Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Трампнинг саломатлиги борасида яна “узунқулоқ” гап тарқалди

Трампнинг саломатлиги борасида яна “узунқулоқ” гап тарқалди

Фото: AP

Европа Иттифоқи сиёсатчилари АҚШ президенти Дональд Трампнинг саломатлиги ҳамда давлат раҳбари сифатида масъулиятни нечоғли ҳис этаётгани масаласини фаол муҳокама қилмоқда. TRT канали Politico нашрига таяниб хабар беришича, Оқ уй етакчисининг соғлиғи масаласи унинг Европа ва НАТОга қарши баёнотлари ортидан яна кун тартибига чиққан. 

ЕИ етакчилари Трампнинг Гренландияга даъволари сабаб 22 январь куни ошиғич равишда саммит ўтказган. Ўша машваратда Словакия бош вазири Роберт Фицо европалик ҳамкасбларига  Трамп билан 17 январь куни Мар-а-Лаго қароргоҳида бўлиб ўтган учрашуви таассуротларини сўзлаб берган.

Европалик дипломатларга кўра, Фицо Трампнинг ҳолатини хавотирли ва хавфли деб баҳолаган. Словакия етакчиси АҚШ президентининг саволларга жавоб қайтариши ва фикрини бир жойга жамлаши юзасидан хавотир изҳор қилган.

Ушбу сўзлар Роберт Фицонинг расмий позицияси инобатга олинганда ишончли туюлади. Чунки у Европада Трампга ўта мойил бўлган сиёсий етакчилардан бири ҳисобланади.

АҚШга ташрифдан кейин Роберт Фицо ижтимоий тармоқларда Трамп шаънига илиқ фикрлар айтган. Аммо ёпиқ эшиклар ортидаги муносабати жамоатчиликка берилган баёнотдан фарқ қилишини кўрсатади.

Оқ уй Politico нашри мақоласини рад этган ва Трампнинг саломатлиги ҳақидаги хавотирларни асоссиз деб атаган. Фицонинг ўзи ҳам Politico версиясини инкор қилган.

Ҳар нима бўлганда ҳам Европада АҚШнинг иттифоқчилиги борасида хавотирлар ортиб бормоқда. ЕИ бош дипломати Кая Каллас эндиликда АҚШ Брюссель учун устун мавқега эга эмаслиги, Европа ўз хавфсизлиги учун масъулиятни дадил зиммасига олиши кераклигини таъкидламоқда. 

Умр вафо қилса, жорий йил июнь ойида 80 ёшни қаршилайдиган Трамп сўнгги вақтларда давлатлар номлари, жуғрофий атамалар борасида бир неча бор хатоликка йўл қўйди.

“Биз Камбоджа ва Арманистон ўртасидаги зиддиятни тўхтатдик. У эндигина бошланган ва жуда ёмон ихтилоф эди. Буни ўйлаб кўринглар”, – деган эди Трамп 2025 йил 20 сентябрь куни Cornerstone институти ташкил этган тадбирдаги чиқишида.

2025 йил июль ойида эса Либерия президенти Жозеф Боакайнинг инглизчада мукаммал гапиришидан ҳайратга тушган Трамп ундан бунчалик чиройли гапиришни қаерда ўрганганини сўраган. Яъни АҚШ етакчиси Либерияда давлат тили инглиз тили эканини ё билмаган, ёки унутган.

Трампнинг бу каби хатолари ортидан ижтимоий тармоқларда унинг ақлий салоҳияти борасида саволлар янграмоқда.

2025 йил август ойида ижтимоий тармоқларда Трамп вафот этгани ҳақида миш-миш тарқалган ва кейинроқ у рад этилган эди.

Оқ уй тиббий ҳисоботида АҚШ президентида веноз етишмовчилиги ташхиси қайд этилгани маълум. Оммавий ахборот воситалари Трампнинг қўли кўкарганини ҳам фаол муҳокама қилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг