Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тил байрамлари: Қайси давлатда қачон белгиланган?

Тил байрамлари: Қайси давлатда қачон белгиланган?

Фото: «Marifat.uz»

2020 йил 10 апрель ўзбек миллати учун яна бир сана сифатида тарихда қоладиган бўлди. Айнан шу куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан «Ўзбек тили кунини белгилаш тўғрисида»ги қонун имзоланди. Муҳим аҳамиятга эга мазкур ҳужжат билан 21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.

Хўш, биз бу кунни кутдикми? Ёки саволни бошқа қўйиш мумкин: Бизга бу кун керакми? Менимча, керак. Ривожланиб бораётган замонамизда ҳамма инновацион технологиялар, замонавий атамалардан фойдаланишни, ўз фаолиятларини хорижий тиллардаги, аслида ўзбек тилида ҳам ҳамманинг эътиборини жалб қилишга арзийдиган номлари кўп, «ажойиб», эътиборни тортувчи, гўёки дунёга машҳур сўзлар билан номлашни истаётган бир пайтда жуда ҳам зарур. Худдики, мана шу билан иш юришиб кетади, харидор, мижоз кўпаяди, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар савдоси ортади.

Ушбу материалда тилнинг аҳамияти, унинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган омиллар ҳақида гапирмоқчи эмасмиз. Бу ҳақида кўп ва хўп гапирилмоқда. Бугунги мавзу қайси давлатларда қачон тил куни белгиланган, бунга қандай сабаблар туртки бўлган ва у қандай байрам қилинади?

Ҳар йили турли давлатларда, ҳар хил саналарда Она тили куни муносабати билан тилларни ҳимоя қилиш, ёш авлодда уларга ҳурмат руҳини уйғотиш ва тарбиялаш, ўз тилларининг янада кенгроқ тарқалишини таъминлашга қаратилган байрам тадбирлари ўтказилади. Чунки тил миллий ва маданий ўзига хослик ташувчиси ҳисобланади.

Масалан, 1999 йил 17 ноябрь куни ЮНЕСКО томонидан 21 февраль — Халқаро она тили куни деб эълон қилинган. Ва бу сана 2000 йилдан буён тил ва маданий хилма-хилликни ҳамда кўптиллиликни ривожлантириш мақсадида кенг нишонлаб келинади. Ўз навбатида БМТ Бош Ассамблеяси 2008 йилни Халқаро тиллар йили деб эълон қилган. Бу сананинг эълон қилинишига 1952 йил 21 февраль куни Даккада (Бангладеш пойтахти) содир бўлган воқеа сабаб бўлган. Шу куни намойишга чиққан талабалар ўз она тили – бенгал тилини мамлакатнинг давлат тилларидан бири сифатида тан олишларини сўраган ва полиция томонидан узилган ўқлардан бир неча талаба ҳалок ҳам бўлган.

Эстонияда 1996 йилдан буён 14 март Она тили куни сифатида кенг нишоналанди. Ушбу сана эстон адабий тили ривожланишига муносиб ҳисса қўшган ёзувчи ва шоир Кристьян Яак Петерсон туғилган куни (1801–1822) шарафига эстон халқи, тили ва маданиятини асраб-авайлаш мақсадида белгиланган. Сана муносабати билан бутун мамлакат бўйлаб давлат байроғи кўтарилади.

Француз тили куни Бирлашган миллатлар ташкилотининг бошқа тиллари қаторида 2010 йилдан буён нишонлаб келинади. Бундай алоҳида сана белгиланишига БМТ ташаббус кўрсатган. Француз тили куни сифатида 20 март танлангани бежиз эмас. Чунки айнан мана шу куни Халқаро франкофония куни нишонланади. Франкофония – 58 давлат ёки давлатнинг бир қисмини бирлаштирган дунёнинг франуз тилли давлатлари ҳамкорлиги ташкилоти. Шунингдек, 26 кузатувчиси мавжуд. Мазкур ташкилот 1970 йилдан буён фаолият кўрсатади. Француз тили БМТ тилларидан бири бўлиш билан бирга дунё маданий қадриятларидан бири ҳам бўлиб қолмоқда. Чунки айнан мана шу тилда Вольтер, Дидро, Гюго, Дюма, Бальзак, Рабле каби жаҳонга машҳур шахслар гапиришган ва ижод қилишган.

1978 йилдан буён ҳар йили 9 апрель куни маърифатпарвар Микаэль Агрикола шарафига Фин тили куни нишонланади. Агрикола ёзма фин тили яратилишига улкан ҳисса қўшган. 1543 йил у биринчи фин алифбосини яратади. Шу йил фин ёзма тилининг туғилган йили ҳисобланади. Бу кун Финландияда дам олиш куни ҳисобланади, лекин 1980 йилдан бошлаб байрам муносабати билан давлат байроғи кўтарилади. 

Хитой тили куни ҳам БМТнинг бошқа тиллари қатори 2010 йилда белгиланган. 20 апрелда нишонланадиган бу сана хитой ёзув асосчиси Цан Цзе хотирасига бағишланади. Афсоналарга кўра, у император Хуан Ди саройида тарихчи бўлган ва хитой иероглифлари асоси — пиктограмлар тўпламини ишлаб чиққан. Хитой ёзуви нафақат дунёдаги энг қийин ёзувлардан бири, балки хитой тили ҳам ер юзидаги қадимий тиллардан бири ҳам ҳисобланади. Унинг бутун бойлигини тасвирлаб бериш учун 80 мингга яқин иероглифдан фойдаланилади. Кундалик мулоқотлар учун эса 3-5 минг белгини билишнинг ўзи кифоя.

БМТ тилларидан бири бўлган Инглиз тили куни ҳам 2010 йилдан буён 23 апрель — «Ромео ва Жульетта», «Отелло», «Қирол Лир» каби асарлари билан танилган буюк инглиз шоири, ёзувчиси, дунёга машҳур драматург Уильям Шекспир туғилган кунда нишонланади. Инглиз тилида сўзлашувчилар англофонлар дейиларкан.

БМТ тилларидан яна бири Испан тили куни ҳам 2010 йилдан буён испан ёзувчиси Мишель де Сервантес вафот этган кун 23 апрель куни нишонланади.

ЮНЕСКО БМТнинг расмий тилларидан бири ҳисобланган Рус тили кунини ҳам нишонлаш ташаббуси билан чиққан. Мазкур кунни байрам қилиш учун Александр Пушкин туғилган сана — 6 июнь танланган.

Гейдар Алиевнинг 2001 йил 9 авустдаги «Озарбайжон алифбоси ва тили кунини таъсис қилиш тўғрисида»ги қарорига кўра Озарбайжон алифбоси ва тили куни байрам қилиб келинмоқда.

1998 йил 20 январдаги Президент қарори билан Қозоғистон халқлари тиллари куни  сентябрь ойининг учинчи якшанбасида нишоналади. Лекин бир кунда ўнлаб халқларнинг бу йўналишдаги ютуқларини кўрсатиб бўлмайди, шу сабабли ҳам республика вилоятларида ҳафталик, ўн кунлик, ойлик тиллар фестиваллари ўтказилади. 2007 йидан бошлаб Қозоғистонда иш юритиш тўлиқ давлат тилида олиб борилмоқда. Ва давлат тилини мукаммал билиш ҳар бир қозоғистонлик учун заруратга айланди.

Қирғиз давлат тили куни ҳар йили 23 сентябрь — «Қирғизистон ССР давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинган кунда нишонланади.

Н.Абдуллаев,
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари
ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири маслаҳатчиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг