Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Telegram»даги ўчириб юборилган ёзишмаларни қайта тикласа бўладими?

«Telegram»даги ўчириб юборилган ёзишмаларни қайта тикласа бўладими?

Қанча уринманг, фойдаси йўқ.

Фото: «Nashkomp.ru»

Тасодифан ёки атайлаб «Telegram»даги барча ёзишмалар тарихини ўчириб юбордингиз, бироқ у ерда сизга керакли нарсалар борлиги бирдан ёдингизга тушди… Энди эса уни қайта тиклаш керак. Бунинг учун нима қилиш лозим? Ахир кўплаб мессенжерларда бу каби функция мавжуд-ку. Бундан ташқари улар ёзишмалар тарихидан захира тарзида нусха олиб қўйиш имконини беради. «Telegram»да ҳам шундай қилса бўладими?

Ёзишмаларни қандай тиклаш мумкин?

Фойданувчиларнинг аксарияти мессенжернинг ўзида ушбу ишни бажариш имконсиз деб ҳисоблайди. Шунда улар «Telegram» ўрнатилган папканинг ичига кириб кўришади. Бироқ у ерда ҳам ёзишмалар тарихига боғлиқ файлларни топа олишмайди. Жаҳли чиққан фойдаланувчи қўллаб-қувватлаш хизмати билан боғланади. Шунда «Telegram» маъмуриятидан якуний хулоса тақдим этилади: «Telegram»да ўчириб юборилган ёзишмаларни қайта тиклашнинг иложи йўқ. Умуман!

Нега қайта тиклашнинг иложи йўқ?

Якуний изоҳни олган фойдаланувчини бошқа савол қийнай бошлайди: нега иложи йўқ?

Бунинг сабабларини қуйида келтириб ўтамиз:

  • «Telegram»ни яратишда асосий эътибор шахсий хавфсизликка қаратилган. Шунга мувофиқ, фойдаланувчига ўз ёзишмаларини бошқа ҳеч ким ўқий олмаслиги учун унга қайта тиклаш усулисиз ўчириб ташлаш ҳуқуқи берилган.
  • Барча ёзишмалар «Telegram»нинг марказий серверида сақланади. Шундай экан, улар ўша ердан ўчирилади — фойдаланувчининг қўлидаги қурилмадан эмас. Қайта тиклаш учун эса марказий сервердан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиш керак. Албатта, ҳеч ким оддий фойдаланувчига бу каби ҳуқуқни бермайди.

Ёзишмаларни қайта тиклашга қодир «сеҳрли» дастурлар

Баъзида интернет тармоғида «Telegram»даги ёзишмаларни қайта тиклаб берувчи дастурлар пайдо бўлиб қолади. Худдики, уни яратишда Дуровнинг шахсан ўзи иштирок этган. Буларнинг барчаси 100 фоиз хавфли дастурлар ёки «тоза» вирус ҳисобланади. Бу каби «сеҳрли» дастурлар аввалига фойдаланувчидан унинг телефон рақамини сўрайди (аккаунтига кириш учун) — шундан сўнг фойдаланувчи ҳисобидаги пуллар қаерга йўқолганини билмай ҳам қолади…

Ишонувчан фойдаланувчиларга яна бир бор эслатиб ўтамиз: «Telegram» мессенжерида ўчириб юборилган ёзишмаларни қайтаришнинг ҳеч қандай усули йўқ!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг