Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Янги қонун қабул қилинди. Нималар ўзгаради?

Янги қонун қабул қилинди. Нималар ўзгаради?

Ўзбекистон Президенти томонидан «Айрим давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун имзоланди.

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш тўғрисидаги 612-модда билан тўлдирилди. Бу ҳақда сайтимизга Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Унга кўра ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш оз миқдорни ташкил этса — энг кам иш ҳақининг беш бараваригача миқдорда жарима солинади.

Ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш кўп бўлмаган миқдорни ташкил этса — энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Устав фондида давлат улуши бўлмаган корхона, муассаса, ташкилотларнинг мол-мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш фақат мазкур корхона, муассаса, ташкилотлар раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра жавобгарликка сабаб бўлади.

Бундан ташқари, Оила кодексининг 40-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилди: «Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак».

Ушбу кодекснинг 218-моддаси қуйидаги қисм билан тўлдирилди: «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини ариза берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак».

Шу билан бирга, Олий Мажлиснинг 2001 йил 12 майдаги «Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхатига вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳарбий хизматчилари ҳамда ходимларининг тасдиқланган намунадаги формали кийим-боши савдоси бўйича фаолият ҳам киритилди.

«Гаров тўғрисида»ги қонун суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда гаровдаги мол-мулкни реализация қилиш бўйича кимошди савдолари қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва шартларда электрон онлайн-аукцион шаклида ўтказилиши тўғрисидаги қисм билан тўлдирилди.

Шунингдек, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга жисмоний ёки руҳий мажбурлаш ёхуд қўрқитиш бўйича алоҳида модда киритилди.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 474 ва 475-моддалар, яъни вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш тўғрисидаги моддалар билан тўлдирилди. Меҳнат кодексининг 164-моддаси тўртинчи қисм билан тўлдирилган бўлиб, унда «Ушбу модданинг учинчи қисмида белгиланган чеклов алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазо тайинланган ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолишга нисбатан татбиқ этилмайди. Бундай ҳолларда жазо ва алимент мажбуриятлари бўйича қарздорлик учун ушлаб қолинадиган ҳақнинг миқдори етмиш фоиздан ортиб кетмаслиги лозим» деб белгилаб берилди.

«Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги қонунга 151-модда, яъни давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахсларини уй-жой билан таъминлаш тўғрисидаги модда киритилди. Яъни давлат солиқ хизмати органларининг уй-жой олишга ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож деб топилган мансабдор шахслари белгиланган тартибда уй-жой олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди.

Оила кодексининг 99-моддасига киритилган ўзгартишларга аҳамият бериш лозим.

Унда ота-она вояга етмаган болаларига тўлайдиган алимент миқдори белгиланган бўлиб, олдинги таҳрирга кўра ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан кам бўлмаслиги лозимлиги белгилаб қўйилган эди.

Эндиликда юқоридаги қонун билан ушбу модданинг иккинчи қисмидаги «учдан бир қисмидан» деган сўзлар «етмиш беш фоизидан» кам бўлмаслиги белгилаб қўйилди.

Шунингдек, «Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар бола вояга етгунига қадар бўлган давр учун, шу жумладан кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашёни бериш йўли билан олдиндан тўланиши мумкин» эканлиги тўғрисидаги қисм билан тўлдирилди.

Қолаверса, мазкур кодексга киритилган ўзгартишга кўра вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, шахс алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш мажбуриятидан озод этилади.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг