Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Васиятнома фақат мол-мулкка эмас, инсон тақдирига ҳам дахлдор

Васиятнома фақат мол-мулкка эмас, инсон тақдирига ҳам дахлдор

Фото: «Инсон ва қонун»

Орамизда ҳали ота ёки онасининг қабри совумай туриб, мерос талашадиган, муросага келолмай юзкўрмас бўлиб кетадиган ака-укалар, опа-сингиллар ҳам учраб туради. Бундай нохушликлар рўй бермаслиги эса кўп жиҳатдан ота-онага боғлиқ. Агар улар ҳаётлик чоғида васиятнома ёзиб қолдирса, мерос масаласида можаро келиб чиқмайди.  

Қонун нуқтаи назаридан фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқни вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф этилади. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди. У ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда шахсан тузилади. Нотариал тасдиқланган ва уларга тенглаштирилган васиятномалар ёзма шаклда тузилган саналади.

Васият қилувчи фуқаролик салоҳиятига тўлиқ эга бўлиши, яъни ўз хатти-ҳаракатларининг аҳамиятини тушуниши ва уларни бошқара олиши лозим. Шунингдек, васиятнома матни васият қилувчи томонидан ёзилиб, нотариусга шахсан тақдим этилган ёки унинг сўзларидан нотариус ёзиб олган бўлиши керак. Нотариус бу ҳужжатни тасдиқлаш чоғида васият қилувчидан унинг васият қилинаётган мол-мулкка бўлган ҳуқуқини исботловчи ҳужжатларни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Ёзма васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши, исми, фамилияси ва отасининг исми тўлиқ ёзилиши, шунингдек, ёзилган жойи ва вақти кўрсатилиши шарт. Уни тасдиқлашда васият қилувчининг илтимосига биноан гувоҳлар иштирок этишлари мумкин. Айни ҳолатда васиятноманинг ҳар икки нусхасига бу ҳақда ёзиб қўйилади.

Васият нотариус томонидан ёзиб олинган тақдирда васият қилувчи васиятномани имзолашдан олдин унинг матнини нотариус олдида тўлиқ ўқиб чиқиши лозим. Агар у жисмоний нуқсони, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани шахсан ўқий олмаса, матнни нотариус ўқиб эшиттиради. Сўнгра буни васиятномада қайд этиб, васият қилувчи васиятномани шахсан ўқий олмагани сабабларини кўрсатади. Агар васият қилувчи жисмоний нуқсони, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ёки қонунга мувофиқ васиятномани тасдиқлайдиган бошқа шахс ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганининг сабабларини кўрсатган ҳолда васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин.

Қуйидагилар васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаши мумкин эмас:

нотариус ёки васиятномани тасдиқловчи бошқа шахс;

васиятнома кимнинг фойдасига тузилган ёки кимга нисбатан васият мажбурияти юклатилган бўлса, ўша шахс, унинг эри (хотини), болалари, ота-онаси, неваралари ва чеваралари, шунингдек васият қилувчининг қонун бўйича меросхўрлари;

тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаган фуқаролар;

саводсизлар ва васиятномани ўқий олмайдиган бошқа шахслар;

ёлғон гувоҳлик берганлик учун муқаддам судланган шахслар.

Қуйидаги васиятномалар нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилади:

1) шифохоналар, госпиталлар, бошқа стационар даволаш муассасаларида даволанаётган ёки қариялар ва ногиронлар уйларида яшаб турган фуқароларнинг ана шу шифохоналар, госпиталлар ва бошқа даволаш муассасаларининг бош врачлари, уларнинг даволаш ишлари бўйича ўринбосарлари ёки навбатчи врачлари, шунингдек госпиталларнинг бошлиқлари, қариялар ва ногиронлар уйларининг директорлари ёки бош врачлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

2) фуқароларнинг Ўзбекистон байроғи остидаги кемаларда сузиб юрган вақтидаги ана шу кемаларнинг капитанлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

3) қидирув экспедициялари ёки шу каби бошқа экспедициялардаги фуқароларнинг ана шу экспедициялар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

4) ҳарбий хизматчиларнинг, нотариуслар бўлмаган ерларда жойлашган ҳарбий қисмларда эса бу қисмларда ишлаётган ҳарбий бўлмаган фуқаролар, уларнинг оила аъзолари ва ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ҳам ҳарбий қисмларнинг командирлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

5) озодликдан маҳрум этиш жойларида ёки қамоқда сақланаётган шахсларнинг тегишли муассасалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

6) нотариус бўлмаган аҳоли пунктларида яшаётган шахсларнинг қонунга мувофиқ нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслар томонидан тасдиқланган васиятномалари.

Васият қилувчининг хоҳиши билан васиятнома нотариус томонидан унинг мазмуни билан танишиб чиқилмасдан ҳам (махфий васиятнома) тасдиқланади. Махфий васиятномани васият қилувчи ҳақиқий саналмаслик хавфи остида ўз қўли билан ёзиши ва имзолаши лозим. Сўнгра васиятнома икки гувоҳ ва нотариус иштирокида хатжилдга солинади ва хатжилд елимланади. Гувоҳлар ўз фамилияси, исми, отасининг исмини ва доимий тураржойини кўрсатган ҳолда хатжилдга қўл қўядилар. Гувоҳлар имзолаган хатжилд уларнинг ва нотариуснинг иштирокида бошқа хатжилдга солинади ва бу хатжилд ҳам елимланади, унга нотариус тасдиқлаш устхатини ёзиб қўяди.

Маъруфжон Ойдинов,

ҳуқуқшунос

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг