Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хоразм ва Андижонда тузалган 21 бемор ҳақида маълумот берилди

Хоразм ва Андижонда тузалган 21 бемор ҳақида маълумот берилди

Шу соатларда юртимизнинг яна икки ҳудуди — Хоразм вилоятида 14 нафар, Андижон вилоятида 7 нафар, жами 21 нафар бемор бутунлай соғайиб, реабилитацияга кузатилди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Хоразмда тузалганларнинг барчаси Россиядан чартер рейс билан олиб келинган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, шифохонага жойлаштирилган. Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, Наманган ва Самарқанд вилоятларидан 3 нафардан, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 2 нафардан, Бухоро ва Жиззах вилоятларидан 1 нафардан. Уларнинг 11 нафари эркак, 3 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 81 ёшли отахон бўлса, энг ёши кичиги 16 ёш. Вилоятда шу пайтга қадар 153 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 167 нафарга етди.

Андижонда дарддан фориғ бўлганларнинг барчаси ушбу вилоятдан (5 нафари Андижон шаҳридан, 2 нафари Хўжаобод туманидан) бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Уларнинг 5 нафари эркак, 2 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 53 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 15 ёшда. Вилоятда шу пайтга қадар 126 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 133 нафарга етди.

Шундай қилиб, бугуннинг ўзида 76 нафар бемор тузалиб, мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 1577 нафарни ташкил этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда юртимизда коронавирус аниқланганлар сони 2231 нафарни ташкил қилиб, соғайган ва вафот этганлардан ташқари, жами 644 нафар бемор даволанмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг