Хитой университетларида 12 мингдан зиёд мутахассислик тугатилди – сабаб маълум
Хитой олий таълим тизимида сўнгги йиллардаги энг йирик ислоҳот амалга оширилмоқда. Унга мувофиқ, академик дастурлар рўйхати сунъий интеллект билан боғлиқ мутахассисликлар фойдасига оммавий равишда қайта кўриб чиқилмоқда.
Southern China Morning Post нашри ёзишича, мамлакатда 2021 йилдан 2025 йилгача 12,2 мингга яқин бакалавриат дастури ёпилган ёки вақтинчалик тўхтатилган.
Ўқув дастурларидан, жумладан, хорижий тиллар, гуманитар фанлар, менежмент ва ижодий касблар билан боғлиқ бўлган қатор йўналишлар чиқариб ташланди. Автоматлаштириш ва сунъий интеллект технологияларининг фаол жорий этилиши фонида мазкур соҳалар мутахассислар билан тўйинган ва талаб кам бўлган йўналишлар сифатида қаралмоқда.
Ёпилган йўналишлар ўрнига сунъий интеллект, робототехника ва маълумотлар таҳлили бўйича 10 200 га яқин янги дастур очилди.
Ўзгаришлар мамлакатдаги олий таълим дастурларининг 30% дан ортиғини қамраб олди.
Меҳнат бозоридаги вазият ҳам ислоҳотлар учун қўшимча туртки бўлди. Хитой расмийларига кўра, ёшлар ўртасидаги ишсизлик даражаси 16% дан ошади, бу эса таълим тизимига бўлган босимни янада кучайтирмоқда.
Бўшаган ўринларни стратегик технологик тармоқларга йўналтирилган янги мутахассисликлар эгалламоқда. Хусусан, қатор университетлар аллақачон сунъий интеллектни робототехника, саноат ва муҳандислик мажмуаларига интеграция қилиш билан боғлиқ йўналишларга оид дастурларни ишга туширди.
Иқтисодий кўрсаткичлар бўйича Хитой дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринни сақлаб қолмоқда. 2024 йил якунларига кўра, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 18,4 триллион долларни ташкил этди. ЯИМнинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган миқдори 13,1 минг долларга тўғри келди.
Сунъий интеллект технологиялари шиддат билан ўсиб бораётган паллада Хитой жамиятнинг ҳаётининг барча йўналишлари, жумладан, таълимни СИ тараққиётига мослаштиришга уринмоқда.
АҚШ турли соҳалар қатори сунъий интеллект йўналишида ҳам Хитой билан аёвсиз рақобат қилмоқда. Al Jazeera таҳлилларига кўра, сунъий интеллект соҳасидаги пойгада Вашингтон илғор яримўтказгичлардан фойдаланиш имконияти бўйича Пекиндан устунлик қилмоқда. Аммо сунъий интеллект чипларидан фойдаланувчи улкан маълумотларни қайта ишлаш марказларини энергия билан таъминлаш масаласига келганда, Хитой яққол устунликка эга.
Кучли рақобат муҳитида Meta, Alphabet, Microsoft, Amazon каби техногигантлар сунъий интеллект равнақи учун юз миллиардлаб доллар сармоя киритмоқда.
Microsoft ўтказган тадқиқот натижалари кўра, генератив сунъий интеллект таржимонлар, тарихчилар, ёзувчилар, муҳаррирлар каби ахборот, ёзув ишлари ва коммуникация билан боғлиқ касблар эгалари истиқболига таҳдид солмоқда.
Таҳлилчилар сунъий интеллект бой ва камбағал давлатлар ўртасидаги тафовутни янада чуқурлаштириши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter