккинчидан, бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтиради;

учинчидан, бюджет очиқлиги тамойилларига асосланган ҳолда «ташаббусли бюджет» лойиҳаси орқали фуқароларимизни давлат бюджети маблағларини мақсадли сарфланишида фаол иштирок этишларига имконият яратади;

тўртинчидан, бюджет ҳисобидан қилинаётган харажатлар тўғрисидаги барча маълумотларни домимй равишда аҳолига расмий веб сайтлар орқали маълумот сифатида бериб бориши очиқлик сиёсатини таъминлайди.

Бироқ, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар томонидан айрим маҳаллий ҳокимият вакилларининг давлат бюджети ҳисобидан қилаётган харажатлари, қабул қилаётган қарорлари кескин эътирозларга, кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган эди. Баъзи ҳолатларда республикамизнинг айрим ҳудудларида давлат бюджети маблағларини энг муҳим ижтимоий муаммоларни ҳал этиш учун эмас, балки маҳаллий ҳокимият органларининг айрим мансабдор шахслари қарорлари асосида ўзлари танлаган лойиҳаларга йўналтирилаётган ҳолатлар учраб турибди. Бу эса аҳолида ҳақли эътирозларни келтириб чиқаришга сабаб бўлмоқда. Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида давлат бюджети соҳасини ислоҳ этиш жараёнида янги тизим жорий этила бошланди. Бу тизим «Очиқ бюджет» портали деб юритилади бошланди. Энди бу портал имкониятларига қисқача тўхталиб ўтсак.

«Очиқ бюджет» портали орқали корхона ва ташкилотлар, жумладан аҳолимизга давлат бюджетининг даромад ва харажатлари, давлат қарзи бўйича маълумотлар эълон қилиниб борилади. Шу билан бирга аҳолимизни бюджет ислоҳотларида фаол иштирок этиши учун электрон плафтормада «Ташаббусли бюджет» бўлими яратилган бўлиб, ушбу бўлим орқали юртдошларимиз ўзлари яшаб турган маҳаллаларнинг инфратузилмаларини яхшилаш, болалар ва спорт майдончалари, ички йўлларни қуриш, болалар боғчаси ҳамда мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш ҳамда бошқа масалалар бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, маҳаллий бюджетнинг тақсимланишида иштирок этишлари мумкин. Энг муҳими аҳолимиз давлат томонидан берилаётган бундай имкониятлардан тўғри фойдаланиши ва фаол иштирок этиши талаб этилади.

 Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги «Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги ПҚ-5072-сон қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга асосан 2022 йил 1 январдан эътиборан барча туман(шаҳар)ларда тегишли бюджетларнинг тасдиқланган харажатларининг 5 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилиши кўрсатиб ўтилди. Шу билан бирга 2021 йил 1 июлдан жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ажратиладиган туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағларининг энг кам миқдори аввалги 10 фоиздан 30 фоизга оширилди.

Хусусан, «Ташаббусли бюджет» жараёни маҳаллий бюджет маблағларини аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга, фуқароларнинг бюджет жараёни иштирокини таъминлашга ва аҳолининг ўзи истаган тадбирни амалга оширишга қаратилган жараён ҳисобланиб, бу жараён openbudget.uz портали орқали амалга оширилиши ва йилига 2 марта ўтказилиши белгилаб берилди.

Энди биз мамлакатимиздаги ташаббусли бюджетлаштириш жараёни тўғрисида айрим маълумотларга тўхталиб ўтсак. Бу жараён мамлакатимизда 2019 йилдан бошлаб амалиётда қўллана бошланди. 2021 йил натижаларига кўра ташаббусли бюджетлаштириш лойиҳаси доирасида 1600 га яқин лойиҳалар учун 407,1 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар ажратилди. 2022 йилга келиб аҳолининг «Ташаббусли бюджет» лойиҳасига бўлган қизиқиши кескин ортди.   

Таҳлилларга эътибор берадиган бўлсак, «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг 2022 йилдаги биринчи босқичида 6,7 миллионга яқин юртдошларимиз қатнашди. Улар томонидан ташаббусли бюджет бўйича 40,2 мингга яқин лойиҳаларга овоз берилиб, ундан 2215 та лойиҳа энг кўп овоз олган ҳолда молиялаштиришга тавсия этилди. Бунинг учун 1,1 трлн. сўмдан ортиқ маблағ ажратиладиган бўлди. Шу билан бирга Давлат раҳбарининг 2022 йил 7 апрелдаги ПҚ-197 сонли қарорига асосан ташаббусли бюджетлаштириш жараёнида 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 139 та лойиҳани амалга ошириш учун қўшимча равишда 85,4 миллиард сўм маблағ ажратилди. Мазкур имкониятдан энг кўп фойдаланган ҳудудлар сифатида Тошкент вилояти, Фарғона, Наманган ҳамда Сурхондарё вилоятларини мисол келтиришимиз мумкин. Бу ҳудудларда қайси маҳалланинг фуқаролар йиғини кўпроқ фаол бўлган бўлса, шу маҳалалардан кўрсатилган таклифлар ғолиб бўлган.  

Бироқ мазкур тизим мамлакатимизда янги жорий этилаётганлиги сабабли айрим камчиликлардан ҳам ҳоли бўлмади. Жумладан, овоз бериш жараёнида лойиҳа таклиф этилган жойда истиқомат қилмайдиган, маҳаллага умуман алоқаси йўқ фуқаролар ҳам овоз бериш ҳолатлари кузатилди. Бу ҳолат нисбатан аҳолиси оз бўлган ҳудудларни танловда ғолиб бўлиш имкониятларини кескин пасайтирди. Шу билан бирга узоқ қишлоқларда интернетни яхши ишламаслиги ҳамда аҳоли ўртасида яхши тарғибот қилинмаганлиги айрим лойиҳаларни етарли овоз олишда салбий таъсир кўрсатди. Бу ерда яна бир муҳим масала «Ташаббусли бюджет» лойҳасига келиб тушган таклифларнинг мазмунига қараб мамлакатимиз ҳудуларидаги ижтимоий соҳага оид қандай муаммолар бор эканлиги ҳамда уларнинг қайси вилоятларга қанчадан тўғри келиши борасида ҳақиқий ҳолатни билиш мумкин.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш мумкинки «Ташаббусли бюджет» бу биринчидан, аҳолини ижтимоий муаммоларини ечишнинг ягона йўли бўлмаса ҳам, бироқ бу лойиҳа аҳолимизни узоқ йиллардан бери қийнаб келаётган ижтимоий муаммоларни ҳал этишда ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилишни, жамоавий қарорлар қабул қилишни, биргаликда ҳаракат қилиб мақсадга эришиш технологияларини ўргатса, иккинчидан, жамоатчилик назоратини кучайишига, маҳаллий депутатларни фаоллашувига ҳамда аҳолини бюджет маблағларини очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида тақсимланишида фаол иштирок этиши ва давлат томонидан берилаётган имкониятлардан янада самаралироқ фойдаланишни ўргатади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг